“Лекториум”: Қариндошларимиз ким? Тил орқали жавоб излаймиз
Газета ва ъЯнги Ўзбекистонъ университети ҳамкорликда бошлаган ъЛекториумъ лойиҳасининг илк маърузасида тилшунос Элдор Асанов туркий тилларнинг келиб чиқишига оид энг қизиқарли илмий ва ғайриилмий фаразларни таҳлил қилди. Шунингдек, олим қиёсий-тарихий тилшунослик соҳаси қандай ишлашини тушунтирди.

Газета ва “Янги Ўзбекистон” университети ўзаро ҳамкорликда бошлаган “Лекториум” лойиҳасининг илк очиқ маърузасида тилшунос ва антрополог олим, Фанлар академиясининг Антропология институти бўлим бошлиғи Элдор Асанов иштирок этди. Олим туркий тиллар тарихи ва уларнинг келиб чиқишига оид энг қизиқарли илмий ва ғайриилмий фаразларни таҳлил қилди. Шунингдек, у ўзининг тор мутахассислигига оид қиёсий-тарихий тилшунослик — компаративистика соҳаси қандай ишлашини батафсил тушунтирди.
Газета ва “Янги Ўзбекистон” университетининг ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаси бўлиб, барча учун бепул онлайн ва офлайн маърузалар сериясини ташкил этишни назарда тутади.
Ассалому алайкум, ҳурматли дўстлар. Маърузани бошлаймиз. Gazeta.uz бошлаган лойиҳада мендан ўзимнинг торроқ мутахассислигимга оид маъруза ўтиб беришни сўрашди. Бизга ажратилган вақт бир соатни ташкил этади.
Маърузада ёритиш учун мен қиёсий-тарихий тилшунослик — компаративистика соҳасини танладим. Шунингдек, унга ёндош бўлган бошқа баъзи соҳалар ҳақида ҳам гаплашамиз, масалан, глоттохронология ҳақида. Глоттохронология тилнинг яшаш даврини англатади. Бу генетикага ўхшаган фан бўлиб, ҳатто гуманитар фан эмас, аниқ фан ҳисобланади. У ҳақида ҳам ҳозир гаплашамиз.
Ўзи эътибор берсангиз, тилларда ўхшашлик кўп. Масалан, ўзбек тили билан рус тилида ўхшаш сўзлар учраб қолади, инглиз тили билан ўзбек тилида ҳам ўхшаш сўзларни учратиб қоласиз. Ана шундай вазиятларда одамда қариндошлик ҳақидаги фикрлар туғилади.
Ўзимдан мисол келтираман: қишлоғимда бир қўшним “мен минг деган уруғданман, Хитойда эса минг деган сулола ҳукм сурган экан. Демак, ўша сулола бизларданми”, деб савол берганди. Сўзнинг ўхшашлиги қўшнимда бир параллелни келтириб чиқарганди. У тилшуносликдан жуда узоқ бўлган одам, битта ўхшаш сўзни деб шунақа хулоса қиляпти.
Орамизда тилшуносликка жуда қизиқиб кетадиган одамлар ҳам бор, улар миллионта параллел топиб, турли хулосалар чиқаради. Масалан, мана бундай хулосани эшитган бўлсанглар керак: дунёдаги энг қадимги ёзма тил, 6000-йиллик тарихга эга шумер тили ҳисобланади. Шумер тилини туркий тиллар билан қариндош деб ҳисобловчилар кўп. Бунинг сабаби мазкур тилларда ўхшаш сўзлар кўплигида.
Масалан, одамлар шумер ва туркий тиллар орасида ота, она, тангри каби юзлаб параллеллар топишган.
Лекин 5 та ёки 100 та ёки 300 та сўз қариндошликни кўрсатадими йўқми? Нима деб ўйлайсиз? Агар титкилаб кўрсангиз, фақатгина шумер тилидан эмас, бошқа тиллардан ҳам ўхшашлик топишингиз мумкин. Масалан, мен яқинда ўйлаб қолдим, аввал ҳеч эътибор бермаган эканман. Инглиз тилида ҳам бизнинг тилимиздагига жуда бир ўхшаш сўз бор экан: Ҳўкиз деган сўз, инглиз тилида “ох”.
Агар ҳўкиз сўзининг қадимгироқ шаклини кўрсангиз, у öкüз бўлади, бошидаги “ҳ” тушиб қолганидан кейин “ох”га яна ҳам яқинлашади. Бундан қандай хулоса қилиш мумкин? Ўзбек тили ва инглиз тили қариндош деган хулоса қилиш мумкинми? Баъзилар мана шунақа хулосалар қилади. Бунга илм-фан нима дейди? Шу саволга компаративистика жавоб беради, яъни қиёсий-тарихий тилшунослик.
Қадимдан одамлар орасида тилларни бир-бирига қиёслаш мавжуд бўлган. Масалан, юнон, хитой манбаларида фалончи халқнинг тили бу халқнинг тилига ўхшайди, лекин бироз фарқ қилади, бир-бирини тушунади ёки тушунмайди деган маълумотлар бор. Тилларни тизимли қиёслаб ўрганиш эса ХИХ асрда бошланди.
ХИХ асрда нима бўлди? Европа империялари бутун дунёни эгаллади, мустамлака қилди, параллел равишда эса дунёни ўрганиш бошланди. Антропологлар, шарқшунослар Африка, Америка, Осиё халқларини, уларнинг тилларини ўргана бошлади. Ўшанда европалик тилшунослар бир нарсага эътибор беради: Ҳиндистоннинг қадимги тили — санскрит юнон тилига жуда ҳам ўхшаш экан ёки лотин тилига жуда ҳам ўхшаш экан. Бу уларни ҳайрон қолдиради.
Мен соддароқ тушунтиряпман, лекин ўхшашлик яққол кўриниб турибди. Бу ерда бир қанча сўзлар мисол келтирилган.
Демак, санскритни ўрганиш жараёнида уни юнон, лотин тилларига қиёслаб, ўхшашлигини кашф қилишади. Ундан кейин бир-биридан шу даражада узоқ тиллар ҳам бир-бирига қариндош бўлиши мумкин, қариндошлик минг йиллар давомида сақланиши мумкин деган хулосага келишади ва ҳинд-европа тиллари оиласи ҳақида тушунча пайдо бўлади. Унгача Европа тиллари дейилар эди. Санскритдан бошлангани учун ёнига ҳинд сўзи ҳам қўшилади.
Ундан кейин бошқа тил гуруҳларини ўрганишади, эроний тиллар бор, кейин Анатолия тиллари бор, хетт тили, лувия тили ва ҳоказо. Марказий Осиёдан, Хитойдан, Тохар тилининг ёзма манбалари топилади, у ҳам ҳинд-европа тили бўлиб чиқади. Хуллас, конкрет ўхшашликлар топилади, шу асосда ҳинд-европа тиллари оиласи ажратилади ва қиёсий-тарихий тилшунослик пайдо бўлади.
Тилларни бир-бирига қиёслаб, ўхшашлик топиш модага айланади. Лекин мен боя айтганимдек, минг деган сўзни Мин сулоласи номига ўхшашлиги каби эмас, тизимли, илмий қиёслаш бошланади. Тизимли, илмий қиёслаш қанақа бўлади? Мен мисол келтирган аканинг муаммоси нима? Гап шундаки, у ҳозирги ўзбек тили билан минг йил олдинги, дейлик, хитой тилидаги бир сўзни оляпти.
Қиёсий тилшуносликнинг асосий принсипи шундан иборатки, унда ҳар бир тилнинг энг қадимги варианти олиниши керак. Энг қадимги бизга маълум бўлган варианти қиёсланиши керак, чунки ҳар авлодда тил алмашиб, ўзгариб боради. Шунинг учун бугунги ҳинд тили билан бугунги юнон тили қиёсланмайди, санскрит билан қадимги юнон тили қиёсланади, чунки улар бир-бирига яқин.
Агар Веда санскритини (3500-йил) ва қадимги юнонни (3000-йил) оладиган бўлсак, уларнинг орасида 500 йил фарқ бор. Нисбатан бир-бирига яқин. Агар юнон ва бугунги ҳинд тилини олсак, уларнинг орасида қанча фарқ бўляпти? 3500−4000-йил фарқ бор. Улар мутлақо бир-биридан узоқлашиб кетган бўлиши мумкин. Мана шундай принсип асосида ўрганиш натижасида ҳақиқатдан қариндош тиллар аниқланди ва тилшуносликда тил оилалари деган мода пайдо бўлди. Тилларни гуруҳларга, гуруҳларни оилаларга бирлаштириш ўзига хос урфга кирди.
Тил оилалари мактабда ҳам ўтилган, тўғрими? Энг камида она тили дарсида ўзбек тили туркий тиллар гуруҳига киради ва бу гуруҳ Олтой тиллари оиласига киради деб ўргатилган. Ҳатто мана шунда ҳам муаммо бор аслида, унга кейинроқ тўхталамиз. Ҳинд-европадан бошладик, улар энг яхши ўрганилган тиллар. Энг яхши ўрганилганига сабаб эса тушунарли: тилшунослик фан сифатида Европадан бошланяпти, европаликлар биринчи ўринда ўзига қизиқ бўлган тилларни ўрганади.
Ундан кейинги ўринда қайси тиллар деб ўйлайсиз? Ундан кейинги ўринда семит тиллари келади. Улар сом, сомий тиллари деб ҳам айтилади. Семит тиллари таркибига биз билган бир қанча машҳур тиллар киради, масалан, араб, иврит, яҳудий тили деймизми, иброний тили деймизми, ҳар хил номлар билан аталади. Шунингдек, аккад тили бор, сурёний тили бор ва бошқа кўплаб тиллар бор. Улар иккинчи ўринда ўрганилди.
Иккинчи ўринда деганим кейинроқ ўрганилди эмас, уларга иккинчи навбатда эътибор қаратилди. Асосий эътибор ҳинд-европа тилларига, ундан кейин эса семит тилларига берилди. Сабаби, биринчидан, муқаддас китоблар семит тилида. Қуръон араб тилида, Библияни оладиган бўлсак, Қадимги Аҳд қисми иброний тилида. Бундан ташқари, сурёний, оромий тилларида кўплаб диний китоблар мавжуд.
Шунинг учун, табиийки, мусулмонларга, христианларга, яҳудийларга семит тиллари қизиқ эди. Бундан ташқари, яна бир муҳим жиҳати — дунёдаги энг қадимги ёзма тиллар ҳам семит тиллари. Энг қадимгиси шумер дедик. Шумер тахминан 6000-йиллик тарихга эга бўлса, тахминан милоддан аввалги учинчи минг йилликдан бошлаб аккад, семит тилида гапирувчи аккад халқи Месопотамияда жойлашади, шумер миххатини ўзлаштиради ва аккад тилида ёза бошлайди.
Аккад тили ҳам семит тили, лекин бошқа тиллардан бироз фарқ қилади, чунки жуда қадимий тил. Демак, семит тиллари ўрганилди ва улар гуруҳлаштирилди. Ундан кейин семит тилларининг ҳам қариндошлари топилди. Семит тилларининг энг яқин қариндоши қадимги Мисрдаги тил. Ўша Миср иероглифлари билан ёзилган Миср тили семит тилларининг яқин қариндоши.
Бундан ташқари, бербер тиллари яна бошқа тиллар бор. Улар афроосиё тиллари деб битта оилага бирлаштирилди. Шундай қилиб иккита оила пайдо бўляпти. Ундан кейин бошқа тилларни ўрганишни бошлашди ва яна бир қанча тил оилалари ажратилди, лекин улар ҳали кам ўрганилганди, ўзига хос хусусиятлари яхши маълум эмасди, луғати, этимологияси ишлаб чиқилмаганди.
Ана ўша вақтда немис тилшуноси Макс Мюллер битта таснифни таклиф қилади ва бу тасниф сизга таниш — Турон тиллари. Турон тиллари деган каттакон тил оиласи ажратилади. Бу тушунча ХИХ асрда пайдо бўлади. Ном ўз-ўзидан тушунарли: Марказий Осиё, Эрон, турк мифологиясидан, Шоҳномадан олиняпти. Чунки Эрон деганда улар кўпроқ ҳинд-европани тушуниб, Эроннинг душманларини Турон, ҳинд-европа тиллари бўлмаган бошқа тиллар деб ажратиб қўйяпти.
Қаранг — Урал-Олтой, Олтой ичида туркий тиллар ҳам бор ва унга қариндош қилиб қўйилган тилларни қаранг: Дравид, Тибет-Бирма, Тай-Кадай (Таиланддаги тиллар), Малай (Малайзия, Индонезиядаги тиллар). Шу даражада катта оила ажратилган. Бу оиланинг ажратилишининг сабаби нима?
Боя айтганимдек, улар яхши ўрганилмаган, лекин бу тилларга хос бўлган битта хусусият бўлган — агглютинация. Агглютинация дегани грамматик маънони қўшимча ёрдамида ифодалаш. Масалан, рус тилида ёки инглиз тилида грамматик маънони кўпинча предлоглар билан беришади, тўғрими? “В”, “на”, “под” каби. Инглиз тилида ҳам шунга ўхшаш.
Ўзбек тилида предлоглар категория сифатида мавжуд эмас. Биз кўпинча замонни ҳам, шахсни ҳам, жойлашувни ҳам қўшимчалар билан ифодалаб кетамиз. “Мактабимиз” — битта сўзда қўшимча ёрдамида мактаб бизга тегишлилигини ифодалаймиз. Лекин рус тилида шунақа дея олмаймиз. “Наша школа” дейишимиз керак. Иккита сўз бўляпти. Мана шу агглютинация бўлади ва Урал-Олтой, дравид ва бошқа тилларни кузатгандан кейин булар ҳаммаси битта умумий оила бўлса керак, келиб чиқиши умумий бўлса керак деб, улар турон тиллари деб ажратишган.
Бу бизга нима учун қизиқ? Мана шу турон деган ном кейинчалик бизнинг зиёлиларимизга бошқача таъсир кўрсатади ва улар ўзларини турли назарияларига шу номдан илҳом топади. Ваҳоланки, Европада турон деганда сал бошқачароқ нарсани тушунишган, ҳозир у нарсага ҳам етиб борамиз.
Яна бир нарса: Урал-Олтой тиллари турон тилларининг шимолий тармоғи дейилади, қолганлари жанубий тармоғи дейилади. Чунки улар жануброқда тарқалган. Дравид тили ҳинд-европа тиллари боргунча Ҳиндистоннинг асосий тили бўлган. У ҳинд сивилизациясининг тилидир. Ҳозир ҳам Ҳиндистон жанубида сақланиб қолган. Дравид тилида олинадиган ҳинд филмлари Болливуд дейилмайди. Колливуд ва Толливуд дейилади. Мамлакатда тамил, телугу деган тилларда олинадиган жуда катта алоҳида кинематограф бор.
Демак, у тиллар ҳам Ҳиндистонда бугунги кунгача жуда кенг тарқалган. Қолгани Ҳинд-Хитойда тарқалган, Океанияда тарқалган, шунинг учун жануб дейилади. Уларнинг ўзига хослиги агглютинация дедим.
Қўшимча ёрдамида грамматик маъно англатиш агглютинация дейилади ва бу бошида турон тилларига хос хусусият деб ҳисобланган. Бунинг натижасида ХИХ аср тилшунослигида яна битта тил турон тилларидан бири деб ҳисобланган. Бу тил ҳам сизга таниш — шумер тили.
Ўзимизнинг зиёлилар шумер тили билан ўзбек тили ёки туркий тиллардаги ўхшашликларни келтириб, бу бизга қариндош деб китоблар ёзиб ташлашган ва улар бу назарияни осмондан олмаган. ХИХ асрда бунақа назария илм-фанда мавжуд бўлган ва шумер-аккад миххатларини ўқиган биринчи олим Роулинсоннинг ўзи шу нарсани айтган.
У шумер миххатларини дешифровка қилиб, ўқиб, танишгандан кейин шумер тили тузилишига кўра мўғул-манжур тилларига ўхшаб кетади деган. Кейинчалик Туркия, Усмонли тили билан танишганда, турк тилига ҳам ўхшаш экан деган. Яъни, бу назария ХИХ асрда кенг тарқалган. Ҳатто ХХ аср ўрталарида бу назарияни жиддий қабул қилишган.
Шундай қилиб, ХИХ асрни қиёсий-тарихий тилшуносликнинг ёввойи даври деса ҳам бўлади. Одамлар, олимлар турли тилларни ўрганиб, материал тўплаб, ўзи топган қонуниятлардан илҳомланиб, жуда кўп тил оилалари, макрооилалар ҳақида назарияларни илгари сурган ва бунинг натижасида яқин-яқингача тилшуносликда шунақа бир қараш бор эди: тиллар оилалардан иборат.
Асосан 30 тача оилани ажратиб кўрсатишади, Америкадан ташқари. Америкадаги ҳинду тилларини ўзи яна 30 тача оилага бўлинади. Евроосиё, Африка ва бошқа ёндош ҳудудлардаги тиллар 30 тача оилага ажратиларди. Бу ўзига хос урф эди. Бугун бу оилаларга муносабат қандай?
Давом этамиз. Кейинги босқич. Бу босқичга ўтишдан олдин тилшуносликдаги яна битта баҳсни айтиб ўтишим керак. Тилшуносликда иккита қараш бор: моногенез ва полигенез. Бунинг маъноси шундан иборат: моногенез — дунёдаги барча тиллар битта тилдан келиб чиққан дейди. Полигенез — тиллар ҳеч қачон битта умумий аждодга эга бўлмаган дейди. Менинг кузатишим бўйича, ХИХ асрда моногенез машҳурроқ бўлган. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Биринчиси, компаративистиканинг ютуқлари. Яъни, ҳинд-европа оиласи қариндошлигини кашф қилдикми, семитларнинг қариндошлигини аниқладикми, афросиё тилларининг қариндошлигини билдикми, демак, яна ҳам чуқурроқ кавласак ҳаммаси бир илдизга бориб тақалади деган қараш ҳукм сурган ва бу қараш эволюционизм дейилади. Унинг энг машҳур вакили Чарлз Дарвиндир.
Чарлз Дарвиннинг эволюцион таълимоти фақат биологияда эмас, ҳамма соҳада ҳукмрон мавқега эга бўлган. Шу жумладан, тилшуносликда ҳам. Тилшунослар ҳам тахминан биологиядақа фикрлаган. Яъни, бутун тирик жонзотлар, ҳамма тириклик битта илдиздан келиб чиқяптими, демак, тиллар ҳам шунақа битта ягона илдизга бориши керак деган хулосага келишган.
Ҳозирги фанда бу 100 фоиз тан олинмайди. Масалан, тўғри, тирик мавжудотлар ҳаммаси умумий ҳужайрага эга дейлик, ҳужайра умумий, демак, битта аждодга эга. Лекин унгача, тирикликнинг минглаб шакллари бўлган ва уларнинг биттаси ғалаба қозонган. Ёки иқтисодий, маданий тарихни оладиган бўлсак, унда ҳам ҳозир айтишяптики, инсонлар ибтидоий жамоа тузумидан қулдорликка, қулдорликдан феодалга, феодалдан капитализмга ўтмаган. Инсонлар бундан 300 минг йил олдин ҳам сиёсий экспериментлар қилган, қаердадир демократия туғилган, қаердадир капитализм туғилган деган анча эркин қарашлар айтилади.
Тилшуносликда ҳам шунга яқин вазият, бу ҳақда ҳам тўхталамиз. Ҳозирча эса ХИХ аср охиридаги ва ХХ аср ўрталари ва ундан кейинги давр тилшунослиги ҳақида гаплашамиз. Демак, моногенез модага киряпти ва боя айтган назариям илгари суриляпти: дунё тилларининг деярли ҳаммаси битта илдизга бориб тақалади. Ўша илдиз эса — борей тили.
Борей дегани юнон тилида шимолий дегани. Шимолдаги қанақадир бир тил бутун дунёга тарқаб кетган ва ҳар хил шакллар берган дейилади. Бу назариянинг икки нафар идеологи бор: Москва мактаби вакили Старостин ва англиялик олим Гаролд Флеминг. Иккови мана шу назариянинг икки вариантини ишлаб чиққан ва ўзининг таснифи бор.
Улар қайси тил қандай шаклда борей тиллари макрооиласи, макро ҳам эмас, гипероиласига киради деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилишган. Ҳозир ҳар бир фаразга тўлиқ тўхталиб ўта олмаймиз. Мен қисқача таништириб ўтишга ҳаракат қиламан. Борей тили деган вариант бор, назария бор. Ундан кейингиси эса турит.
Турит тиллари ундан ҳам кенгроқ миқёсни қамраб олади, бутун сайёрадаги энг майда тилларни ҳам ўз ичига киритади. Турит сўзининг келиб чиқишига тўхталадиган бўлсак, у лотинча туррис сўзидан олинган. Бу минора дегани. Қайси минора? Албатта, Бобил минораси. Боя Дарвин таълимотининг таъсири ҳақида гапирдим. Иккинчи таъсир қилувчи омил — христиан дини.
Фанда ўрганишларни асосан европалик олимлар қиляпти ва уларнинг дини асосан христиан дини. Айниқса ХИХ асрда улар диний қарашларини баъзан тўлиқ текширмай фанга жорий қилган. Шунинг учун Бобил минораси ҳақидаги асотир тилшуносликда жуда машҳур бўлган.
Бобил минораси асотири билан таниш бўлмаганлар учун мен унинг қисқача мазмунини айтиб бераман. Жуда қадимда бутун инсоният бир тилда гапирган ва инсонлар ривожланиб, тўкин-сочинчиликда яшаб келган. Маълум муддатда инсоният шунчалик ғурурга берилганки, биз Худони кўрамиз, Худога етишамиз деб осмонга етадиган минора қуришни бошлаган. Бу минора Бобилда қурилган.
Бобилда қурилишига сабаб, Библия, Қадимги Аҳдда Бобил кўп ишлатиладиган образ. У мағрурлик, ахлоқсизлик ва ҳоказолар қиёфаси сифатида ишлатилган, жуда бойиб кетган ва жуда айниб кетган бир шаҳар образи. Кейинги даврда Бобилнинг ўрнига Рим образи ишлатилади.
Демак, Бобилда минора қуриляпти, мақсад эса — осмонга етиш. Бундан Худо ғазабланади ва одамларнинг тилини аралаштириб юборади, оқибатда одамлар бир-бирини тушунмай қолади. Бир-бирига ғишт узатиш керак бўлса, шуни айта олмайди, бошқа нарса бўлса, мулоқот қилолмайди, бир-биридан ҳеч нарса сўролмайди-да, қурилиш тўхтаб қолади. Кейинчалик инсоният бутун дунёга тарқалиб кетади. Шундай қилиб бугунги тиллар пайдо бўлди, дейилади. Шунинг учун ҳар бир давлатнинг ўзига хос тили бор, деб айтилади.
Ана шу асотир европалик, россиялик олимларни жуда илҳомлантирган ва улар балки бу асотирнинг тагида ҳақиқат бордир, ростдан ҳамма тиллар бир асосга бориб тақалар деган фикрда шу каби назарияларни илгари сурган: борей тили, турит тиллари ва ҳоказо.
Турит деган ҳатто ном ҳам минора сўзидан олиняпти, лекин номнинг муаллифи Милитарев буни ҳазиллашиб ўйлаб топганини таъкидлаган. Қаранг, Америка, Ҳинд-Тинч океани, Австралия, Евроафрика тиллари деб тўртта катта гуруҳга бўлиняпти. Деярли ҳамма тилни қамраб оляпти. Лекин бу даврда ўзи бунақа қамраб олишга асос бормиди? Ҳали ҳамма тил етарли даражада ўрганилмаган эди-ку. Шунга қарамасдан, ўша даврда шунақа назариялар илгари сурилган.
Борей билан турит жуда исботлаш қийин бўлган фаразлар эди, лекин ностратик назария ҳам борки, у салкам исботланган назария эди. Бу атамани фанга даниялик олим Холгер Педерсен киритган. Уни давом эттирган Москва тилшунослик мактаби вакиллари Владислав Иллич-Свитич, Арон Долгополский Старостин билан бир қаторда ностратик назарияни ривожлантирган.
Бу назариянинг моҳияти нимадан иборат? Улар ҳинд-европа, афроосиё, семит-ҳамит тиллари, урал-олтой тиллари ва картвел тиллари ўзаро қариндош деган хулосага келишади ва юқоридаги назариялардан фарқли равишда жуда катта тадқиқот ўтказади. Улар ҳақиқатан юзлаб тиллар ўртасидаги минглаб параллелларни кўрсатиб беради.
Иллич-Свитич берган таснифда биринчи вариантда қуйидаги оилалар қатнашади: ҳинд-европа, афроосиё, урал, олтой, картвел, дравид. Кейинчалик баъзи бир тилшунослар бунга эскимос-алеут, чукча-камчатка тилларини ҳам қўшади. Бу тўлиқ исботланмаган. Ностратик назариянинг ўзи ҳам тўлиқ исботланмаган.
Хуллас, улар мана шундай катта макрооилани яратишади, ишлаб чиқишади. Ҳақиқатан олиб қарасангиз, улар орасида параллеллар тиқилиб ётибди. Боя мисол келтирганимдек, шумер тили билан туркий тилларда ота билан она бир хил айтиляти. Агар турли тилларни ўргансангиз, деярли ҳамма тилда ота билан она бир хил айтилади.
Мен шумер тилидан мисол келтирдим, лекин ҳатто гот тилини олинг, герман тилларидан бири, ёки хетт тилини олинг, ёки элам тилини олинг, дравид, қайси тилни олсангиз ҳам тахминан бир хил. Ата, ама, мана шунақа шакл. Япон тилида ҳам шунақа. Онани ама дейишади. Аматерасу деган маъбудаси ҳам бор. Старостин япон тилини шунинг учун олтой оиласига киритади. Шу масалага бағишланган машҳур китоби бор. Ҳақиқатан мана шу сўзлар деярли ҳамма тилларда ўхшайди. Бунинг сабаби нима? Ростдан қариндошмизми?
Шу саволга жавобни қидириш натижасида, демак, биринчи босқичда қариндошмиз деган жавоб берилган. Ҳозир сал бошқачароқ жавоблар ҳам бор. Ностратистлар шу даражага етганки, мана шу оилаларга кирувчи тилларнинг материалини тўлиқ ўрганиб, ҳар бир сўзни қиёслаб чиқиб, уларни қиёслаганда энг қадимги шакли қанақа бўлишини тиклашган ва проностратик тилни ишлаб чиқишган.
Ва проностратик тилда шеър ёзишган. Проностратик тил нима дегани? Масалан, шартли 10 та тил оиласи бўлса, ҳар бирида 10 тадан тил бўлса, ҳар бирининг материалини қиёслаб, ҳар бир сўз 7000, 8000, 10000-йил олдин қанақа айтилганини шаклини тиклаб чиқишган. Ва мана шунақа реконструксия беришган. Энг қизиғи, бу реконструксияни ўқиш жуда ҳам қийин.
Умуман тил реконструксияларининг асосий муаммоси шундаки, аниқ қонуниятлар бўйича фонетик ўзгаришларни фиксация қилиб, охирига олиб борсангиз, шунақа мураккаб шакллар чиқадики, бир оддий инсон бу сўзларни талаффуз қилишига ишониш қийин.
Масалан, биринчи сўзни қанақа талаффуз қиласиз? К нинг тагида нуқта турибди, демак оддий к эмас. Л нинг ёнида катта ҳ турибди, демак бу оддий ҳ товуши эмас, бу аспирация, яъни л ни сиз озгина нафас қўшиб тилга олишингиз керак. Л эмас, лҳ бўлиши керак бу. А нинг устида иккита нуқта турибди, демак бу юмшоқ ўқилиши керак. Бир ўқиб кўринг-чи. Кейин тескари сўроқ турибди, у нима?
Тескари сўроқ инглиз тилида глоттал стоп дейилади, бизда тутуқ ёки бўғиз тутуғи деса бўлади. Семит тилларида жуда кенг тарқалган ъа деган товуш. Ўшандан сўз бошланяпти. Уни қандай ўқийсиз? Кейин пастда қаранг, иккинчи қаторнинг биринчи сўзи. Оддий л эмас, грекча лямбда ҳарфини беряпти. Бу дегани, буни оддий л сифатида эмас, бошқачароқ ўқиш керак. Хуллас транскрипсия жуда ҳам қийин. Ўзлари ҳам аниқ ўқий олмаса керак, лекин нима учундир реконструксия фақат шунақа натижа беради. Мен одамлар ўзини бу даражада қийнамаган бўлса керак деб ўйлайман.
Лекин бу реконструксиялар 100 фоиз ҳақиқатни акс эттирмаган тақдирда ҳам тилшуносликнинг ривожланиши учун аҳамиятли. Шу пайтгача биз қиёсий-тарихий тилшунослик, компаративистика ҳақида — тилларни бир-бирига қиёслаб ўрганиш ҳақида гаплашдик.
Кейинроқ яна бир соҳа ривожланади — глоттохронология. Глоттохронологиянинг моҳияти нима? Бу кўпроқ генетикага ўхшаган бир фан. Унда тилда ўзгариш неча авлодда бўлишига қараб, тилнинг қадимийлиги ҳисобланади. Бу қандай ишлайди?
Тилда икки хил сегмент ажратилади. Биринчиси актив луғат, иккинчиси пассив луғат. Иккиси икки хил тезлик билан ўзгаради. Чунқи кўп ишлатиладиган сўзлар секинроқ ўзгаради. Пассив луғат тезроқ ўзгаради, чунки камроқ ишлатилади. Мана шу ўзгаришларнинг тезлигига қараб, тилларнинг қачон келиб чиққанини башорат қилишади.
Ана шу башоратга кўра, масалан, туркий тиллар қачон келиб чиққан? Старостиннинг башорати бор. У туркий тилларнинг бир-биридан ажралиш нуқтаси 2300-йил олдин, дейди. Яъни, 2300-йил олдин туркий тилларда гапирувчи бир халқ бир нуқтада яшаган, кейин ўша нуқтадан тарқалиб кетган ва тиллари ўзгаришни бошлаган. Бу ҳисоб-китоб аниқми?
Айнан туркий тиллар мисолида анча аниқ, чунки тахминан милоддан аввалги тўртинчи-учинчи асрда Хитой манбаларида Хун давлати ҳақида маълумот бор. Улар давлат қуряпти ва Хитой билан уруш қилиб, миграция қилиб Европагача тарқалиб кетяпти. Глоттохронология маълумотлари ҳам ўша даврга тўғри келяпти. Демак, тарихдаги маълумотлар билан қиёслаб тахминан ҳисобласа бўлади.
Бошқа тиллар ҳақида ҳам турли фикрлар билдирилган. Фақат олтой оиласида жуда катта муаммолар келиб чиққан. Туркий тилларнинг ўзи бор-йўғи 2300-йил олдин тарқалган, лекин мўғул тиллари билан қариндошлиги 6000-йил олдин деб белгиланяпти. Яъни туркий халқлар мўғуллардан 6000-йил олдин ажралиб, яна 3500-йил алоҳида бўлинмасдан бир жойда яшаган. Кейин тарқалиб кетган. Мана шунақа ғалати жиҳатлари бор.
Компаративистикада ностратикадан ташқари, унга ўхшаш бошқа кўплаб назариялар бор. Чунки ҳали яхши ўрганилмаган, қариндошлиги аниқланмаган тиллар бор. Олимлар ўрганиб, уларнинг бир-бирига қариндошлигини чиқаришга ҳаракат қилишади. Масалан, шунақа зўр модел бор, чин-кавказ, яъни хитой-кавказ тиллари. Ҳеч кутилмаган жойда хитой билан кавказ тиллари ўртасида ўхшашликлар бор. Уларнинг ҳатто сонлари ҳам ўхшаб кетади. Шундан келиб чиқиб, хитой ва кавказ тиллари бир-бирига қариндош деган фикр илгари сурилади.
Мана шунақа модел бор, унга кирадиган тиллар: Шимолий Кавказ тиллари, баск тили (Испанияда тарқалган ва қариндоши бўлмаган тил), бурушаски (Покистондаги Кветта водийсида, тоғу тошларда тарқалган тил), хуррит-урарт тиллари (Яқин Шарқда тарқалган тил), енисей тиллари, чин-тибет тиллари, на-дене тиллари, америкадаги тиллар, ҳинду тиллари. Навахо деган қабилани эшитган бўлсангиз керак. Навахолар на-дене тилларида гапиради. Улар ўзига хос, бунга ҳали яна тўхталамиз.
Баъзида одамлар ҳинду тилларидан ҳам ўхшашлик топиб олишади, аслини олганда ҳинду тиллари ҳам бир-бирига қариндош эмас. Фақатгина на-дене тиллар оиласи ростдан евроосиё тиллари билан қариндошлиги ҳақида ишончли маълумотлар бор. Сабаби, на-дене тиллари вакиллари америкага энг охирги кўчган оқим ҳисобланади. Бошқа ҳинду тилларини Евросиё тиллари билан боғлайдиган аниқ параллеллар йўқ.
Мана шунақа олимлар тилларнинг бир-бирига қариндошлигини қидириб, илҳомланиб, бир лойиҳа яратишган. Буни интернетдан топишингиз мумкин. Мен ҳаволасини қолдирмадим, чунки ҳаволаси ўзгариб туради. Лойиҳа Бобил минораси деб аталади. Бу ўша Москва мактабининг яратиғи. Ўша ностратик назариядан, тил оилаларининг бир-бирига қариндошлигидан илҳомланиб яратилган лойиҳа. Бу лойиҳа ичида узоқ-узоқ тилларни бир-бирига қиёслайдиган тадқиқотлар нашр қилинади, лекин энг қадрли қисми мана бу.
Сайтига кирсангиз, деярли ҳамма тил оилаларининг базалари жойлашган. Кейин бунинг ичига кирасиз, ҳар бирининг этимологик луғати бор. Мен мисол қилиб, туркий тиллар ва Олтой тилларининг этимологик луғатидан скриншотлар келтирдим. Бу ҳақиқатдан хазина. Мана шунча тил оилаларидаги ҳамма тилни ўрганиб, юз минглаб сўзлардан иборат мана шунақа этимологик луғатлар яратишган.
Тилларнинг ариндошлигини исботламаган тақдирда ҳам бу — хазина. Бундан дунёдаги исталган тилингиз луғатини ўрганишингиз мумкин. Кирасиз, фалончи сўзнинг келиб чиқишига қизиқасиз, луғатдан топасиз ва бошқа тиллардан параллеллар, этимологияси бўйича маълумотларни топасиз. Тўғри, ностратик назария 100 фоиз исботланмаган, бошқа маълумотлар асосида текшириш керак, лекин базанинг ўзини яратишга қанча меҳнат кетган, буни тасаввур қилиш қийин. Мана шу лойиҳани ҳаммага тавсия қиламан.
Компаративистика қандай ривожлангани ҳақида гаплашдик. Энди унинг бизнинг тилшунослигимизга таъсири ҳақида гаплашсак, мен шахсан ўзим мана бунақа назарияларни эшитганман. Бу назарияларга баъзилар чиппа-чин ишонади, баъзилар кескин рад қилади, лекин компаративистика тарихини қарайдиган бўлсангиз, буни ўзбек ёки қозоқ олимлари ўйлаб топган эмас.
Бунга яқин фикрларни Роулинсон айтган, Макс Мюллер айтган, Гоммел айтган. Булар бундан 150 йил олдин айтилган фикр. У вақтда фан ҳозиргидек ривожланмаган ва ҳозирги назариялар, материаллар бўлмаган. Ўзимизнинг зиёлилар у пайтда ҳали бу масалага етиб келмаганди, чунки бошқа муаммолари бўлган. 1960-йилларда Совет давлатида мустамлака республикалар назорати бироз бўшашади ва бунинг натижасида республикаларда, шу жумладан Ўзбекистонда миллатчилик ҳаракатлари пайдо бўлади.
Ўзбекликни, ўзининг келиб чиқишини тушуниш, илдизларини излаш бошланади. Ўзининг илдизларини излаётган зиёлилар турли манбаларга мурожаат қилади, ўзининг ёзма манбаларини ҳам ўрганади, европалик олимларни ҳам ўрганади ва 1970−80-йилларда 150 йил олдин ёзилган европалик тилшуносларнинг китобларига дуч келади. У китобларда нима деб ёзилган? Шумер тили мўғул тилига қариндош экан, турк тилига қариндош экан, сак, скиф тиллари туркий тил экан деган турли-туман қарашлар акс этган.
Улар табиийки, ўзининг номини кўргандан кейин бу қарашларга қизиқади, уларни ўрганади, ва ҳақиқатан, боя мен келтирган баъзи параллелларни топишади ва битта китоб вужудга келади: қозоқ зиёлиси Ўлжас Сулаймоновнинг “Аз и я”. Бу икки қисмдан иборат китоб. Биринчи қисми “Слово о полку Игореве” деган рус адабиёти намунаси таҳлилига бағишланган.
Иккинчи қисми, иккинчи қисми “Шумернома” деб аталади. Муаллиф шумер тилидаги баъзи сўзларни олиб, қозоқ тилига қиёслайди. Қуёш “уту” дейилар экан, қозоқ тилида олов “ўт” дейилади. Шумер тилида невара “нимара” дейилар экан, бизда “невара” дейилади ва ҳоказо.
Ўлжас Сулаймоновнинг китоби Ўзбекистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам, Татаристонда ҳам машҳур бўлади. Туркияда унга параллел равишда Осман Недим Туна шу йўналишда иш олиб боради. У ҳам тилшунос сифатида шумер тилини туркий тилларга қиёслаб, параллеллар топади. Шунақа қилиб, шумер-турк назарияси пайдо бўлади ва у ҳозиргача машҳур. Ундан ташқари, бугунги Эроннинг жанубида Элам деган давлат бўлган ва Элам давлатида миххатда ўзига хос тилда ёзишган.
Элам тили ҳам агглютинатив тил ва унда ҳам туркий тилларга ўхшаш сўзлар бор. Унда ҳам отани “атта” дейишади. Уни ҳам туркий тилларга ўхшатишади. Кейин яна қанақа эгасиз тиллар бор? Италияда Римга қадар этрусклар ҳукмрон бўлган, тўғрими? Этруск тили ҳам ҳеч қандай қариндоши йўқ, шу пайтгача борлиги исботланмаган. Бизда уни ҳам қиёслаб параллеллар топишган.
Таъкидлаб ўтишим керакки, бу тиллар фақат туркий тиллар билан қиёсланмаган. Масалан, мен ўзим этруск тили албан тили билан қиёсланганини кўрганман. Этруск тилини венгер тили билан ҳам қиёслашган, параллеллар топишган. Шумер тилини грузин тили билан қиёслаб, роса кўп параллеллар топишган. Ҳинд-европа тиллари билан ҳам қиёслашган.
Шунинг учун бу фақатгина бизга хос бўлган қарашлар эмас. Бутун дунёда зиёлилар шунақа илдизини қидириб, қаерлардандир ўхшаш сўзлар топиб олади. Ўхшаш сўз эса қидирсангиз ҳамма жойдан чиқади. Бундан ташқари, элам тилини шунчаки зиёлилар эмас, боя тилга олинган Старостин ҳам ўрганиб, дравид тилларига боғлаган.
Шунингдек, ҳинду тилларида ҳам параллеллар топишади. У параллелларнинг муаммоси нимада? Ҳинду тилларининг ўзи 30 та оилага бўлинади ва ҳинду тилларининг ўзини ҳам ҳали қариндошлиги 100 фоиз исботлаб қўйилмаган. Туркий халқлар зиёлилари исталган ҳинду тилидан ўхшаш сўзни олади. Масалан, битта сўз майя тилидан, битта сўз навахо тилидан олиб, мана қариндош экан дейди ва ваҳоланки, навахо билан майянинг ўртасида 5000-йил фарқ бўлиши мумкин, 8000-йил фарқ бўлиши мумкин. Булар ўта ишонарсиз нарсалар. Юқоридагилар зиёлилар орасида тарқалган романтик назариялар эди.
Мана булар илмий назариялар. Биринчиси, ХИХ асрдаёқ илгари сурилган, урал-олтой деган битта катта оила тахмин қилинади. Олтой тиллари таркибига қайсилар киради? Турк, мўғул, тунгус-манжур тиллари киради. Урал тилларига фин-угор тиллари, венгер, бошқа тиллар киради.
Кейинчалик урал ва олтой бир-бирига қариндош эмас, лекин ўхшаш экан, деб ажратишади ва олтой тилларининг ўзи қолади. Дастлабки босқичда олтой тиллари таркибига туркий тиллар, мўғул тиллари, тунгус-манжур тиллари киритилади. Кейинчалик корейс ва япон тиллари ҳам киритилади. Демак, бешта тармоқдан иборат. Бу олтой назарияси вақтида жуда оммалашади, кенг тарқалади.
Кейинчалик олтой тилларининг қариндошлигига бўлган шубҳа-гумон ортиб кетади ва ҳозир жуда кўп олимлар бу фикрга қўшилмайди. Охирги йилларда Германияда бир гуруҳ олимлар Мартине Робиц бощилигида шу масалада тадқиқотлар ўтказди ва олтой тиллари назариясини сал янгилаб, трансевроосиё тиллари назариясини илгари сурди.
Трансевроосиё тиллари яна ўша тиллардан иборат: турк, мўғул, тунгус-манжур, корейс, япон тилларидан, номи ўзгарган. Мана шу тиллар ё бир-бирига қариндош бўлиши мумкин, ё бир ҳудудда бирга яшаган деган назариялар илгари сурилди. Ўзбек тилининг келиб чиқиши, қариндошлари ҳақида илмий назариялар деса, мана шу учовини айтишимиз мумкин.
Нима учун булар тўлиқ тан олинмаяпти? Муаммо нимада? Битта мисол келтираман: сонлар. Сонлар тилларда энг қадимда пайдо бўладиган сўз туркумларидан бири ҳисобланади. Бунинг сабаби, энг қадимги овчи-термачиларда ҳам санашга эҳтиёжи бўлган. Шунинг учун одатда бир гуруҳга ёки бир оилага кирадиган тилларда сонлар бир хил бўлади.
Ҳинд-европа тилларида ўхшаш сонлар ростдан кўп. Бу ерда бирдан ўнгача келтирилган. Санскрит, қадимги грек тили, лотин, гот тили, қадимги славян тилида. Шу жиҳатдан ҳам ҳинд-европа тилларининг ўзаро боғлиқлиги зўр исботланган.
Энди, олтой тилларидаги сонларни кўриб чиқсак, улар тамомила бир-бирига ўхшамайди. Қадимги турк тили, мумтоз мўғул, манжур тили, корейс тили, япон тилида кўриб чиқайлик. Туб сўзлар дейилганининг сабаби, корейс-япон тилида икки турдаги сонлар бор. Бири туб, иккинчиси хитой тилидан олинган. Уларни ҳам бирдан ўнгача келтирдим.
Олтой тилларида сонлар мутлақо бир-бирига ўхшамайди. Бундан икки хил хулоса қилиш мумкин. Биринчи хулоса: олтой тиллари санашни ўрганишидан олдин тарқаб кетган. Қачон тарқалиб кетган? Инсоният қачон санашни ўрганган? Неча ўн минг йил олдин тарқаб кетган бўлиши керак.
Иккинчи хулоса: улар қариндош эмас. Унда нима учун барибир ўхшашлик топамиз? Ҳозир бунга батафсилроқ тўхтамиз. Қариндошликни кўрсатиб берадиган иккинчи метод бор. Бу одатда қариндошликни исботламайди, қариндошликнинг яқинлик даражасини кўрсатади. Сводеш деган олимнинг рўйхати бор. Биринчи рўйхат 100 та сўздан иборат. Кенгайтирилган рўйхат 200 та сўздан иборат. Бу қандай рўйхат? У 100 та базавий сўздан иборат луғат. Сводешга кўра, мана шу сўзлар тилда энг секин ўзгаради.
Шу сўзлар тилларда қай даражада кўпроқ бир-бирига мос келса, улар шу даражада бир-бирига яқин ҳисобланади. Шунинг учун тилшуносликда тилшуносликда яқин-яқингача қариндошликни ўлчаганда исталган ўхшаш сўз олинмаган. Базавий мана шу 100 та сўздан иборат рўйхат олинган. Мана шулар ўхшаса, демак, қариндошлик ҳақида гапирса бўлади. Тасодифан ўхшаб қолган бир сўз ўзлашма бўлиши мумкин, тўғрими? Мана шунақа қараш ҳукм сурган. Ҳозир ҳатто бу метод ҳам эскирган.
Клоссон деган британиялик тилшунос олимнинг олтой тиллари қай даражада бир-бирига қариндош деган мақоласи бор. У Турк, мўғул, тунгус-манжур тилларининг Сводеш рўйхати бўйича параллелларини ўрганиб чиқиб, олтой тиллари бир-бирига қариндош эмас, дейди. Бу хулоса эмас, қадимги олимнинг ўша даврда айтилган фикри.
Яъни, шунча параллел бор, ўхшашлик бор, қариндошмиз деганимиз билан сонларимиз ўхшамайди. Базавий луғатимиз ҳам ўхшамайди. Унда буни нима билан тушунтирамиз? Мана энди, компаративистиканинг янги босқичи, бугунги қарашларга тўхталамиз. Илгари қариндошлик қанақа ўрганилган? Биринчи навбатда луғат қиёсланган. Луғат қиёсланганда энг қадимги шакллар, реконструксия қилинадиган энг қадимги шакллар олиниб, базавий луғат, сонлар ва бошқа нарсалар қиёсланган. Шу асосида қариндошлик исботланган ёки исботланмаган.
Ундан ташқари, сўзлардаги қўшимча морфемалар қиёсланган. Қўшимча морфемаларда ҳам ўхшашлик кўп бўлади. Масалан, ҳинд-европа тилларида ёки семит тилларида морфемалар ҳам ўхшаш. Ундан кейинги босқичда грамматикани қиёслашган. Грамматика тез ўзгариб кетади, дейишган. Чунки баъзи бир ҳинд-европа тиллари флектив тил, баъзилари аналитик тил бўлиб кетган, баъзи тилларда қўшимчалар радикал қисқариб кетган.
Буни ҳатто яққол қариндош тиллар ўртасида ҳам кузатиш мумкин. Рус тилини олинг, қанча қўшимчаси бор. Болгар тили аналитик тил бўлиб қолган, яъни қўшимчалар анча қисқариб кетган. Шунинг учун грамматика ишончсизроқ деб ҳисобланган. Ҳозир тилшуносликда ҳатто Сводеш рўйхатига ҳам ишониб бўлмайди, дейиляпти. Чунки ҳеч қанақа базавий луғат йўқ. Исталган сўз ўзгариши мумкин, дейилади, ҳатто сонлар ҳам.
Масалан, етти рақамнинг ўзи ҳинд-европа тилларида ўзлашма ҳисобланади. У семит тилларидан олинган. Семит тилларида саб' дегани етти дегани ва ҳинд-европа тилларида ўшандан олинган шакллар кетяпти: септем, сапта, ҳапта. Тожик тилида ҳафт. Тўғрими? Ўзимиздаги туркий тиллардаги беш рақами ҳам ҳинд-европа тилларидан олинган бўлиши мумкин, дейишади. Биздаги етти ҳам ҳатто шунга бориб тақалиши мумкин, дейишади. Хуллас, сонлар ҳам ҳатто ўзгариб кетиши мумкин экан. Базавий луғат ҳам ўзгариб кетиши мумкин экан. Ҳатто юрак деган, барча ҳинд-европа тилларида бир хил бўлган сўз, ҳозир прокартвел тилидан, яъни грузин тилининг ота-бобосидан олинган деган фикр бор. Сард. Таниш сўз-а? Рус тилидаги “сердсе” ҳам ўша билан битта ўзакка бориб тақалади. Ҳеарт, сард, сердсе — ҳаммаси битта ўзакка бориб тақалади.
Юлдуз деган сўзни ҳам семит тилига боғлашади. Стар сўзи ва Бобилдаги Иштар маъбудаси, Венера юлдузининг номи, шунга қиёслашади. Бу 100 фоиз исботланмаган. Ҳатто базавий луғат ҳам ўзгариб кетиши мумкин экан. Унда қариндошликни нима исботлайди?
Грамматика ўзгарувчан, луғат ҳам ўзгарувчан. Лекин тил ўзининг хусусиятларини сақлаб қолади, дейишади. Тилда ўзгармайдиган нима бор? Тилда ўзгармайдиган сўзнинг ясалиш моделлари бор экан, бу ҳам мавжуд фаразлардан бири.
Ясалиш моделлари икки хил бўлади: Олтой ва Америка модели бор. Америка моделининг ўзининг вариантлари бор, Олтой моделининг ўзининг вариантлари бор. Демак, ўша бўйича қиёслаб, қариндошликни аниқлашга ҳаракатлар бор ва бу қиёс натижасида, биласизми, нима аниқланди? Деярли ҳеч қайси тил бир-бирига қариндош бўлиб чиқмаяпти.
Қизиқ, 150 йил олдин тилшунослик фан даражасида тизимлашиб, ривожланиб бошлаганда, шу даражада одамлар бундан илҳом топганки, ҳамма жойда қариндошлик кўрган. Тилшунослик бугунги даражага келиб, энди одамлар, тилшунос мутахассислар орасида “қариндошлик исботланмайди. Тиллар жуда хилма-хил. Ҳамма тил ҳар хил илдизлардан келиб чиққан. Битта бобо тил йўқ”, деган фикр устунроқ бўлиб қолди.
Тўғри, ҳозир мен ҳамма олим бир хил фикрда, дея олмайман. Лекин устунроқ бўлган фикр мана шунақа. 150 йил олдин бўлган фикрлар билан бугунни қиёсласак, шу даражада фарқ бор. Бугун нисбатан мураккаб, лекин ишонарли вариантлар илгари суриляпти. Биринчи навбатда айтиляптики, тил ўзи бир илдизга бориб тақалиши шарт эмас. У ҳужайра эмас. Яъни, ҳужайра ўхшашми, демак, аниқ илдизи битта. Ўтмишда биологияга ортиқча қизиқиб кетганмиз, эволюционизмга ортиқча қизиқиб кетганмиз. Бунинг натижасида ўша биологияни, эволюция принсипларини тилга ҳам олиб ўтганмиз.
Тил унақа ривожланиши шарт эмас. Тиллар ҳар бир қабилада алоҳида пайдо бўлиши мумкин, дейишади. Тасаввур қилайлик, Австралияда ва Африкада 30 минг йил олдин иккита қабила яшаяпти. Иккиси ҳам санаши керак. Демак, бир-биридан мустақил сонлар пайдо бўлади. Икки қабилада ҳам одамлар бир-бирини хавф-хатардан огоҳлантириши керак. Қанақадир ундов сўзлар пайдо бўлади. Ота-она, қариндошлик муносабатлари бор. Қариндошлик терминологияси пайдо бўлади. Бир-биридан жуда узоқ бўлган инсонлар барибир битта турга киради. Ҳамма Ҳомо сапиенс, организм бир хил, мия бир хил, эҳтиёжлар бир хил. Ўша битта паттерн такрорланади. Ким қаерда яшаса ҳам, тил ўйлаб топади ўзига.
Боя ота-она сўзи ҳақида гаплашдик. Нима учун ҳамма тилларда ота ва она сўзлари ўхшаш? Буни шунақа тушунтиришади: ота-она сўзлари биринчи пайдо бўлади. Чақалоқ туғилганда биринчи айтадиган сўзлари шу. Биз ўзимиз ҳам чақалоқларга “дада де”, “ая де” деб ўргатамиз ва бу сўзлар ҳамиша ўша чақалоқ тилга ола оладиган товушлардан иборат ва бу товушларнинг такроридан иборат. Дада, мама каби. Битта энг осон бўғинни икки марта такрорлаб, битта сўз ясаяпти.
Ҳатто шунақа назария ҳам бўлганки, энг қадимги тиллар бўғинларнинг такроридан иборат бўлган дейишган ва бу тилларни “банан тиллари” деб аташади. Яна бир қараш бор, у ундов ва тақлид сўзлар ҳақида. Масалан, “қарға” сўзи ҳам ҳамма тилда бир хил. Шумер тилида ҳам, япон тилида ҳам, ҳинд-европа тилларида ҳам. Нимага? Чунки “қарр” деб эшитилади. Мана шунақа паттернлар билан ўхшашликни тушунтиришади. Майли, ота-она, қанақадир тақлид сўзлар ўхшашлигини тушунтирдик.
Мураккаб сўзлар нимага ўхшаб қолади? Масалан, юлдуз деган сўз. Ёки юрак деган сўз, ёки рақамлар, сонлар нимага бир-бирига ўхшаб қолади? Мана шу саволга бугунги тилшунослар зўр жавоб беради. Демак, биз тиллар тарихини илк оилалар пайдо бўлиши — 10, 12, 14 минг йил олдиндан бошлаб биз хато қилганмиз, дейишади. Яъни, 14 минг йил олдин бу тиллар изоляцияда яшамаган. Демак тиллар 10 минг йиллар давомида контактда ва бир-бирига 300 минг йилдан бери сўз ўтказади, деган хулосага келишади.
Лекин биз тил археологиясини 300 минг йил олдинга олиб бора олмаймиз. Унақа реконструксия қуроллари йўқ. Ҳозир тил оилалари бошида бир тоза тилдан иборат бўлмаган, аралашиб кетган битта тил оила яратган, дейишмоқда. Демак, ўша бобо тил деганимизнинг ўзида ўзлашмалар тиқилиб кетган. 2300-йил олдин туркий тиллар ажралди деганимиз 2300-йил олдин туркий тил соф ҳолатда турган дегани эмас. 2300 эмас, 3000-йил олдин ҳам ўша прототурк тили хитой тили билан, тохар тили билан, эроний тиллар билан балки алоқа қилган.
Аллақачон 700 йил давомида хитойча, тохарча сўзларни олиб, кейин бўлиниб кетгандир балки. Мана шунақа қараш илгари суриляпти ва бу жуда кўп ўхшашликларни тушунтириб беради. Картвел тилидаги бир сўз баск тилидаги бир сўзга ўхшаб қолса, улар қариндош бўлиши шарт эмас. Ўша биз билмаган даврда, 70 минг йил олдин қанақадир маданий контактлар орқали битта сўз у ёқдан бу ёққа кўчиб юрган, деган қараш бор.
Ҳозир мен ҳамма назариялар, ҳамма исмларни келтирмайман. Қисқача тушунтирадиган бўлсам, картина қанақа? Айтишадики, қадимда давлатлардан олдин одамлар маълум бир кичкина ва ўрта гуруҳлар шаклида яшаган. Кимдир ғорда, кимдир кичкина қишлоқлар қуришни бошлаган ва кўпинча ҳар бир қабиланинг ўзига хос тили бўлган. Улар айнан бир-биридан келиб чиқиши шарт эмас. Ҳамма, ҳатто ёнма-ён яшаган қабилалар ҳам бир-бирини тушунмайдиган даражада хилма-хил тилда гапирган бўлиши мумкин.
Кейинчалик бу давр оилаларгача бўлган давр, дейиляпти. Яъни, ҳар бир қабиланинг алоҳида тили бор. Бу тиллар бир илдиздан келиб чиқмаган, лекин бир-бири билан контакти бор. Масалан, бир қабила буғдойни ўйлаб топса, кейинги қабилага буғдойни етказади, алмашади ва буғдой билан бирга сўз ҳам уларнинг тилига ўтади. Буғдой сўзи ҳам мана шунақа кенг тарқалиб кетган. Семит тиллари билан ҳинд-европа тилларида ўхшайди ва ҳоказо.
Шунинг учун тил қадимда инновация тарқатиш тармоғи бўлган, дейишади. Тил орқали инновациялар ҳам тарқалган. Шунинг учун, масалан, бундан 15 минг йил олдин Яқин Шарқдан Хитойга технология билан бирга сўзлар ҳам келган бўлиши мумкин. Балки ундан ҳам қадимги даврда бу воқеа юз бергандир.
Демак, оилаларгача бўлган давр шунақа бўлган, тиллар хилма-хиллиги ва биз ўйлагандан кўра интенсивроқ контактлар, бир-бири билан жуда яқиндан маданий, иқтисодий алоқада бўлган. Кейин нима ўзгарди? Неолитик демографик портлаш рўй берди. Шунақа қараш борки, неолит даврида деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишни бошлаган жамиятларда озиқ-овқат ортиқчаси билан йиғилиб қолган. Бунинг натижасида улар кескин кўпайишга имконият топди. Масалан, ресурс чекланган бўлса, қабила фарзандларини планлаштиради. Дейлик, оилада битта фарзанд бўлса, боқа оламиз, у бизга яна қўшимча маҳсулот, овқат ишлаб чиқаришга ёрдам беради. Лекин оиламизда иккита фарзанд бўлса, оч қоламиз, ресурс етмайди. Чорвачилик, деҳқончилик шароитига келиб, ортиқча маҳсулот йиғиляпти, одамлар бемалол кўпайсак бўлади деяпти.
Кескин равишда деҳқон, чорвадор жамоаларнинг сони ортиб кетади ва неолитик экспансия бошланади. Неолит даврида деҳқонлар, чорвадорлар бутун дунёга кескин тарқалиб кетади. Чунки сони ошяпти ва уларга янги жойлар керак, мол боқиш учун, буғдой экиш учун, арпа экиш.
Улар бутун дунёга тез тарқаляпти ёки ўзининг инновациясини бошқа халқларга тарқатяпти, шу экспансия давомида жуда кўп ҳудудларда тил хилма-хиллиги йўқ бўлиб кетган дейишади. Яъни, аслида ҳозир эмас, неолитгача тиллар кўпроқ бўлган. Ҳозир биз неолитдан олдинги тил хилма-хиллигининг қолдиқларини кўряпмиз. Жуда кўп тиллар йўқолиб кетган. Балки 80, балки 70, балки 90 фоизи йўқолиб кетгандир. Унинг фақат реликтлари қолган.
Масалан, Яқин Шарқда энг қадимги ёзма маданият бўлгани учун бугунгача етиб келган тилларни биламиз: семит тиллари, ҳинд-европа тиллари. Лекин урарт, хуррит, аккад, элам тиллари авлод қолдирмаган. Ёки дейлик, Ҳиндистонда, Покистонда асосан ҳинд-европа тиллари тарқалган, лекин тоғларда бурушаски, вершик деган кичкина тиллар қолиб кетган. Улар ҳеч кимга қариндош эмас. Европада этрусклар ҳеч кимга қариндош эмас. Испанияда басклар ҳеч кимга қариндош эмас. Россиянинг шимолида кам сонли халқлар бор, ҳеч кимга қариндош эмас. Ана шулар тил хилма-хиллиги реликтлари, қолдиқлари дейишади. Бу хилма-хиллик Кавказда нисбатан яхши сақланган. Шунинг учун кичкина Кавказда жуда хилма-хил, кўп майда тиллар бор ва уларнинг ҳам ҳеч қайсиниси бир-бирига қариндош эмас.
Картвел тиллари Шимолий Кавказ тилларига қариндош эмас. Бошқа Кавказ тиллари бўлиниб ётибди. Қолган ҳамма жойга неолит давридан бошлаб семитлар, ҳинд-европаликлар, дравидлар, олтой, урал халқлари тарқаб кетган деган фикр бор. Агар бу тахмин тўғри бўлса, демак, бизнинг тилларимиз босқинчи тиллар бўлади. Улар неолит даврида устунликка эга бўлиб дунёдаги хилма-хилликни йўқ қилиб юборган.
Худди бизнинг ҳужайрамиз тирикликнинг бошқа шаклларини йўқ қилиб, бирози қолгани каби. Бизнинг тилларимиз ҳам ана шунақа. Тўғри, ҳозир сон жиҳатдан тиллар кўпдир, лекин келиб чиқиш жиҳатдан уларнинг ҳаммаси маълум бир оилаларга мансуб. Хилма-хиллик кам қолган. Бу энди жуда кўп нарсани тушунтириб беради.
Биринчидан, оилалар қанақа келиб чиққанини тушунтиради. Иккинчидан, ўхшаш сўзлар қаердан келиб чиққанини тушунтиради. Демак, гап қариндошликда эмас, гап ўша қадимдан бўлган контактларда. Мен жуда содда қилиб тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бунинг ичида ҳам турли баҳслар бор. Видеомизни маълум бир тилшунос кўриб, йўқ, шу жойда хато гапирдинг, шу жойда умумийлаштириб кетдинг дейиши аниқ.
Демак, бу қарашнинг ичида ҳам бир қанча мактаблар бор, фаразлар бор, баҳслар бор. Умумий картина шунақа. Энди сизга битта зўр мисол келтирмоқчиман. Формулага ўхшаб ётибди, ҳозир тушунтиришга ҳаракат қиламан. Маъруза бошида ўзимиздаги ҳўкиз сўзи билан окс сўзининг ўхшашлигини мисол қилиб келтирдим.
Қаранг, агар мен 150 йил олдин яшаган тилшунос бўлганимда балки ҳинд-европа тилларининг туркий тилларга қариндошлигига қизиқиб қолган бўлардим. У пайтда мода бўлган қиёслаш усуллари бор эди. Бугун этимологик базалар яратилиб, ҳамма сўзларнинг қадимги шакллари реконструксия қилингани учун мен нима қиламан? Боя айтганимдек, бугунги ҳўкиз сўзи билан бугунги “ох” сўзини қиёсламайман. Мен энг қадимги туркий тилдаги шаклини оламан ва энг қадимги праҳинд-европа шаклини оламан. Ана шунда ҳеч қандай ўхшашлик қолмайди.
Қаранг, ҳўкиз сўзи қандай ўзгарганига эътибор беринг. Бу туркий тиллар қандай ривожланганини зўр тушунтириб беради. Ҳўкиз сўзининг охирида з товуши бор ва қадимги тилда, Старостин айтган ўша 2300-йил олдинги прототурк тилида ўша з товушининг ўрнида р товуши бўлган. Яъни, р товуши кейинчалик з га ўтади. Буни зетацизм ҳодисаси дейишади.
Бугунги ўзбек тилида қайси сўзнинг охирида ё ўртасида з товуши турган бўлса, бемалол уни р га ўтказишингиз мумкин. Буни исботлайдиган асослардан бири булғор тиллари материаллари, хусусан, бугун тирик бўлган чуваш тилида мана шунақа. Улар ҳозиргача з нинг ўрнига р ишлатишади. Биз тўққиз десак, улар тоқур дейди. Мана шу қадимги реконструксияга асос бўлади.
Демак, *ҳöкüр деб тиклаяпмиз. “ох”га ўхшашлиги қолмади. Лекин яна бир чуқурроқ параллел бор. Туркий тилларда сўз бошида п товуши келмайди. Бир-иккита мисол бор, масалан, пичоқ. Пичоқнинг қадимги шакли биčäк. Б бўлган. Бухорода ҳали ҳам бичоқ дейишади. Демак, туркий тилларда п товуши сўз бошида келмайди.
Бунинг сабаби, бир қатор туркиялик, финландиялик, венгриялик турколог ва олтойшуносларга ишонадиган бўлсак, жуда қадимда, олтой босқичида сўз бошидаги *п қисқариб, *ҳ га ўтиб кетган. Ўзи ҳ товуши туркий тилларда кам учрайди. Лекин 20 та, 30 та сўз бор, сўз бошида ҳ туради, аспирация. Юмшоқ айтилади, ҳ деб. У ҳаттоки мустақил товуш ҳам эмас, чунки бошқа позицияларда учрамайди.
Тахмин қилинадики, *п товуши сўз бошида йўқолишига сабаб, *п тушиб қолиб, *ҳ га айланган. Бундай тахминларнинг асоси шундаки, олтой тилларига кирувчи мўғул тилида ва бошқа тилларда сўз бошида п бўлса, ўша туркий тилларда ҳ га тўғри келади. Масалан, пöкüр ё пüкер деган шакллар мўғул тилларида ростдан сақланиб қолган, бизда *ҳöкüр ёки ҳöкüз шаклида келади.
Демак, биз сўзнинг энг қадимги шаклини тикладик. Бу камида 3000-йиллик шакл, туркий тиллар бўлинишидан олдинги шакл. *П билан. *Пüкер бўляпти. Инглиз тилидаги “ох”ни биз праҳинд-европа тилларига олиб борсак, *уксен бўляпти. Умуман бир-бирига ўхшамайди. Яъни, қанча қадимга олиб борсангиз, шунча бир-бирига ўхшамай қоляпти. Демак, улар бугунги кунга келибгина бир-бирига ўхшаб қолган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам тилшунослар доимо сўзнинг энг қадимги шаклини қиёслашга чақиради.
Лекин биз энг қадимги прототурк шаклини тиклаганимизда кутилмаганда ҳинд-европа тилларидаги бошқа бир ўзакка ўхшашлик чиқиб қолди. Лотин тилида песус, санскрит тилида пасу, праҳинд-европа тилида *пеку. Бу дегани мол ёки мол-давлат дегани. Икки хил маъноси бор. Биринчиси, ўша умуман чорва, иккинчиси бойлик маъносида. *Пеку сўзи *пüкер сўзига ўхшатилади. Қаранг, биз шаклан ўхшаш жойдан қариндошлик топмаяпмиз, лекин энг қадимги шаклини тикласак, қаерданддир параллел чиқиб қоляпти.
Буни қандай тушунтирамиз? Бу тилшуносликда вандерворт дейилади. Боя айтганимдек, тиллар инновация тарқатувчи тармоқлар бўлиб хизмат қилган. Бир технология кашф қилиндими, ўша технология бошқа халқларга етиб борган ва ўша етиб борган технологиянинг номи ҳам бирга кириб келган. Масалан, шартли равишда чорвачиликни олтой халқларига ҳинд-европа халқлари ўргатган бўлса, шу сўзни ҳам улар бирга олиб келган бўлади.
Бу қариндошликдан далолат бермайди, лекин контактларимиз неча минг йил олдин бўлганини кўрсатади. Биз ўйлагандан кўра чуқурроқ даврда ҳам контактлар бўлган. Худди шунақа қилиб, биз олтой оиласини ҳам тушунтиришимиз мумкин. Боя қариндошлиги исботланмаяпти, тасдиқланмаяпти, дедик. Лекин мана бунга ўхшаган параллеллар олтой тилларида тиқилиб ётибди. Тўғри, сонлари ўхшамайди, базавий луғатда муаммолар бор, лекин ўхшаш сўзлар юзлаб. Грамматика, сўз ясалиш структуралари, сингармонизм, агглютинация тўлиқ ўхшайди. Буни қанақа тушунтирамиз?
Буни зўр тушунтиришади. Айтишадики, Хитой шимолида бир қанча қадимги кечки неолит ва бронза даври маданиятлари бор. Тахминан ўша неолит даври ва ундан сал кейинги даврга келяпмиз, бир қанча маданий комплекслар бор. Қадимги Хитой маданияти кўпроқ жанубдаги комплекслардан ўсиб чиққан. Шимолда ким яшаган, деган савол туради.
Кўп келтириладиган мисол — Синлунва маданияти. Анча қадимги тарихга эга, у 6000 ёки ундан қадимгироқ даврга оид. У бугунги кунда Хитойдаги Манжурия ҳудудларига тўғри келади. Хитой маданияти биринчи бўлиб аждаҳо образи яратилган маданият ҳисобланади. Синлунва маданияти билан бир-бирига қариндош бўлмаган тилда гапирувчи қабилалар тўпланган ва улар минг йиллар давомида бирга яшаган деб тахмин қилинади. Кейинчалик эса минг йиллар давомида тили бир-бирига ўхшаб кетган. Бу нарса тилшуносликда конвергент эволюция дейилади.
Масалан, ўзбек тили билан тожик тили қариндош эмас, лекин жуда ҳам ўхшайди, тўғрими? Талаффузи, фонетикаси ўхшайди, луғати ўхшайди. Балки ўша ерда бир ўнлаб тиллар тўпланиб, луғати, сингармонизми, агглютинация, бошқа-бошқа хусусиятлари ўхшаб қолгандир, бирга яшагани учун, дейилади. Унақа мисоллар ўзбек-тожик тилида ҳам, дунёнинг кўп қисмларида ҳам бор.
Масалан, Болқон иттифоқи дейилади, сиёсий иттифоқ эмас. Болқонда бир-бирига қариндош бўлмаган тиллар бир-бирига жуда яқинлашиб кетган. Болгар тили, грек тили, албан тили бир-бирига жуда яқинлашиб кетган. Параллеллари ниҳоятда кўп. Ана шунақа бўлиб, олтой тиллари балки қариндош эмас, битта тилдан тарқалмаган, лекин конвергент эволюцияга учраган дўстлардир.
Яъни, улар қариндош эмас, дўст. Буни полифилетик оила, яъни умумий илдизга эга бўлмаган, яқинлашиб кетган оила дейишади. Балки улар мана шунақа оиладир. Аввалига ўнлаб тиллар бўлган, улар ўша даврда бирга яшаб, жуда яқинлашиб кетган, баъзи бир қабилалар устунликка эга бўлиб, бошқа тилларни ассимиляция қилиб, йўқ қилиб, кенг тарқалиб кетган деган қараш бор.
Яъни, олтой тиллари ўзаро қариндош бўлмаган бешта тил гуруҳидан иборат. Лекин бу бешта тил гуруҳи бошқаларини қириб, йўқ қилиб, омон қолган тиллар. Аслида у ерда балки ўнлаб бир-бирига қариндош бўлмаган тиллар бўлиши мумкин. Яъни, боя айтганимдек, бизнинг тилларимиз босқинчи тиллар. Биз иқтисодий устунликка эга бўлиб, уни сиёсий устунликка конвертация қилиб, бошқа майда тилларни йўқ қилиб юборганмиз. Балки ҳозир олтой оиласи 15 та гуруҳдан иборат бўлиши мумкин эди.
Бугун бештасининг авлодлари қолган, биз ҳозир ўшалардан бирида гаплашяпмиз. Чунки Хитой манбаларида ўнлаб қабилалар тилга олинади. Қадимги халқларнинг тили ҳақида аниқ материалимиз бўлмаса, демак, улар авлод қолдирмаган тил ҳам бўлиши мумкин. Биз бугун фақат ўзимиз билган вариантлардан қидирамиз. “Тирик қолганлар хатолиги” дейилади-ку. Биз тирик қолганлармиз. Аслида, қадимда тиллар ниҳоятда кўп бўлган, хилма-хил бўлган.
Биз ўзимизнинг тарихимизни реконструксия қилган пайтимиз уларни ҳозир инобатга олмаймиз. Аслида, ҳозирги тилшунослик тўғри нуқтага келяпти. Биз қариндош эмасмиз. Туб илдизимиз битта тилга бориб тақалмайди, лекин биз 100 минг йиллар давомида дўст бўлиб алоқа қилганмиз ва маълум нуқтада бир-биримизни қириб йўқ қилганмиз ва тирик қолганлармиз, холос. 90 фоиз бошқа тилларни биз йўқ қилганмиз, дейишади. Ва ўша йўқ бўлган тилларни биз реконструксияларимизда ҳамиша инобатга олишимиз керак, дейишади.

