Лавровнинг яқинлари урушдан сўнг БАА паспортларини олгани аниқланди

Лавровнинг яқинлари урушдан кейин БАА паспортларини олгани маълум бўлди
Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга яқин бўлган шахслар БАА паспортларига эга бўлган.
Бу гап Лавров билан яқин алоқада бўлган Светлана Полякова ва унинг қизи ҳақида кетмоқда. Полякова 2022-йил 28-декабрда “давлат олдидаги хизматлари учун” БАА фуқаролигини олган. Унинг қизи Полина Ковалёва эса ундан бироз олдинроқ ишга жойлашгани муносабати билан БАА паспортига эга бўлган.
Полякованинг Лавров билан яқин муносабатлари борлиги 2021-йилда ошкор қилинганди. “Важние истории” маълумотларига кўра, у Россия Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган ва вазирга хорижий сафарларида ҳамроҳлик қилган. Бир нечта кишининг телефонида у расмий равишда бу фамилияни олмаган бўлса-да, Светлана Лаврова сифатида сақланган.
Журналистлар Полякова умумий қиймати 700 миллион рублдан ортиқ кўчмас мулкка эгалик қилишини ҳам аниқлаган. ФБК суриштирувида, шунингдек, Полякова ва унинг оиласи россиялик миллиардер Олег Дерипасканинг хусусий самолётлари ҳамда хориждаги кўчмас мулкларидан фойдаланиб келгани қайд этилади.
Полина Ковалёва уруш бошлангунига қадар Буюк Британияда яшаган. У Лондондаги Империал коллежининг бизнес мактабида таҳсил олган ва Британиянинг бир нечта компанияларига эгалик қилган. 2016-йилда, 21 ёшида Ковалёва нуфузли Кенсингтон раёнидаги хонадонни 4,4 миллион фунт стерлингга сотиб олган. Уруш бошланиши ва санксиялар жорий этилгач, у Англиядан кетган ва Доҳадаги Қатар Инвестмент компаниясига ишга кирган.
БАА фуқаролигини олиш жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Хорижликлар учун одатий фуқароликка қабул қилиш тартиби мамлакатда 30 йил узлуксиз яшашни, араб тилини билишни ва ижобий обрўга эга бўлишни талаб қилади. 2021-йилдан бошлаб инвесторлар, олимлар, шифокорлар, ихтирочилар ва санъат арбоблари учун “алоҳида хизматлари учун” фуқаролик олиш имконияти берилган. Бироқ номзод аризани мустақил топшира олмайди, уни федерал ҳокимият идоралари ёки амирликлар ҳукмдорларининг девонлари тавсия этиши шарт.
Маълумот учун, АҚШ май ойида Лавровнинг ўринбосари Александр Алимовга БМТ Хавфсизлик кенгашининг очиқ мунозараларида қатнашиш учун виза бермаганди. Ўшанда Москва АҚШнинг бу қарорини БМТнинг марказий муассасалари тўғрисидаги битим мажбуриятларини бузиш деб баҳолаганди.

