Ирпендаги амалга ошмай қолган суиқасд: гумондор Варшавада ҳибсга олинди
Варшавада 63 ёшли Украина фуқароси қўлга олинди. Полша Ички хавфсизлик агентлиги (АБВ) уни Россия махсус хизматлари топшириғи билан Украина мудофаа саноати вакилига суиқасд уюштиришга уринганликда гумон қилмоқда. Варшава суди гумондорни уч ойга ҳибсга олди.

Ирпенда амалга ошмай қолган суиқасд: гумондор Варшавада қўлга олинди
Полша Ички хавфсизлик агентлиги (АБВ) 20-август куни Варшавада Украина фуқароси Сергей П. ҳибсга олинганини эълон қилди. У Украина мудофаа саноатининг номи ошкор этилмаган вакилига суиқасд уюштиришга уринишда гумон қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, 63 ёшли Сергей П. аслида 5-август куни қўлга олинган.
АБВ баёнотида айтилишича, суиқасд Украина Киев вилоятининг Ирпен шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган. Гумондор эҳтимолий қурбоннинг автомобили тагига портловчи қурилма ўрнатган.
Тергов версиясига кўра, автомобил масофадан туриб портлатилиши керак бўлган. Бироқ механизм ишламаган ва портлаш содир бўлмаган. Шундан сўнг гумондор Украинадан чиқиб, Полшага йўл олган.
Полша тергов органлари Сергей П. Россия махсус хизматлари буюртмаси асосида ҳаракат қилган деб ҳисобламоқда. Варшава суди уни ноқонуний йўл билан олинган портловчи моддалардан фойдаланиб одам ўлдиришга уриниш айблови бўйича уч ой муддатга ҳибсга олган.
**Россия махсус хизматлари билан боғлиқ бошқа ишлар**
Сўнгги вақтларда Полшада Россия махсус хизматлари билан алоқадорликда гумон қилинган шахсларни қўлга олиш ҳолатлари ҳақида тез-тез хабар берилмоқда.
13-август куни Полшада Россия фуқароси ушланганлиги маълум бўлган. У АҚШ ва Украина фуқаролигига эга шахсни ўлдиришга тайёргарлик кўришда гумон қилинган.
РМФ ФМ радиостансияси маълумотига кўра, ушланган шахс Донбассда туғилган бўлиб, украиналик репер Алберт Василев - Кьивстонеръга суиқасд уюштиришни режалаштирган.
Аввалроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) мусиқачини Москва вилоятидаги стратегик корхонага кенг кўламли дрон ҳужумини ташкил этишда айблаган эди. Кьивстонер эса бу айбловларни қатъиян рад этган.
Бундан ташқари, июл ойида Полшада 18 ёшли Украина фуқаросига ҳам айблов эълон қилинган. Тергов версиясига кўра, у Россия махсус хизматларининг топшириғи билан Киев ва Варшава ўртасидаги муносабатларда кескинлик келтириб чиқаришга қаратилган диверсия ҳаракатларини амалга оширган.
Полша прокуратураси маълумотига кўра, гумондор 2024–2025-йилларда жами 47 та жиноий ҳаракат содир этган. Улар орасида ёдгорликларни, жумладан, Украина исёнчилар армияси (УИА) қурбони бўлган полякларга бағишланган мемориалларни таҳқирлаш ҳолатлари ҳам бор.

