Ланг Ланг илк бор Самарқанддаги Регистон майдонида чиқиш қилди
6 сентябрь куни Самарқанддаги Регистон майдонида замонамизнинг энг машҳур пианиночиларидан бири Ланг Ланг ва Алибек Кабдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг концерти бўлиб ўтди. Концерт Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилди.

Ланг Ланг илк бор Самарқанддаги Регистон майдонида чиқиш қилди
6 сентябрь куни Самарқанддаги Регистон майдонида замонамизнинг энг машҳур пианиночиларидан бири Ланг Ланг ва Алибек Кабдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг концерти бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилди.
Ушбу концерт Жамғарманинг санъат орқали маданий алмашинувни ривожлантириш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро маданий ташаббусларининг давоми бўлди. Пекиндаги Буюк Хитой девори этагидаги чиқишдан сўнг, мусиқачилар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объекти ва Ўзбекистон тарихий ҳамда маданий меросининг бош рамзларидан бири бўлган Регистон майдонида янги дастурни тақдим этдилар.
Ланг Ланг — XXI асрнинг энг нуфузли мусиқачиларидан бири бўлиб, унинг ижодий таржимаи ҳоли дунёнинг етакчи концерт майдонларини, жумладан Carnegie Hall, Royal Albert Hall, Берлин филармонияси ва Вена Музикферайн залларини қамраб олади. Пианиночи 2008 йилда Пекиндаги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида чиқиш қилган, 2018 йилда Пхёнчхандаги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этган, шунингдек, йирик халқаро маданий ва давлат тадбирларида классик мусиқа санъатини бир неча бор намойиш этган.
Ўзининг ижрочилик фаолияти ва таълим лойиҳалари билан Ланг Ланг дунёда классик мусиқанинг асосий тарғиботчиларидан бирига айланди.
Самарқандда Ланг Ланг ва Алибек Кабдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри жаҳон классикаси дурдоналарини бирлаштирган дастурни ижро этдилар.
Кечанинг бош асари Сергей Рахманиновнинг фортепиано ва оркестр учун Иккинчи концерти — жаҳон фортепиано репертуарининг энг машҳур асарларидан бири бўлди. Дастурдан, шунингдек, миллий мусиқа анъаналарининг бойлиги ва ўзига хослигини акс эттирувчи ўзбек композиторларининг асарлари ҳам жой олди.
Регистон майдонидаги концерт Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилаётган йирик халқаро мусиқий лойиҳалар туркумини давом эттирди.
Сўнгги йилларда мамлакатнинг тарихий масканлари дунёнинг таниқли санъаткорлари чиқишлари учун майдонга айланиб, халқаро маданий мулоқотни ривожлантиришга ва Ўзбекистоннинг халқаро маданий ҳаётнинг кўзга кўринган марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

