Қирғизистон ва Ўзбекистон расман ҳудуд алмашиш жараёнини бошлади (фото)

Қирғизистон ва Ўзбекистон расман ҳудуд алмашиш жараёнини бошлади. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг Боткен вилоятидаги ваколатхонаси хабар берди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон Фарғона вилояти таркибида бўлган Чўнғара ва Тоштепа қишлоқларини расман топшириш бўйича ташкилий-техник ишларни бошлади. Бу жараён Қирғизистон—Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш ва ер участкаларини алмашиш бўйича келишувлар доирасида амалга оширилмоқда.
Икки мамлакат қўшма ищи комиссиясининг навбатдаги йиғилиши 24-июл куни Қадамжой туманида бўлиб ўтди. Унда томонлар топширилаётган ҳудудлар аҳолисининг фуқаролик мақоми, кўчириш, мулк, хўжалик фаолияти ва бошқа ташкилий масалаларни муҳокама қилди.
3-августдан бошлаб қўшма ищи гуруҳ бевосита қишлоқларда иш бошлади. Мутахассислар аҳолини рўйхатга олиб, кейинги ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини тушунтирмоқда.
Қирғизистон томонига президентнинг Боткен вилоятидаги вакилининг биринчи ўринбосари Бақтибек Тўқсонбоев, Ўзбекистон томонига эса ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти раҳбари ўринбосари Беҳзод Сайфуллаев бощилик қилмоқда.
Чўнғара ва Тоштепа қишлоқларида асосан этник қирғизлар истиқомат қилади. Ушбу икки аҳоли пунктининг аҳолиси сони 2,5 минг кишига яқинни ташкил этади.
Рўйхатга олиш якунлангач, фуқароларга Қирғизистон фуқаролигини бериш бўйича қонунчиликда белгиланган тартиб-таомиллар бошланади. Бунинг эвазига Қирғизистон томони Ўзбекистонга майдони бўйича тенг ер участкаларини беради.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон икки мамлакат фуқароларини чегарадан ўтгандан сўнг 15 кун давомида мажбурий рўйхатдан ўтишдан озод қилишга келишиб олганди.

