Лабораторияда ўстирилган инсон мия тўқимаси сичқонга кўчириб ўтказилди

Лабораторияда етиштирилган инсон мия тўқимаси сичқонга кўчирилди
Олимлар лабораторияда ўстирилган инсон мияси тўқимасини генетик муҳандислик орқали етиштирилган сичқонларга кўчириб ўтказди. Тадқиқотчилар буни инсон мияси ривожланишини ўрганишда муҳим босқич деб баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, бу усул аутизм, тутқаноқ (эпилепсия), бош мия фалажи (ДСП) ва шизофрения каби оғир касалликлар сабабларини ўрганишни тезлаштириши мумкин.
Маълум бўлишича, мия тўқимаси сичқонларга кўчириб ўтказилгач, у мия ривожланишининг асосий хусусиятларини намоён қилган ва нейрон тармоқларини ҳосил қилган. Тажриба учун мия пўстлоғининг катта қисми бўлмаган сичқонлар танлаб олинган. Олимларнинг айтишича, этик сабабларга кўра тирик инсон мияси тўқимасини ўрганишнинг имкони йўқ, шу боис бу усул жуда аҳамиятлидир.
Стенфорд университети нейробиологи ва Натуре журналида эълон қилинган тадқиқот муаллифи Сержиу Пашка бу усул ёрдамида инсон асаб тўқимасини генлардан тортиб алоҳида ҳужайраларгача ўрганиш мумкинлигини айтди.
Олимлар лабораторияда инсон мия пўстлоғининг асосий ҳужайраларини ҳосил қилувчи кичик 3Д “органоидлар” яратди. Мия пўстлоғи фикрлаш, тил, диққат ва қарор қабул қилиш каби жараёнларни бошқаради. Органоидлар тери ёки қон ҳужайраларини ўзак ҳужайраларга айлантириш орқали ўстирилди.
Олимлар сичқонларнинг мияси ва хотира қисми ўсмайдиган қилиб генини ўзгартирди. Натижада сичқон миясида бўш жой пайдо бўлди. Шу бўш жойга инсон мияси бўлагини ўтказишди ва у шу ерда ривожланиб, сичқоннинг асаб тизимига уланиб кетди. Бу тўқима ичида ҳатто хотира сусайиши (ақли заифлик) касаллигида биринчи бўлиб зарарланадиган жуда камёб инсон ҳужайралари (фон Экономо нейронлари) ҳам ўсиб чиқди.
Шундан сўнг олимлар сичқонларни кислород кам муҳитга солиб кўрди. Оддий сичқонларга бу таъсир қилмади. Аммо инсон мияси тўқимаси бор сичқонларнинг ҳаракати ва юриши бузилди.
Олимларнинг таъкидлашича, бу тадқиқот касалликлар қандай пайдо бўлишини тирик организмда кузатиш имконини беради. Хусусан, бу туғуруқ вақтида кислород етишмай қолган чақалоқларда мия қандай зарарланишини тушунишга ёрдам беради.

