Ла-Манш бўғозида кичик қайиқлар билан боғлиқ энг кўп қурбон келтирган фожиа бўйича ўн тўрт киши суд олдида жавоб бермоқда
2021 йил 24 ноябрда резина қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида камида 30 эркак, аёл ва бола чўкиб кетди.

Парижда Ла-Манш бўғозида кичик қайиқлар билан боғлиқ энг даҳшатли фожиадаги иштирокида гумон қилинаётган 14 нафар контрабандачи устидан суд жараёни бошланди.
2021 йил ноябрь ойида Франция ва Буюк Британия ўртасида моторли резина қайиқнинг ҳавоси чиқиб кетиб, сув тўла бошлаши оқибатида камида 30 нафар эркак, аёл ва бола ҳалок бўлган эди.
Асосан Афғонистон фуқаролари бўлган 14 нафар судланувчи уюшган жиноий гуруҳ таркибида одам ўлдириш ва ноқонуний иммиграцияга кўмаклашишда айбланмоқда.
Уларнинг аксарияти айбловларни рад этмоқда. Жиноий гуруҳ етакчилари экани айтилаётган 14 кишидан икки нафари ҳали ҳам озодликда ва улар сиртдан суд қилинмоқда.
Қайиқ 2021 йил 23 ноябрь куни кечқурун Франция қирғоқларидан йўлга чиққан, бироқ Ла-Маншнинг ўртасида ҳалокатга учраган.
Қайиқдагилар оғирликни камайтириш мақсадида бирин-кетин сувга тушишган, бироқ совуққа бардош беролмай, чўкиб кетишган. Фақат икки киши омон қолган.
Айблов хулосасида айтилишича, судланувчилар «денгизда сузишга яроқсиз, сифати паст, ҳаддан ташқари тўлдирилган ва номуносиб қутқарув нимчалари билан жиҳозланган кичик қайиқни» сувга туширишга ёрдам беришган.
Қайиқ чўкиб кетганидан кейин 27 кишининг жасади топилган, яна тўрт киши бедарак йўқолган деб эълон қилинган.
Ҳалок бўлганларнинг аксарияти ироқлик курдлар бўлган, қолганлари эса Сомали, Эфиопия, Миср ва Афғонистондан бўлган. Исми маълум бўлган энг ёш қурбон етти ёшда эди.
Айрим яқинлари уч ҳафта давом этиши кутилаётган суд мажлисининг очилишига қатнашиш учун Парижга келишган.
«Контрабандачилар яна бир бор мутлақ беписандлик кўрсатишди. Мигрантлар денгизчи эмас», деди кўплаб оилалар манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Эммануэль Дауд.
«Контрабандачилар нима қилаётганларини жуда яхши билишади. Улар мигрантларни ўлимга жўнатиш орқали онгли равишда таваккал қилишади».
Судланувчилар мигрантларни жойлаштириш ва ташиш, улар фойдаланган қайиқни етказиб бериш ҳамда улар тўлаган пулларни бошқариш орқали ушбу ҳалокатли сафарни ташкил этишга ёрдам берганликда айбланмоқда.
Бироқ кўпчилик ўзлари ҳам мигрант бўлганликларини ва агар бу ишга алоқадор бўлишган бўлса ҳам, фақат ҳақиқий ташкилотчиларнинг буйруғи билан ҳаракат қилишганини айтмоқда.
Ушбу фожиа Ла-Маншнинг ҳар икки томонида тергов ҳаракатлари бошланишига сабаб бўлди. Ҳалокатга учраган қайиқдан қайта-қайта қўнғироқлар бўлганига қарамай, Британия ва Франция қутқарув қайиқларининг одамларни қутқармаганлиги борасида саволлар пайдо бўлди.
Францияда етти нафар ҳарбий хизматчи — денгиз қутқарув маркази ходимлари ва ҳарбий-денгиз флоти кемаси экипажи хавф остида қолган шахсларга ёрдам бермаслик айби бўйича суд тергови остида қолмоқда.
Уларнинг суд қилиниши ёки қилинмаслигини судья ҳал қилади.
Буюк Британиядаги суриштирув шуни кўрсатдики, Дуврдаги Қироллик соҳил қўриқлаш хизмати ходимларнинг сурункали етишмовчилиги сабабли чекланган имкониятларга эга бўлган, кузатув самолёти эса ноқулай об-ҳаво шароити туфайли сафарбар этилмаган.
Шунингдек, кичик қайиқлардан қўнғироқ қилаётган мигрантлар ўз аҳволини бўрттириб кўрсатади деган кенг тарқалган фикр мавжуд бўлган, бу эса соҳил қўриқлаш хизматининг фавқулодда вазиятга етарлича баҳо бермаслигига олиб келган.

