Дунё

Кушнер Ҳамас раҳбари билан учрашди, Россияда омборлар ёнмоқда – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Кушнер Ҳамас раҳбари билан учрашди, Россияда омборлар ёнмоқда – кун дайжести

**АҚШ-Корея машғулотлари қисқартирилади**

Доналд Трамп 16-август куни Пентагонга Жанубий Корея билан ўтказиладиган 10 кунлик қўшма ҳарбий машғулотларни "сезиларли даражада қисқартириш"ни буюрди. АҚШ президенти бу қарорини машғулотларнинг юқори харажати ва Сеулнинг Эронга қарши ҳаракатларда иштирок этишдан бош тортгани билан изоҳлади.

Машғулотлар бошланишидан бир неча соат олдин Трамп ўзининг Трутҳ Сосиал ижтимоий тармоғида пост жойлаштириб, АҚШнинг машғулотларда иштирок этишга рози бўлганидан "хурсанд эмаслиги"ни билдирди. Шунингдек, у Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан "жуда яхши муносабатлар"га эга эканлигини таъкидлади.

"Шимолий Кореядаги Ким Чен Ин билан жуда яхши муносабатларим борлигини ҳисобга олсак, Қўшма Штатлар Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларда иштирок этишга аллақачон розилик берганидан норозиман," деб ёзди Трамп.

Маълумот учун, 17-27 август кунлари Жанубий Кореянинг 18 мингга яқин ҳарбий хизматчиси иштирокида "Улчи Фреедом Шиелд" қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилиши режалаштирилган эди. Машғулотлар дронларга қарши курашиш, ГПС сигналларини узиб қўйиш ва киберҳужумларни ўз ичига олиши кутилмоқда. Жанубий Корея томони машғулотлар режалаштирилганидек 17-август куни бошланганини маълум қилди, бироқ Трампнинг гапларига изоҳ беришдан бош тортди.

**Кушнер Ҳамас раҳбари билан учрашди**

АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили ва куёви Жаред Кушнер Ғазо сектори бўйича тинчлик режасини амалга ошириш доирасида Мисрда Ҳамас раҳбарияти вакиллари билан учрашди.

Ахиос нашри маълумотларига кўра, Кушнер ва Ҳамас вакиллари ўртасидаги музокара қарийб 90 дақиқа давом этган. Манбалар суҳбатни "жуда самарали" деб баҳолаган. Асосий масала Ҳамаснинг қуролсизланиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини амалда бажаришига қаратилган. Кушнер учун Ҳамас раҳбарлари бу мажбуриятларни ўз зиммасига олиши муҳим бўлган. У Ҳамас вакилларига, агар улар Исроил томонидан ҳам келишувда кўзда тутилган чоралар амалга оширилишини истаса, қуролсизланиш йўлида аниқ қадамлар ташлаши кераклигини билдирган.

Ахиос маълумотига кўра, музокараларда "Тинчлик кенгаши" бош директори Николай Младенов, Буюк Британия собиқ бош вазири ва кенгаш аъзоси Тони Блер, шунингдек, кенгашнинг катта маслаҳатчилари Аре Лайцтоун ва Лиран Танкман иштирок этган.

Ҳамас томонидан ҳаракат сиёсий бюроси раҳбари Халил ал-Ҳайя қатнашган. Учрашувда Миср умумий разведка бошқармаси раҳбари Ҳасан Рашад, Қатар дипломати Али ал-Тавадий ва исми ошкор этилмаган юқори мартабали туркиялик амалдор ҳам бўлган.

Музокараларда қуролсизланиш тушунчаси фақат қуролларни топшириш билан чекланмаслиги қайд этилган. Ахиос манбасига кўра, Ҳамасдан Ғазо секторидаги бошқарув ваколатларини Фаластин технократик ҳукуматига топшириш ва келажакда сектор бошқарувида ҳеч қандай рол ўйнамаслигини кафолатлаш ҳам кутиляпти.

**Зимбабведаги фожиа**

Зимбабвенинг Кариба кўлида паром ҳалокати оқибатида 84 киши ҳалок бўлди. Полиция бедарак йўқолганларни қидириш ишлари давом этаётганини маълум қилган. Кема Кариба шаҳридан Чалала балиқчилар посёлкасига кетаётган эди. 77 киши қутқариб қолинган.

Фалокат юз берган ҳудудда маҳаллий қутқарув хизматлари ва полиция бўлинмалари фавқулодда тартибда фаолият олиб бормоқда. Мутасаддилар ҳалок бўлганларнинг жасадларини сувдан чиқариб олиш ва уларнинг шахсини аниқлаш ишларини давом эттирмоқда. Кема ағдарилиб кетиш сабабларини ўрганиш бўйича тергов ҳаракатлари бошланган. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага кучли шамол ва тўлқинлар сабаб бўлган.

**Россияда омборлар ёнмоқда**

Украина дронлари 16-августга ўтар кечаси Россиянинг 16 региони ва Қримга ҳужум қилди. Ростов областида ҳужум оқибатида беш киши ҳалок бўлган.

Украина қуролли кучлари бош штаби Ростов областининг Каменск-Шахтинский шаҳрида "Каменский" комбинатига зарба берилганини маълум қилди – бу Россия мудофаа-саноат комплексининг "Ураган", "Смерч" ва "Торнадо-С" ўт очиш реактив тизимлари, шунингдек, бошқа қатор ракета тизимлари ҳамда авиация воситалари учун қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи корхонадир.

Москва шаҳри мери Сергей Собяниннинг маълум қилишича, 15-август куни кечқурундан 16-август куни тонгга қадар 600 та дрон Москва региони йўналишида учирилган.

Подолскда дрон урилиши оқибатида Вилдберриесънинг "Коледино" саноат паркидаги омбори ёниб кетган. Бу комплексга камида иккинчи бор ҳужум қилинмоқда. Олдинги ҳужум 20-июл куни рўй берганди.

Украинадаги мониторинг каналлар омбордаги ёнғин кўлами ва кўтарилган қуюқ тутун акс этган видеоларни эълон қилган. Украина мудофаа вазирлигига кўра, мамлакат қуролли кучлари Вилдберриесънинг энг йирик 10 та логистик марказларидан еттитасини сафдан чиқарган, Колединодаги омбор эса майдони катталиги бўйича энг йириги эди.

Россия ҳам тунда Киевга, шунингдек, Днипропетровск ва Полтава областларига зарбдор дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди.

Киевда "Почайна" метро бекати атрофидаги китоб бозори зарба остида қолган. Ҳужум оқибатида бир неча қатордаги савдо павилёнлари ёниб кетган. Тўқимачилик маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, кийим-кечак ва поябзал сотиладиган бошқа дўконлар ҳам зарарланган. "Суспілне" телеканали хабар беришича, метро бекатига кириш жойи ҳам шикастланган.

Бу ерда китоб бозори қарийб 30 йилдан буён мавжуд эди. Аввалига бозор худди шу номдаги метро бекати шарафига Петровка деб аталган, аммо кейинчалик у декоммунизация доирасида қайта номланганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.