Дунё

АҚШ Кўрфазга кираётган кемага ҳужум қилди, Зеленскийдан Россияга яна бир айблов – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ Кўрфазда кемага ҳужум қилди, Зеленский Россияни яна айблади – кун дайжести

**АҚШ-Эрон уруши**

Урушнинг тугашига умидлар сўниб бораётган бир пайтда, сешанба куни АҚШ ва ҳусийлар кемаларга қилинган алоҳида ҳужумлар ҳақида хабар беришди.

Қизил денгизнинг жанубий қисмидаги Боб ал-Мандаб бўғозида сешанба куни кичик юк кемасига қилинган ҳужум оқибатида экипажнинг тўрт аъзоси ҳалок бўлди. Шунингдек, Ямандаги ҳусийларга қарши ҳарбий гуруҳнинг икки қутқарувчиси ҳам ҳаётдан кўз юмди. Ҳужумга учраган “Тиҳамаҳ” кемаси Мисрга тегишли эди.

Ҳусийлар Боб ал-Мандаб бўғозида ҳарбий техника олиб кетаётган Саудия кемасига ҳужум қилганини маълум қилди. Саудия Арабистони бу хабарга изоҳ бермади.

Кеча, шунингдек, АҚШ ҳарбийлари вертолётдан Панама байроғи остидаги юк кемасига иккита “Ҳеллфире” ракетасини учирди.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг таъкидлашича, кема денгиз қамалини бузишни тўхтатиш бўйича такрорий огоҳлантиришларга эътибор бермаган. Денгиз хавфсизлиги бўйича манбалар кемага Уммон кўрфазига сузиб кираётган пайтда, Покистон қирғоқлари яқинида зарба берилганини айтмоқда.

Сўнгги икки кун ичида Эрон ҳам, Қўшма Штатлар ҳам ўз риторикасини кескинлаштирди.

Якшанба куни Эрон ҳарбий қўмондонларидан бири “Америка ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирмас ва Эроннинг шартларини қабул қилмас экан, Ҳўрмуз бўғози очилмаслигини” айтганди.

Эрондаги Муҳофизлар корпуси қўмондони маслаҳатчиси Муҳаммад Ризо Нақдий эса сешанба куни корпус “душман ҳудудида” операциялар ўтказиш қобилиятини ривожлантираётганини айтди. “Биз қачонки зарурат туғилса ва буйруқ берилса, операцияларни душман ҳудудига кўчира олишимиз керак. Бу эришилиши керак бўлган ҳужумкор доктринанинг ўзига хос хусусиятидир”, деди у.

Оҳаёда журналистларга гапирган Трамп эса “Эронда ҳаммаси яхши кетаётганини” айтди.

“Биз Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ назорат қиляпмиз. Бошқа ҳеч ким эмас, фақат биз. Агар ўйлаб қарасангиз, 51 йил давомида Яқин Шарқнинг зўравони бўлиб келган давлат бор... ва улар энди Яқин Шарқ зўравони эмас”, деди у.

**Россия-Украина уруши**

Украина ва Россия кеча тунда ҳам бир-бирига зарба беришни давом эттирди. Президент Зеленский эса Москвани Шимолий Корея ракеталаридан фойдаланишда айблади.

Украина расмийларининг айтишича, Россия тунда 120 та дрон ва турли хилдаги ракеталарни учирган. Бироқ биринчи марта отилган ёки уриб туширилган ракеталар сони маълум қилинмади.

Украина томонига кўра, Запорижжя шаҳрига қилинган ҳужумда етти киши ҳалок бўлган, камида 24 киши жароҳатланган. Зеленский ушбу зарбаларда Россия иттифоқчисининг баллистик ракеталарини қўллаганини айтди, аммо у ўз сўзларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирмади.

Бу Зеленский ва бошқа мулозимларнинг Россияни Шимолий Кореядан ҳарбий ёрдам олаётганликда биринчи бор айблаши эмас. Дам олиш кунларида Украина президенти Россияга 50 минггача Шимолий Корея аскари юборилаётгани ҳақида ҳам гапирганди.

Россиянинг ушбу ҳужумлари Украина дронлари Татаристонга зарба бериб, 15 киши, жумладан, 8 нафар ўзбекистонликни ўлдирганидан бир кун ўтиб содир бўлмоқда.

Украина эса кеча Россия ғарбидаги Воронеж шаҳрида “Вилдберриес” омборларига зарба берди. Ушбу компания сўнгги ҳафталарда бир неча бор нишонга олинган.

“Вилдберриес” ҳали ҳужумни тасдиқламади, аммо Украина билан чегарадош вилоятдаги объектлари эвакуация қилинганини билдирди.

**Асадга ўлим жазоси берилди**

Сурия суди сешанба куни собиқ диктатор Башар ал-Асадни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди.

Суд собиқ президентга “бир неча кишини ва болаларни қасддан ўлдириш, қийноқлар, асоссиз ҳибсга олишлар ва инсониятга қарши жиноятлар” учун ўлим жазоси тайинлаган.

Судя Асаднинг укаси – намойишларни бостириш, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва савдосига бощилик қилганликда айбланган Тўртинчи зирҳли дивизия раҳбари Моҳирга ҳам сиртдан ўлим жазоси берди.

Шунингдек, 2011-йилда Асадга қарши илк намойишлар бошланган жанубий провинсиядаги хавфсизлик мулозими Атиф Нажибга ҳам ўлим жазоси тайинланди. Асадларнинг амакиваччаси бўлган Нажиб 2025-йил бошида Сурия хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинганди. У судда шахсан иштирок этган ягона айбланувчи бўлди.

Асад 2024-йил декабрида Аш-Шаръа бощилигидаги гуруҳ ҳужуми натижасида ҳокимиятдан четлатилганди. Шундан сўнг Асадлар оиласининг ўнлаб йиллар давом этган бошқарувига ҳамда юз минглаб сурияликлар умрига зомин бўлган урушга чек қўйилди.

Ҳукм ҳақидаги хабарларни халқ суд биноси атрофида тўпланиб, ҳайқириқлар, қарсаклар ва Сурия байроғини ҳилпиратган ҳолда нишонлади. Жангчилар яқинлашиб келаётган пайтда Дамашқдан қочиб кетган Асад эса Россияда бўлиб турибди. Путин ўзининг собиқ иттифоқчиси ва унинг оиласига “ҳуманитар сабабларга кўра” бошпана берган.

**КХДР яна ракета учирди**

Чоршанба куни Шимолий Корея яриморолнинг шарқий қирғоқлари яқинидаги денгиз томон баллистик ракета учирди. Бу Пхенян азалдан қоралаб келаётган Сеул ва Вашингтоннинг йирик қўшма ҳарбий машғулотларидан бир неча кун олдин юз бермоқда.

Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, ракета бугун эрталаб соат 6:00 атрофида Вонсан ҳудудидан учирилган. Бу ҳудудда Шимолий Корея 6 кун олдин бошқа бир баллистик ракета учирганди.

Мудофаа идоралари ракета тахминан 700 км масофани босиб ўтганини айтди. Аммо Сеул расмийлари қуролни қисқа масофага учувчи баллистик ракета деб аниқ белгиламади. Унинг техник хусусиятлари чуқур таҳлил қилинмоқда.

Таҳлилчиларнинг айтишича, ушбу парвоз Шимолий Кореянинг қурол ишлаб чиқиш бўйича мавжуд жадвалининг бир қисми бўлиши эҳтимоли юқори. Аммо бу вақт АҚШ ва Жанубий Корея машғулотлари арафасида ишора юбориш мақсадида танланган бўлиши ҳам мумкин.

Жанубий Корея ҳисоб-китобларига кўра, чоршанба кунги парвоз жорий йилдаги 11-баллистик ракета синови бўлиши тахмин қилинмоқда.

Парвоз юзасидан Пхенян томонидан ҳеч қандай баёнот берилмади.

**Зилзила қурбонлари ошди**

Колумбия ғарбидаги вайронкор зилзила қурбонлари сони 254 кишига етди. Қутқарувчилар қулаб тушган бинолар остида қолиб кетган омон қолганларни қидиришмоқда.

7,4 магнитудали ушбу зилзила натижасида кўп қаватли турар жойлар, хусусий уйлар, мактаблар ва соғлиқни сақлаш марказлари ёрилиб, қийшайиб ёки ер билан яксон бўлган.

Зилзила эпицентрига яқин ўрмонли Чоко минтақасидаги кўплаб туб аҳоли жамоалари ҳанузгача электр энергияси ва асосий хизматлардан узилиб қолган. Бу эса қутқарув ишларини қийинлаштирмоқда.

Зилзила янги президент Абелардо Де Ланинг инаугурациясидан саноқли кунлар ўтиб содир бўлди. У жабрланган ҳудудларга бориб, уйларидан айрилган одамларга иқтисодий ёрдам кўрсатишга ваъда берди.

Айни пайтда қутқарувчилар кранлар, экскаваторлар ва ҳатто қўллари билан қазиш ишларини олиб бормоқда. Одамлардан иборат жонли занжир – вайроналар тўлдирилган челакларни қўлдан қўлга узатган ҳолда қулаб тушган бинолар остида қолганларни қидиришни давом эттирмоқда.

Сешанба куни тушдан кейин ҳолатига кўра, зилзиладан кейин 100 дан ортиқ афтершок қайд этилган.

Кали шаҳри соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, айни пайтда шаҳар ўликхонаси тўлиб қолган ва ҳукумат вакиллари кўчалардан яна кўплаб жасадларни олиб келишмоқда.

Талон-торож қилинишининг олдини олиш мақсадида тунги ҳарбийлаштирилган комендантлик соати жорий этилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.