Кристина Эпплгейт унга тарқоқ склероз ташхиси нотўғри қўйилганини айтди
У сешанба куни чиққан «Messy» подкастида янги маълумотлардан хурсанд бўлмаганини ва унинг симптомалри фақат «ёмонлашганини» айтди.

Кристина Эпплгейт унга тарқоқ склероз ташхиси нотўғри қўйилганини айтди
Кристина Эпплгейт беш йил давомида ўзини тарқоқ склероз (ТС) билан хасталанган деб ҳисоблаб келган, аммо яқинда бу ташхис нотўғри эканини билиб олди.
«Телебошловчи» (Anchorman) ва «Болали ва бахтли» (Married With Children) каби фильм ва шоулар орқали танилган актриса бу хабарни эшитганида «умуман хурсанд бўлмаганини» ва буни билгач, йиғлаб юборганини айтди.
«Нотўғри ташхис қўйилди дегани, бирдан тузалиб қолдим дегани эмас», — деди Эпплгейт сешанба куни чиққан Messy подкастининг эпизодида. «Аксинча, аҳволим янада ёмонлашди».
Жейми Сиглер билан биргаликда олиб борилган икки қисмли эпизод унинг ушбу маълумотни ҳазм қилиш учун олган яқиндаги танаффуси якунланганини билдиради. У ҳар куни бошдан кечираётган ва мажолсизлантирадиган симптомларнинг сабабларини текшириш келаси ҳафтада бошланади.
«Мен яна нима бўлаётганини билмайдиган бошланғич нуқтага қайтдим», — деди у.
Подкастда Эпплгейт «бир неча йил олдин тўсатдан» шифокори унинг организми қандай муносабат билдиришини кўриш учун ТС га қарши инфузион даволанишни тўхтатишни тавсия қилганини айтди.
Муолажалар тўхтатилган пайтда, унинг организми ТС борлигини кўрсатадигандек муносабат билдирмаган.
Шундан сўнг шифокорлар унинг ҳолатини синчиклаб ўрганиб чиқдилар ва унда мушакларнинг қотиб қолиши ҳамда юриш ва гапиришда қийинчиликларга олиб келиши мумкин бўлган ушбу аутоиммун касаллиги аслида йўқ деган хулосага келишди.
«У хонамга кириб: 'Табриклайман, сизда ТС йўқ', деди», — деди Эпплгейт ўша лаҳзани тасвирлаб.
«Мен бўлсам, умуман хурсанд бўлмадим», — давом этди у. «Қолган ҳамма жуда хурсанд эди».
Сешанба кунги эпизод меҳмони, доктор Марва Кайсининг айтишича, ТС бўйича нотўғри ташхислар камёб ҳодиса эмас, чунки симптомлар турлича ва умумий тест мавжуд эмас. ТС бор деб айтилган ҳар беш кишидан бирида «аслида бу касаллик бўлмаган».
«Бу 'ҳа, сизда бор' ёки 'йўқ, сизда йўқ' деб айтадиган ҳомиладорлик тестига ўхшаш нарса эмас», — деди Кайси. «Бу мезонлар рўйхатидир».
Эпплгейтга бир қанча вақт давомида симптомлар кузатилганидан кейин илк бор 2021 йил август ойида ТС ташхиси қўйилган эди, ўшанда у: «Бу оғир йўл бўлди. Аммо ҳаммамиз биламизки, йўл давом этаверади», деган эди.
Йиллар ўтиб, у «ҳақиқий депрессияда» эканини айтди ва 2024 йилдаги подкаст эпизодида шундай деди: «Яшаш менга завқ бағишламаяпти. Менга бу ёқмаяпти. Энди ҳеч нарсадан завқ олмаяпман».
У шунингдек, New York Times нашрига ҳассасиз юра олмаслигини ва Netflix’нинг «Мен учун ўлик» (Dead To Me) сериалини суратга олиш пайтида ногиронлар аравачасидан фойдаланганини айтган эди.

