Дунё

Кремл Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокаралар қайта тикланишини маълум қилди

Кремл Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокаралар қайта бошланишини маълум қилди

Россия, Украина ва АҚШ иштирокидаги уч томонлама музокаралар октябр ойида қайта тикланиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

“Ҳа, бундай имкониятни истисно қилмаймиз. Биз айнан яқин истиқбол ҳақида гапиряпмиз. Яъни, тахминан октябр. Октябрни истисно қилиб бўлмайди”, деди Песков тегишли саволга жавоб берар экан.

Шунингдек, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Анкориждаги келишувлар бўйича музокара жараёни нолдан бошланмаслигини таъкидлади.

“Буларнинг барчаси, албатта, узоқ давом этадиган, шу билан бирга мураккаб жараённинг моҳиятини ташкил этади”, деди Ушаков.

Унинг айтишича, музокара жараёни давом этмоқда ва Москва эртами-кечми у ижобий натижага олиб келишига умид қилмоқда.

Аввалроқ Ушаков ҳудудлар масаласида силжиш бўлса, келишувга эришиш йўлида ҳаракат қилиш осонроқ бўлади”, деган эди.

Кремл АҚШнинг Украинага оид музокаралардаги вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер ташрифидан кейин Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокаралар “яқин истиқболда” қайта тикланишига умид билдирган эди.

Шу билан бирга, Кремл музокаралар натижасини олдиндан айтиш қийинлигини, чунки фронтдаги вазият Украина учун ёмонлашаётганини таъкидлаган.

Ушаков Бирлашган Араб Амирликларини музокаралар ўтказиш учун устувор майдон сифатида атаган. Кейинчалик у Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Холид бин Муҳаммад ал Наҳаён Россия президенти Владимир Путинга музокараларни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган.

Маълумот учун, Россия, АҚШ ва Украина иштирокидаги уч томонлама музокараларнинг дастлабки икки раунди БААда 23–24-январ ва 4–5-феврал кунлари ўтказилган эди. Учинчи раунд эса 17–18-феврал кунлари Швейсарияда бўлиб ўтганди.

Навбатдаги музокаралар 5–8-март кунлари Абу Дабида ўтказилиши режалаштирилганди. Бироқ Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар фонида учрашув қолдирилган.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва унинг куёви Жаред Кушнер Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш бўйича музокараларни жонлантириш мақсадида аввал Москвага, кейин Киевга ташриф буюрган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.