Корнелл университети иши бўйича ҳимоячи адвокат махсус прокурорни четлатишни талаб қилмоқда
Нью-Йорк бош прокурори Летиция Жеймс зўрлаш айбловлари бўйича тергов олиб бормоқда, бироқ адвокатнинг таъкидлашича, унинг ушбу иш бўйича берган баёнотлари уни малакасидан маҳрум қилиши керак.

Корнелл университети иши бўйича ҳимоячи адвокат махсус прокурорни четлатишни талаб қилмоқда
Корнелл университетидаги гуруҳли зўрлашда иштирок этганликда айбланаётган етти нафар эркакдан бирининг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат иш бўйича махсус прокурорни аввалроқ қилган оммавий баёнотлари сабабли четланишга чақирди.
Адвокатнинг таъкидлашича, Нью-Йорк бош прокурори Летиция Жеймснинг ижтимоий тармоқдаги пости унинг тергов олиб боришидаги «холислиги ва мустақиллиги»га шубҳа туғдиради.
28 сентябрдаги постда Жеймс «бу ёш аёл бошидан кечиришга мажбур бўлган нарса даҳшатли ва қабул қилиб бўлмасдир» деб ёзган ва жабрланганларга «биз сиз билан биргамиз» дея мурожаат қилган.
Университет маъмурияти 2024 йил октябрь ойидаги воқеа бўйича кўрилган чоралар туфайли танқидларга учрамоқда ва АҚШ ОАВларига кўра, ҳозирда Корнелл ўқитувчилар таркиби томонидан билдириладиган ишончсизлик вотумига дуч келмоқда.
Хабарларга кўра, университетнинг профессорлар ва бошқа академик ходимлардан иборат бошқарув органи — Профессор-ўқитувчилар сенати кейинги ҳафтада ишончсизлик резолюцияси бўйича овоз беради.
Кўпчилик овоз билан қабул қилинадиган ишончсизлик вотуми асосан рамзий маънога эга бўлиб, ўқитувчилар таркибининг кенг норозилигини кўрсатади ва университет раҳбариятига чора кўриш учун босим ўтказади.
Етти нафар эркак ва университетга қарши қўзғатилган даъво аризасидаги даъволар Нью-Йорк штатидаги кампусни ларзага келтирди, у ерда душанба куни юзлаб талабалар ва ўқитувчилар норозилик намойишига йиғилди, шунингдек, бу бутун мамлакат бўйлаб ғазабга сабаб бўлди.
Ўтган ҳафта Нью-Йорк губернатори Кэти Хокул Жеймс хонимни ушбу ишни ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва университет даъво аризасида Жейн Доу деб кўрсатилган аёлнинг мурожаатига дастлаб қандай муносабат билдирганини ўрганиш учун махсус прокурор этиб тайинлади.
Жейн Доунинг айтишича, талабалар клуби (fraternity) кечасида эркаклар томонидан унга наркотик модда берилиб, бир неча соат давомида зўрланганидан кейин университет уни ҳимоя қила олмаган.
Махсус прокурор этиб тайинланишидан бир неча кун олдин Жеймс Х тармоғида шундай ёзган эди: «Бу ёш аёл бошидан кечиришга мажбур бўлган нарса даҳшатли ва қабул қилиб бўлмасдир.
Мен уни қалбимда ва дуоларимда асрайман», — дея давом этган у. «Унга ва барча омон қолганларга айтаман: сиз ёлғиз эмассиз. Биз сиз билан биргамиз».
Айбланувчи етти кишидан бирининг адвокати ушбу шарҳлар унинг ушбу ишда иштирок этишига тўсқинлик қилишини айтди.
Би-би-сининг АҚШдаги медиа ҳамкори CBS News телеканалига йўлланган баёнотда адвокат ушбу фикрлар «далилларни мустақил баҳолаш» заруриятига зид эканини таъкидлади.
«Бу Бош прокурор Жеймс коррупциялашган, ғаразли ниятда ҳаракат қилмоқда ёки ўз вазифаларини профессионал тарзда бажаришга қодир эмас деган айблов эмас», — дейилади баёнотда.
«Шунингдек, мен суд уни қонуний равишда четлаштириш ҳақида қарор чиқарган деб ҳам айтмаяпман. Масала анча оддийроқ: ҳозирда ушбу тергов устида олдини олиш мумкин бўлган шубҳа пайдо бўлди ва ихтиёрий равишда рад этиш бу шубҳани бартараф этган бўларди».
Матбуот анжуманида губернатор Хокул ва Жеймсга холислик борасидаги хавотирлар ҳақида савол берилди ва Хокул Жеймс «фактларга таянишини» айтди.
«У далилларни ўрганади ва улар қаерга етакласа, ўша ерга боради, агар далиллар айбловларни тасдиқласа, у уларни охиригача етказади», — деди Хокул.

