Корейс дорамалари тарихидаги энг қизиқарли ва томошабинларни ҳайратга солган эпизодлар

Корейс дорамалари тарихидаги энг қизиқарли ва томошабинларни ҳайратга солган эпизодлар
Корейс дорамаларида баъзан атиги бир неча дақиқалик саҳна бутун сериалнинг энг ёдда қоладиган лаҳзасига айланиши мумкин. Машҳур актёрнинг кутилмаганда экранда кўриниши, бошқа дорамадаги қаҳрамонини айнан ўша образда гавдалантириши ёки олдинги лойиҳага яширин ишора қилиши томошабинларга алоҳида завқ бағишлайди.
“Сирли боғ” романтик дорамасининг сўнгги қисмида икки дақиқалик кичик эпизодда машҳур корейс актрисаси Сон Е-жин экранга чиқади. Бир қарашда бу томошабинларни ҳайратга соладиган ва асосий сюжетга бироз таъсир қиладиган қисқа юлдузли камеонинг одатий намунасидек туюлади. Аммо “Сирли боғ” ҳолатида бир нечта қизиқарли жиҳатлар бор. Аввало, актриса хаёлий қаҳрамонни эмас, балки ўзини ўйнайди, бу жуда кам учрайдиган ҳолат. Сон Е-жин ўз ссенарийси асосида филм суратга олишни орзу қилган каскадёрлар мактаби раҳбари Им Чон-су билан учрашувга келади. У филм учун актёр топишдаги қийинчиликлардан хабардор эканини айтиб, бош аёл роли учун ўз номзодини таклиф қилади. Им Чон-су учун бу мутлақо кутилмаган ҳолат бўлади.
Иккинчидан, вақт ўтиши билан бу эпизод тақдир ишорасига айланди. “Сирли боғ” дорамасида бош эркак ролини корейс актёри Хён Бин ижро этган бўлиб, у 11 йилдан сўнг Сон Е-жинга уйланади. Улар Кореянинг энг мос юлдуз жуфтликларидан бирига айланишди.
“Кўз ёшлари қироличаси” дорамасида актёр Ким Су-хён бош ролни ижро этиб, “Қуеенс Гроуп” конгломерати директори Пек Хён-унини ўйнаган. У бир вақтлар оддий офис ходими эди, бироқ “Қуеенс Гроуп” раҳбарининг қизи — актриса Ким Жи-вон ижросидаги Хон Хе-ин билан учрашуви унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Ижтимоий мақомларидаги фарққа қарамай, улар бир-бирларини севиб қолишади ва турмуш қуришади. Аммо оилавий ҳаётдаги қийинчиликлар ва нуфузли қариндошларининг босими Пек Хён-унини ажрашиш ҳақида ўйлашга мажбур қилади, бироқ кутилмаган воқеа унинг барча режаларини чалкаштириб юборади.
Дораманинг саккизинчи қисми “Кўз ёшлари қироличаси” ва “Винченсо” дорамалари оламини боғлайди. Актёр Сон Жун-ги ижросидаги криминал қора комедиянинг бош қаҳрамони Винченсо Кассано Хон Хе-ин томонидан ажрим жараёни бўйича адвокат сифатида пайдо бўлади. Бу саҳна машҳур қаҳрамоннинг шунчаки қисқа кўриниши эмас, балки Сон Жун-гининг бошқа қаҳрамонларига қилинган кўплаб ишоралар билан тўла. Пек Хён-унинг ҳамкасбларидан бири унга миш-мишларга кўра, Винченсо нафақат Италия мафиясининг консильериси, балки конгломератнинг кенжа меросхўри, чет элда хизмат қилган собиқ ҳарбий, коинотдан келган ўзга сайёралик ва ҳатто бўри-одам эканини айтади. Буларнинг барчаси томошабинни “Чеболлар оиласининг кенжа ўғли”, “Қуёш авлодлари” дорамаларига ҳамда “Фазо тозаловчилари” ва “Бўри йигит” филмларига ишора қилади.
Кореянинг “Ординаторлик ҳикмати” дорамаси битта шифохонада ишлайдиган беш нафар профессор ва яқин дўстлар ҳақида ҳикоя қилувчи машҳур “Шифокорлик ҳикмати” дорамасининг спин-оффидир. Дораманинг бош қаҳрамонлари томошабинларга шу қадар ёқиб қолдики, у иккинчи мавсум билан якунлангач, кўпчилик бир кун келиб давомини кўришга умид қила бошлади. Аммо унинг ўрнига акушерлик ва гинекология бўлимида ишлайдиган тўрт нафар ёш ординаторга эътибор қаратган “Ординаторлик ҳикмати” спин-оффи эълон қилинди. Янги қаҳрамонлар, янги шароитлар, аммо ягона олам — шу сабаб оригинал дорама мухлисларида барибир севимли қаҳрамонларини кўриш умиди сақланиб қолди.
“Ординаторлик ҳикмати” муаллифлари бу имкониятдан унумли фойдаланишни қўлдан бой бермади ва дораманинг аксарият қисмларида “Шифокорлик ҳикмати” қаҳрамонларининг эпизодлари мавжуд. Кадрда профессорлар Ли Ик-жин, Ан Жонг-вон, Ким Жун-вон, Ян Сок-хён, Че Сон-хва ва бошқа муҳим қаҳрамонлар қисқа муддатга пайдо бўлади. Спин-офф уларнинг ҳикоясини давом эттиради ва асл дорама тугаганидан кейин қаҳрамонлар қандай яшаётганини кўриш имконини беради.
Ли Жун-ги ва Аю (Ли Жи-ин) бош ролларни ижро этган “Қизил юрак” дорамаси чиққач, кўплаб мухлислар ўзга оламга тушиб қолган Ко Ха-жин ва Чосоннинг тўртинчи валиаҳд шаҳзодаси Ван Со ҳикоясининг давомини йиллар давомида кутишди. Бироқ вақт ўтиб борарди, интернетда дораманинг муқобил якунини топиш мумкин эди, аммо тўлақонли давоми ишланмади. Бош рол ижрочилари бошқа лойиҳалар билан банд бўлишди. Масалан, 2019-йилда томошабинлар ғайриоддий “Дел Луна меҳмонхонаси”га тушиб қолиш имконига эга бўлишди. Бу жой нотинч арвоҳлар учун бошпана бўлиб, уни ўз ўтмиши сабаб 1000 йилдан бери лаънат остида яшаётган сирли ва совуққон гўзал Чан Ман-вол бошқаради. Чан Ман-вол ролини Аю ажойиб тарзда ижро этиб, ўзининг нафақат машҳур қўшиқчи, балки ажойиб актриса эканини яна бир бор исботлади.
“Дел Луна меҳмонхонаси” ижодкорлари ёрқин камео қилиш имкониятини ҳам қўлдан бой бермасликка қарор қилишди ва актёр Ли Жун-гини дорамада қисқа муддатга кўриниш беришга таклиф қилишди. Учинчи қисмда у Ман-волнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин бўлган, бироқ жинларни ҳайдаш билан шуғулланишни истагани учун бундан воз кечган харизматик руҳоний-экзорсист ролини ўйнади. Ли Жун-ги ва Ли Жи-ин яқин дўстлар бўлгани учун актёр унинг дорамасида қисқа вақтга кўриниш беришга бажонидил рози бўлди. Кўплаб томошабинлар учун бу эпизод ҳам ёқимли совға, ҳам ярага сепилган туз бўлди, чунки у яна “Қизил юрак”нинг давоми йўқлигини эслатиб қўйди.
Гарчи бу машҳур корейс дорамасининг давоми чиқмаган бўлса-да, 2027-йилда Нетфлих стриминг хизмати “Дел Луна меҳмонхонаси”нинг “Гранд Галахй меҳмонхонаси” номли давомини чиқаришни режалаштирмоқда. Дорама Чан Ман-вол кетганидан кейин ва меҳмонхонанинг янги эгаси Ин Ха пайдо бўлгач юз берадиган воқеалар ҳақида ҳикоя қилади, бу ролни актёр Ли До-ҳён ижро этади.
2021-йилда Ли Хани бош ролни ижро этган “Бир аёл” жангари комедия дорамасининг премьераси бўлиб ўтди. Сюжетга кўра, бандитлар гуруҳи етакчисининг ягона қизи ва коррупсионер прокурор бўлган Чо Ён-жу автоҳалокатга учрайди, у комадан чиққанида эса ҳамма уни жуда бой оиланинг кенжа қизи деб ўйлайди. “Бир аёл” — енгил ва бироз абсурд жангари комедия бўлиб, унда актриса Ли Хани яна “Жиззаки руҳоний” номли жангари комедиясидаги қаҳрамонига ўхшаш ролни ижро этган.
Бош қаҳрамон Чо Ён-жу комада ётган пайтида нариги дунёга ўхшаш жойга тушиб қолади. У ерда таниш мусиқа янграй бошлайди ва актёр Ким Нам-гил “Жиззаки руҳоний” дорамасидаги Михаил ота образида пайдо бўлади. У Чо Ён-жуни керакли жойгача кузатиб қўйишни таклиф қилади ва улар аста-секин бир-бирларини таний бошлайдилар. Шу пайт кутилмаганда қовурилган товуқ солинган пакет кўтариб олган курьер (актёр Чин Сон-гю) пайдо бўлади. Бу битта саҳнадаги иккинчи камео бўлиб, Ли Хани ва Чин Сон-гю биргаликда рол ўйнаган 2019-йилги “Экстремал иш” филмига ишорадир. Нариги дунёдаги кулгили саҳна Чо Ён-жунинг “Жиззаки руҳоний”нинг ҳам, курьернинг ҳам бурнига уриб, “Менинг ҳали қиладиган ишларим кўп” деб кетиб қолиши билан якунланади. Ким Нам-гилнинг камеоси севимли қаҳрамонни қисқа муддатга яна кўриш имконини берди, уч йил ўтгач эса “Жиззаки руҳоний” иккинчи мавсум билан экранларга қайтди.

