«Корея иши» ва 2000 долларлик жарима. Нима учун Беҳзод Мусаев ишдан олинди?
Бир неча кун олдин Беҳзод Мусаев Миграция агентлиги директори лавозимидан олинди. Бу истеъфо агентлик атрофидаги бир нечта шов-шувли ва коррупсион можаролар фонида рўй берди. Унинг ўрнида бунга қадар Япониядаги элчи бўлган Муҳсинхўжа Абдураҳмонов иш бошлади. Kun.uz Беҳзод Мусаевнинг давлат хизматидаги карераси ва охирги пайтларда атрофида юз берган воқеаларга назар ташлади.

«Корея иши» ва 2000 долларлик жарима. Нима учун Беҳзод Мусаев ишдан олинди?
Жорий йил май ойида фуқароларни Кореяга ишлаш учун юбориш билан боғлиқ йирик коррупсион схема очиқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, миграция соҳасидаги уюшган жиноий гуруҳ Кореяга ишга юбориш учун расмий тўловлардан ташқари фуқаролардан 7-12 минг доллардан йиғиб олган. Тўпланган маблағ қарийб 90 млн долларга баҳоланмоқда.
Орадан кўп ўтмай, Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азиз Тоштемиров фирибгарликда гумон қилиниб, халқаро қидирувга берилгани маълум бўлди.
Шундан сўнг у агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевни нишонга олиб, аввал Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси учун ишлатилган Корея24 телеграм канали орқали бир қатор «компрамат»ларни эълон қила бошлади.
Тоштемировнинг айтишича, Мусаев ундан мунтазам равишда премиум тоифадаги «мармар гўшт», қиммат косметика маҳсулотлари, тиш пасталари ҳамда бренд товарлар юборишни талаб қилиб келган. У топшириқ берилгани акс этган ўзаро ёзишмаларни ҳам эълон қилди.
Можаронинг яна бир шов-шувли қисми Ҳюндаи Палисаде автомобили билан боғлиқ иддаолар бўлди. Тоштемиров ёзишича, Мусаев унга Кореядан ичига махсус диван ўрнатилган қимматбаҳо Ҳюндаи Палисаде автомобилини сотиб олишни буюрган.
Яна бир жиддий айблов Миграция агентлигида амалда ишламаган ходимларга ойлик тўлаб келингани билан боғлиқ. Тоштемировга кўра, Беҳзод Мусаев раҳбар бўлиб келгач, Атаханов Наби Агзамович ва Джабаров Бахром Саидахмедович 2024-йил ноябр ойида Миграция агентлигига ҳайдовчи сифатида ишга қабул қилинган.
Ушбу ходимлардан бирига март ойида 44,4 млн сўм, иккинчисига эса 46,5 млн сўм иш ҳақи ҳисоблангани қайд этилади. Тоштемиров бу маълумотларни ёзганидан кўп ўтмай, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Миграция агентлигида 1 млрд сўмдан ортиқ талон-торожликлар фош этилганини маълум қилди.

