Коко Шанел ва унинг 20-аср мода оламини ўзгартирган саккиз ихтироси (фото)

Коко Шанел ва унинг 20-аср модасини ўзгартирган саккизта ихтироси (фото)
“Аёл киши қанчалик ёмон бўлса, у шунчалик яхши кўринишда бўлиши лозим”. Бу классикага айланган қарама-қарши маъноли сўзлар Коко Шанелга тегишли. У ҳар нарсада, айниқса, мода оламида новатор эди.
Габриелле Шанел 1883-йил 19-августда Франсиянинг Саумур шаҳрида туғилган. Агар афсонавий сиймолар абадий яшаганда, шу йилнинг август ойида у 140 ёшга тўлган бўларди. Ўз даври учун Шанел новатор, кучли, таъсирчан ва жасур аёл эди, эҳтимол, шунинг учун эркакларни ҳайратда қолдирар ва кўплаб замондош аёллар у каби Мадемуазел бўлишни хоҳлаганди.
Бугун сизга мода оламини бутунлай ўзгартириб юборган, ихтиролари бугунга қадар яшаб келаётган Коко Шанелнинг туғилган куни муносабати билан унинг 8 та ихтиролари ҳақида ҳикоя қиламиз.
**Чанел №5 атири**
“Атир — бу кўринмас, аммо унутилмас, беқиёс мода аксессуари. У аёл ташқи кўринишининг ташриф қоғози ва аёл кетганида уни эслатишда давом этади.”
Даставвал, ифордан бошлайлик. Ҳақиқатан ҳам, хушбўй Чанел № 5 афсонавий бўлиб улгурди. Савдо статистикаси шуни кўрсатадики, дунёда ҳар ўттиз сонияда кимдир ушбу атирни сотиб олади.
Ўзининг барча ғояларини мужассамлаштира оладиган мода уйини қидираётган истеъдодли парфюмер Эрнест Бо Коко Шанелга ишлаб чиқилган хушбўй ҳиднинг бир нечта намуналарини ҳавола қилди. Аммо Шанел 5-рақамлисини танлади. Ҳаммаси ўзига хос сабабларга кўра, чунки беш у учун омадли рақам эди. Шанел Эрнест билан биргаликда биринчи бўлиб вербена ва атиргуллар асосида эмас, балки алдегидлар асосидаги атир яратишга қарор қилди. Ўшандан бери ўзгармаган ғайриоддий кристалли шиша идишга жойлаштирилган парфюмерия дунёга 1921-йил 5-майда кириб келди. Кейинчалик Шанел ўзининг барча тўпламларини 5-ойнинг 5-кунида эълон қилишни одатга айлантирди.
**Кичик қора либос**
“Кичик қора либос” деганда дарҳол хаёлингизга улуғвор Коко Шанелнинг номи келади. Афсонавий қора либос ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Кокодан олдин бу ранг мотам либоси деб ҳисобланган. Аммо дизайнер унда катта имкониятларни кўрди ва ундан фойдаланди, чунки Коко учун қора ранг оддий нафислик тимсоли эди. У аёлларга қулайлик яратишни истади, уларни қаттиқ корсетлардан, этаги кенг юбкалардан, кўплаб бурма кўйлаклардан қутқарди. У биринчи навбатда бу рангга нисбатан аристократиянинг фикрини ўзгартирди, кейин эса бутун мода оламини ўзгартиришга муваффақ бўлди. Шанел 1926-йилда биринчи марта Литтле бласк дрессъни тақдим этди. Қарийб 100 йил ўтгач ҳам бугунги кунга қадар бу либос аёллар гардеробининг асосий элементидир.
**Йўл-йўл кўйлак ва шимлар**
Кўп асрлар давомида шим фақат эркаклар гардеробининг ҳуқуқи бўлган. Коко буни адолацизлик деб ҳисоблайди. Шанел бу ерда ҳам имкониятдан унумли фойдаланди: ва аввал эркаклар учун мўлжалланган шимлардан кия бошлади, кейин эса уларни аёллар қоматига мослаб қайта яратди. У кун давомида тор моделларни, кўчага чиққанда эса узун ва кенг моделларни афзал кўрарди. Бу борада унинг ўзи: “Мен аёлларга эркинликларини қайтариб бердим”, дея таъкидлаган.
Дизайнер эркаклар гардеробидан фақат шимларни олмади. Денгиз бўйлаб саёҳатларидан бирида унга денгизчиларнинг йўл-йўл кўйлаги шу қадар ёқдики, уларни гардеробига олиб киришга қарор қилди. Сўнг 1917-йилда у “Денгиз” тўпламини яратди. У, шунингдек, денгизчилардан янги шим — пастки қисми кенг услубни ҳам кўчирди. Ялтироқ шимлар билан у йўл-йўл кўйлак кийишни жуда яхши кўрарди. Шунга ўхшаш қиёфа бугунги кун учун ҳам урфда.
**Твид костюм**
20-асрнинг бошларида твид ва трикотаж каби қўпол матолар фақат эркаклар костюмларини тикиш учун мўлжалланган. Аммо 1921-йилда Шанел инглиз услубидан илҳомланиб, дунёга ўзининг янги ижодини кўрсатишга қарор қилди: твид костюм ва тиззадан пастга тушадиган тор юбка (у тиззаларни аёл танасининг энг чиройли қисми деб ҳисобларди). Афсуски, дастлаб жамият бундай “янгилик”ни совуққонлик билан қабул қилди. Бир неча йил ўтгач, Голливуд юлдузлари, сиёсатчиларнинг рафиқалари ва бошқа кўплаб аёллар ушбу либосларни кийишди. Икки қисмдан иборат бўлган мукаммал костюм кўп йиллар давомида муҳим кийим ҳисобланиб келган ва бугунги кунда унинг турфа талқинларини мода уйининг коллексияларидан топиш мумкин.
**Икки рангли поябзал**
Мода олами икки рангли поябзал учун ҳам Шанелдан миннатдор бўлиши керак. Ушбу услубда ранг бериш оёқларни визуал равишда узайтиради ва паст товонга қарамай, оёқни янада ихчамлаштиради (у яратган моделда товон қисми квадрат ва атиги 5 см баландликда эди). Оқ ва қора, қаймоқ ва қора рангларнинг комбинацияси классикага айланди ва бугунги кунда ҳар қандай кўринишга осонгина мос келади: юбка ва шимлар билан ҳам. Коконинг ўзи шундай деди: “Бу барча ҳолатлар учун ажралмас поябзал. Тўрт жуфтлик билан сиз дунё бўйлаб саёҳат қилишингиз мумкин.”
**Узун занжирли кичик сумка**
1954-йилда Коко Шанел: “Қўлларимда сумка илиб юришдан чарчадим, бундан ташқари, мен уларни доимо йўқотиб қўяман. Қўллар бўш қолиши учун сумкада тасма бўлиши керак”, деган фикрни илгари суради. 1955-йил феврал ойида узун занжирли сумка яралади. “2.55” модели бу номни ишлаб чиқарилган кундан бошлаб олди. Ўшандан бери ушбу сумка моделининг машҳурлиги юқори нархига қарамай, фақат ўсиб борди. Шунга қарамай, дунёдаги барча мода вакилалари, ҳатто чиқарилган кундан бошлаб ярим асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, бундай сумкага эга бўлишни хоҳлашади.
**Заргарлик буюмлари ва бижутерия**
Шанел ниҳоятда оддий ва ихчам кийимларни яратди, аксессуарлар ташқи кўринишни янада индивидуал қилишига ишонди. Бироқ у жуда кўп заргарлик буюмлари ёмон дид билан безатилганини таъкидлади. У биринчи бўлиб заргарлик буюмлари учун мода яратди ва буни “Нозик дидга эга одамлар бижутерия тақади, қолганларнинг бари тилла тақинчоқларга лойиқдирлар”, дея шарҳлади. Унинг ўзи ҳам бижутерия ҳамда қимматбаҳо заргарлик буюмларини моҳирона уйғунлаштира олган. У марваридларни демократлаштирди ва модага айлантирди, бундан олдин улар фақатгина юқори жамиятнинг имтиёзи эди.
**Калта сочлар**
Айтишларича, Шанел калта сочларни ўзида тасодифан “синаб кўрган”. Операга борар экан, у сочларини қисқич билан куйдириб қўяди. Сартарош умидсизлик билан кесиш кераклигини айтади. Аммо бу ерда ҳам буюк Коко ютқазмади. Операга кечикиб бўлса ҳам, калта қилиб кесилган сочлар билан боради ва юқори мартабали меҳмонларнинг барини ҳайратда қолдиради. Кўп ўтмай франсуз аёллари сочларини кестириш учун салонларга югуришди. Янги соч услубининг пайдо бўлиши билан янги турдаги шляпа яралди — у қўнғироқ шаклида эди. Шляпанинг олд қисми қошларга етиб борарди. Коконинг ўзи уни кўзига қадар тушириб кийиб оларди.

