Маҳаллий

Кўкдаладаги «заправка портлаши»: суд ҳужжатида 9 киши ҳалок бўлгани қайд этилди

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги газ тўлдириш шохобчасида 2025-йил 16-июл куни содир бўлган портлаш ва ёнғин

Кўкдаладаги «заправка портлаши»: суд ҳужжатида 9 киши ҳалок бўлгани қайд этилди

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги газ тўлдириш шохобчасида 2025-йил 16-июл куни юз берган портлаш ва ёнғин бўйича жиноят иши тафтиш инстансиясида кўриб чиқилди. Суд ҳужжатларида воқеа оқибатида 9 нафар шахс вафот этгани, яна 20 нафар киши эса турли даражада тан жароҳати олгани ёзилган.

Бу кўрсаткич дастлаб эълон қилинган расмий маълумотдан фарқ қилади. Ҳодиса куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин натижасида 4 нафар фуқаро ҳалок бўлганини билдирган эди. Кейинги суд ҳужжатларида эса қурбонлар сони 9 нафар деб кўрсатилган. Рақамлар ўртасидаги тафовут тафтиш инстансияси ажримида алоҳида изоҳланмаган.

Воқеа 2025-йил 16-июл куни соат 14:40 лар атрофида Кўкдала туманидаги аҳолига суюлтирилган газ тарқатиш шохобчасида содир бўлган.

Дастлаб ФВВ ёқилғи сақлаш резервуарида чақнаш юз бериб, ундан кейин ёнғин чиққанини маълум қилган. Ҳодиса жойига тўртта ёнғин-қутқарув экипажи юборилиб, олов ўчирилган.

Суд ҳужжатларида жиноят ишининг муҳим қисми ҳужжатларни қалбакилаштириш билан ҳам боғлиқ экани қайд этилган. Ажримга кўра, масъул шахслар газ шохобчаси қурилиши амалдаги тасдиқланган лойиҳа талабларига мос келмаслигини билган бўлса-да, қурилиш-монтаж ишлари лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бажарилгани ҳақида сохта маълумотномалар расмийлаштирган. Жумладан, резервуарлар лойиҳада ер остига ўрнатилиши белгиланган бўлса-да, амалда улар ер устига жойлаштирилган, бинолар билан хавфсиз масофа сақланмаган, лойиҳада кўрсатилган компрессор ва электроконтактли манометрлар ўрнатилмаган. Шунга қарамай, 2016 йилда ва 2021 йил 15 декабрда обьектнинг лойиҳага мослиги ҳақида маълумотномалар тайёрланган ва шу ҳужжатлар асосида шохобча 2017 ҳамда 2022 йилларда беш йиллик лицензия олган.

Бундан ташқари, суд материалларида резервуарлар амалда тегишли синовлардан ўтказилмаган бўлса-да, уларнинг техник паспортларига 2016, 2018, 2020, 2022 ва 2024-йилларда сув билан синов ўтказилгани ҳақида сохта қайдлар киритилгани кўрсатилган. 2021-йилда эса резервуар металининг қалинлиги экспертизадан ўтказилгани ҳақида ҳам ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот ёзилган. Ажримда шохобча эгаси ушбу ҳужжатларнинг қалбакилигини билган ҳолда улардан фойдалангани қайд этилган.

Шу билан бирга, «ЖШБ» МЧЖга қарашли (фирма номи қисқартириб олинди, -таҳр.) газ тарқатиш шохобчасидаги айрим технологик қурилмалар лойиҳа ҳужжатларига мос бўлмаган. Резервуарлардан бирида пайвандланган жой борлиги, компрессор орқали босим оширилгани, босимни чиқариб юборувчи хавфсизлик клапанларидаги жўмраклар ёпиқ тургани ва технологик жараённи тўхтатишга хизмат қилувчи электроконтактли манометрлар ўрнатилмагани қайд этилган.

Шу сабаб резервуар ичидаги босим унинг бардошлилик чегарасидан ошиб кетган ва портлаш юз берган. Ёнғин атрофга тарқалиб, газ сақлаш учун мўлжалланган бошқа сиғимга ҳамда шохобча яқинидаги обьектларга ҳам таъсир қилгани суд материалларида келтирилган.

Портлаш шунчалик кучли бўлганки, газ тақсимлаш шохобчасидаги суюлтирилган газ сақланадиган резервуарлардан бири зарба таъсирида юқорига кўтарилиб, шохобча ёнида жойлашган «Мовароуннаҳр» оилавий ресторани ҳовлисига бориб тушган. Суд ҳужжатида ёзилишича, шундан кейин ёнғин ресторан ҳудудида ҳам давом этган ва ҳодиса кўлами кенгайган. Тергов материалларида портлашга резервуарнинг бутунлиги бузилиб, пайвандлаб ямалган ҳолда ишлатилгани, шу боис унинг босимга чидамлилиги пасайгани, компрессор орқали босим ортиб кетгани, резервуарга ўрнатилган чиқариб юбориш сақлагич клапанларидаги жўмраклар ёпиқ тургани, ҳаво ҳарорати юқори бўлгани ҳамда технологик жараённи автоматик тўхтатиш учун мўлжалланган электроконтактли манометрлар ўрнатилмагани сабаб сифатида кўрсатилган. Натижада резервуар ичидаги босим унинг бардошлилик чегарасидан ошиб, портлаш содир бўлган.

Ажримда портлаш ва ёнғин оқибатида 9 нафар шахс вафот этгани кўрсатилган.

Шунингдек, ҳодиса жойида бўлган 20 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Ёнғин оқибатида газ шохобчаси атрофидаги бир қатор обьектларга ҳам зарар етган. Суд материалларида турар жой, «Мовароуннаҳр» чойхонаси биноси, иссиқхона, савдо маркази ва «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиалига тегишли обьектлар тилга олинган.

Ҳодисадан сўнг жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар оилаларини қўллаб-қувватлаш учун буджет маблағлари ҳисобидан 1 млрд 550 млн сўм ажратилгани ҳам суд ҳужжатида қайд этилган.

Воқеа юзасидан дастлаб Жиноят кодексининг 205-моддаси — ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда 259-моддаси — ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилган эди.

Тергов жараёнида иш доираси кенгайиб, айрим мансабдорларнинг ҳаракатларига Жиноят кодексининг 207, 208 ва 209-моддалари бўйича ҳам ҳуқуқий баҳо берилган.

Кўкдала туман суди 2026-йил 19-март куни иш бўйича ҳукм чиқарган. Кейин Қашқадарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2026-йил 7-июлда биринчи инстансия ҳукмини бекор қилиб, янги ҳукм қабул қилган.

Апеллясия инстансияси айрим судланувчиларга нисбатан айбловларни қайта квалификация қилган ва озодликни чеклаш жазоларини тайинлаган.

Хусусан, суд ҳужжатида Б.I.ga нисбатан якуний ҳисобда 3 йил 6 ой 28 кун озодликни чеклаш, шунингдек, муайян мансабларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси белгилангани кўрсатилган.

Ш.B.ga нисбатан жиноий ҳаракатлар Жиноят кодексининг 207-моддаси бўйича қайта квалификация қилиниб, унга ҳам озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Э.I.ga нисбатан эса 208-модда бўйича жазо белгиланган.

Ишнинг муҳим жиҳатларидан бири моддий зарарни қоплаш масаласи билан боғлиқ.

Жиноят оқибатида етказилган зарарларни қоплаш мақсадида марҳум Ш.Ж. («метан заправка» эгаси, -таҳр)нинг яқин қариндошлари томонидан Қашқадарё вилояти прокуратурасининг депозит ҳисобига 4 млрд 250 млн сўм тўланган.

Апеллясия суди ушбу маблағни бир қатор жабрланувчилар ва ташкилотлар ўртасида тақсимлашни белгилаган эди:

– Кўкдала тумани ҳокимлигига – 1 млрд 550 млн сўм (вафот этган ва жабрланганлар оилалари учун);

– «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиалига – 535 млн 808 минг 566 сўм;

– банк кредит қарзини қоплаш учун – 1 млрд 612 млн сўм;

– зарар кўрган автомобиллар эгаларига 85 млн сўм, 19 млн 743 минг 250 сўм ва 13 млн 612 минг 436 сўм;

– яна бир фуқаролик даъвогари фойдасига 433 млн 835 минг 748 сўм ундириш назарда тутилган.

Бироқ 2026 йил 2 октябр куни Самарқанд вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни тафтиш тартибида кўриб чиқиб, апеллясия ҳукмининг айнан моддий зарарни ундиришга оид қисмини ўзгартирди.

Суд бунга марҳум Ш.J.ga нисбатан жиноят иши унинг вафот этгани сабабли, айбдорлик масаласи ҳал қилинмасдан тугатилганини асос қилиб келтирган.

Тафтиш инстансияси хулосасига кўра, айби суд ҳукми билан аниқланмаган шахснинг қариндошлари тўлаган маблағни жиноят иши доирасида жабрланувчилар ўртасида тақсимлаш тўғри эмас.

Шу боис апеллясия ҳукмининг 4 млрд 250 млн сўмни жабрланувчилар ва даъвогарларга тақсимлаш ҳақидаги қисми бекор қилинди.

Суд ушбу 4,25 млрд сўмни марҳум Ш.J.ning яқин қариндошларига қайтаришни белгилади. Зарар кўрган шахслар ва ташкилотларга эса ўз талаблари билан фуқаролик ишлари бўйича судга даъво киритиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Тафтиш инстансияси апеллясия ҳукмининг бошқа қисмларини, жумладан, судланувчиларга берилган жиноий-ҳуқуқий баҳо ва жазоларни ўзгаришсиз қолдирган. Шикоят эса қаноатлантирилмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.