Кўз тегмасин, кўз тегмасин
ТНТ юлдузи Михаил Галустян тожик қурувчиси ролидан сўнг Душанбеда шиддатли норозиликларга дуч келди

Астағфируллоҳ, тавба қилдим
«Наша Russia» комедик сериалидаги Равшан исмли меҳнат муҳожири-қурувчи роли билан машҳур бўлган россиялик актёр, қизиқчи, продюсер ва телебошловчи Михаил Галустян айни пайтда Тожикистонда бўлиб турибди.
Галустян мамлакатга TAS International Group таклифига биноан махсус меҳмон мақомида келган. Компания бўлажак «Душанбе-сити» лойиҳасининг тақдимотини ташкил этган ва унда россиялик қизиқчи ҳам иштирок этган, деб хабар беради «Азия Плюс» портали.
Галустяннинг ўзи шахсий видеоларида Душанбе гўзалликларидан ҳайратда эканини билдириб, ушбу гўзал масканларга сайёҳлар оқими келишига умид билдирмоқда, шунингдек, лойиҳа тақдимотидан парча намойиш этмоқда.
Бироқ маҳаллий аҳоли, журналистлар, блогерлар ва фаоллар «йиллар давомида тожикларни масхара қилиб кўрсатган» артистнинг мамлакатга таклиф этилишини кескин қораладилар.
«Унга умрбод тақиқ қўйилсин», «Уни қандай таклиф қилиш мумкин? Ўзимизга нисбатан ҳурмат борми?», «У айнан халқимизни масхара қилган ролидан кейин машҳур бўлган, уни таклиф қилиш керак эмас эди», «Тожикистон халқидан узр сўрасин! Тожикистон Республикаси фуқароси паспортини қандай қилиб масхараомуз тарзда кўрсатганини унутмаймиз», «У барча тожиклар норози бўлган биринчи меҳмондир», «Чемодан, вокзал, Москва», «Бу шунчаки шармандалик, ғурур ва ор-номус қаерда қолди», — дея ғазабланмоқда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари.
Галустяннинг келишидан норози бўлган айримлар Тожикистон ИИВни артистни ҳибсга олишга ва мамлакатдан чиқариб юборишга, «тупроғимизга қадам бостирмасликка» чақирди. Фойдаланувчилардан бири Галустяндан оммавий равишда узр сўрашни ва Равшан образи юзасидан тушунтириш беришни талаб қилди.
Танқидлар тўлқини шу қадар кенг кўлам олдики, Тожикистон Маданият вазирлиги россиялик қизиқчининг ташрифига алоқаси йўқлигини билдиришга мажбур бўлди. Маданият вазирлиги санъат бошқармаси бошлиғи Мирзоолим Саидов Галустяннинг ташрифи идора билан келишилмаганини маълум қилди. У вазирлик раҳбари ўринбосари Обид Назариённинг фармойишига биноан, 2024 йил январ ойидан бошлаб хорижлик артистларни Тожикистонга таклиф қилиш Маданият вазирлиги билан келишилиши кераклигини эслатиб ўтди.
Шу билан бирга, Тожикистоннинг кўплаб аҳолиси актёрни лойиҳадаги иштироки учун таъқиб қилмасликка, балки мамлакатнинг кучли томонларини — меҳмондўстлик, самимият, маданият ва гўзал табиатни намойиш этишга чақирди.

