”Клон” сериалида битта актёр қандай қилиб учта образни гавдалантирган?
Лойиҳа ижодкорларининг таъкидлашича, айнан Мурилонинг ролларга психологик жиҳатдан чуқур киришиши туфайли сериал қаҳрамонлари жуда ишонарли ва таъсирли чиққан.

“"Клон" сериалида битта актёр қандай қилиб учта образни гавдалантирган?”
Теленовеллалар тарихида бир актёрнинг эгизак ёки ака-ука ролини ижро этиши ноодатий ҳол эмас. Аммо Мурило Бенисионинг Бразилиянинг машҳур “Клон” (О Слоне) сериалидаги ўйини актёрлик маҳоратининг энг юқори даражасини кўрсатган эди. Бу сериал нафақат Жанубий Америкада, балки бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам машҳур бўлган.
У бир сериалнинг ўзида учта мураккаб қаҳрамонни — сокин ва мулоҳазали Лукас Феррас, унинг серғайрат укаси Диогу Феррас ҳамда лабораторияда яратилган Лео исмли клонни гавдалантирди. Энг қизиғи, уларнинг ҳар бири ўзига хос характери, сўзлашиш услуби, ҳаракатлари ва одатлари билан ажралиб турар, томошабинлар уларни экраннинг илк сониясиданоқ адашмасдан фарқлай оларди.
Сериал бошида томошабинлар ака-ука Ферраслар — хаёлпараст Лукас ва унинг жўшқин акаси Диогу билан танишади. Мурило Бенисио учун бу лойиҳа ҳақиқий актёрлик марафони бўлган. У ҳар бир қаҳрамон учун нафақат ташқи кўринишини, балки руҳий ҳолатини ҳам чуқур ўзгартириши керак эди. Лукас кўпроқ интроверт бўлса, Диогу юрагида ўти бор, доимо олдинга интиладиган шахсдир. Бенисио шунчаки кийим алмаштириш билан чекланмасди, суратга олиш майдонида у ўз-ўзи билан мулоқот қилиб, қариндош бўлса-да, руҳий жиҳатдан бутунлай қарама-қарши бўлган икки инсонни тасвирларди.
Диогунинг вертолётдаги фожиали ҳалокати бутун сериал тарихидаги энг муҳим бурилиш нуқтасига айланди. Айнан шу воқеа кейинчалик Доктор Албьерининг биринчи инсон клонини яратиш қарорига туртки бўлди.
Қаҳрамон ўз қиёфадоши билан тўқнаш келган саҳна
Леонинг пайдо бўлиши Мурило Бенисио учун катта синов бўлди. Лукаснинг клони бўлган Лео биологик жиҳатдан унинг ёшроқ нусхаси бўлса-да, у ҳам ўз характерига эга, ҳаётий тажрибасиз ва бироз телбароқ эди. Унинг ўтмиш хотиралари бўлмагани сабабли ўсмир йигит тез-тез саросимага тушарди. Бенисио шу пайтда ёши қирққа яқинлашган, оилали Лукасни ҳам, лабораторияда яратилган, атиги ўн саккиз ёшли Леони ҳам гавдалантирган.
“Энг қийин иш кейин бошланди, мен ҳам Лукас ва ҳам Леони ижро эта бошладим. Доимий кийим алмаштириш, мураккаб грим, овоз оҳангини ва юриш-туришимни ўзгартиришдан жуда чарчар эдим”, дейди актёр ўша машаққатли даврни эслаб.
2000-йилларнинг боши учун “Клон” сериали технологик жиҳатдан жуда илғор асар эди. Лукас ва Лео бир кадрда бир вақтнинг ўзида кўринадиган саҳналар компютер графикасидан фойдаланган ҳолда яратилган. Бу ўша даврдаги Бразилия телевидениеси учун энг қиммат ва инновацион тажриба бўлган. Бенисио эса ҳар бир саҳнани турли одамлар мулоқот қилаётгандек тасаввур қилиб, иккита алоҳида дублда ижро этиши керак бўлган.
Сериал ижодкорлари таъкидлашича, айнан Мурилонинг ролларга психологик жиҳатдан чуқур кириб бориши туфайли сериал қаҳрамонлари жуда ишонарли ва таъсирли чиққан.
“Клон” финалида қаҳрамонлар тақдири бир-бирига уланади: тирик инсон ва унинг генетик нусхаси юзма-юз келади. Бенисио учун бу узоқ муддатли меҳнатининг самараси эди.

