Киев–Миколайив йўловчи поездига зарба берилди
Украинанинг Днипропетровск вилояти Никопил туманида йўловчи автобусига Россия дрони зарба бериши оқибатида беш киши ҳалок бўлди, камида етти киши жароҳатланди. Россия қўшинлари Киев–Миколайив йўналишидаги йўловчи поездига ҳам зарба берган, бироқ ундаги одамлар олдиндан эвакуация қилингани сабабли жабрланганлар бўлмаган.

Киев–Миколайив йўловчи поездига зарба берилди
Россия армияси 16-сентабр куни Украинанинг Днипропетровск вилояти Никопил туманида ҳаракатланаётган йўловчи автобусига дрон билан ҳужум қилди.
Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг айтишича, ҳужум натижасида беш киши ҳалок бўлган, яна камида етти киши жароҳат олган.
Йўловчи поездига ҳам зарба берилди
Шунингдек, Россия қўшинлари Киев–Миколайив йўналишида қатнайдиган 122-сонли йўловчи поездини ҳам нишонга олган.
«Укрзалізниця» темирйўл компанияси хабарига кўра, мониторинг гуруҳи хавф ҳақида олдиндан огоҳлантирган. Шу сабабли локомотив ва поезд бригадалари ҳамда барча йўловчилар вақтида эвакуация қилинган.
Ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Эвакуация қилинган йўловчилар манзилига етиб олиши учун автобуслар йўлга қўйилган.
16-сентабрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Киевга ҳам реактив дронлар билан ҳужум қилган.
Киев мери Виталий Кличконинг маълум қилишича, Святошинский туманидаги омбор биносида ёнғин чиққан. Ҳужум оқибатида бир киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Херсонда ҳам Россиянинг ФПВ-дрони енгил автомобилга зарба берганини билдирди. Зарба оқибатида автомобил ёниб кетган, кейинроқ ёнғин ўчирилган. Ушбу ҳодисада жабрланганлар қайд этилмаган.
Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, 16-сентабрга ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига 80 та зарбдор учувчисиз учиш аппарати билан ҳужум қилган.
Украина томони 63 та дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан уриб туширилган ёки бостирилганини маълум қилди.
Ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, еттита жойда дронлар нишонга теккани, яна иккита ҳудудда эса уриб туширилган аппаратлар парчалари ерга қулагани қайд этилган.

