Киевга ракета зарбалари: уйлар ва тиббиёт муассасаси шикастланди
Россия қўшинларининг 21-октабр оқшомида Киевга ракета ҳужуми оқибатида олти киши жабрланди, уларнинг тўрт нафари шифохонага ётқизилди. Шаҳарнинг уч туманида турар жойлар, тиббиёт муассасаси ва транспорт инфратузилмаси обьектига зарар етган.

Киевга ракета ҳужумлари: уйлар ва тиббиёт муассасаси зарар кўрди
ДВ хабарига кўра, Киев мери Виталий Кличко ҳужум оқибатлари ҳақида Телеграм каналида маълум қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, шаҳарга жами 10 та ракета, жумладан, «Искандер-М», «Сиркон» ва С-400 учирилган.
Днипровский туманида иккита хусусий уй ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш стансияси биноси зарба остида қолган. Шунингдек, ёнилғи қуйиш шохобчаси яқинига парчалар тушган.
Дарницкий туманида транспорт инфратузилмаси обьекти шикастланган. Кличко бу обьект ҳақида қўшимча тафсилот бермаган. Печерский туманида эса тиббиёт муассасасига зарар етган.
Ҳужумдан кейин Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти дронлар хавфи ҳам сақланиб қолаётганини билдирган ва аҳолини бошпаналарда қолишга чақирган.
Киев сўнгги кунларда ҳам ракета ва дрон ҳужумларига дуч келган. 20-октабрдаги дрон ҳужумларида бир киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳатланган. Николай Стражеско номидаги Кардиология институтининг операция хонаси ҳам шикастланган, бир бемор яраланган.
Ўша куни энергетика обьектига дрон келиб урилгани сабабли шаҳарнинг тўрт туманида электр таъминоти вақтинча узилган. Ундан олдинги тунда эса Киев яқинидаги дрон ҳужумларида олти киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.
18-октабр оқшомидаги ракета ҳужумида 21 ёшли қиз ҳалок бўлган, камида беш киши жароҳатланган. Днипронинг чап соҳилидаги метро бекатларидан бири ҳам шикастланган эди.

