Кенияда секта раҳбари 190 боланинг ўлимида айбдор деб топилди
Кения суди насроний воиз Пол Маккензи ва унинг 28 нафар шеригини 190 бола ҳамда бир катта ёшли шахсни ўлдиришда айбдор деб топди. Уларга тайинланадиган жазо 6-ноябр куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Кенияда секта етакчиси 190 нафар боланинг ўлимида айбдор деб топилди
ДВ хабарига кўра, Момбаса шаҳри суди бу қарорни 19-октабр куни чиқарган. Иш Маккензи асос солган «Хушхабар халқаро черкови» диний гуруҳи аъзоларининг оммавий ўлими билан боғлиқ.
Маккензи 2003-йилда тузган ташкилоти тарафдорларини «Исо билан учрашиш» учун очликдан ўлишга ундаган. Ҳинд океани соҳилидаги Малинди курорти яқинида, Шакахола ўрмонида жойлашган унга тегишли катта ер майдони секта марказига айланган.
Хабарда айтилишича, Маккензи издошлари учун ниҳоятда оғир очлик тартибини жорий этган. У белгилаган навбатга кўра, аввал болалар, кейин ўсмирлар, аёллар ва охирида эркаклар ўлиши керак бўлган. Айрим ҳолатларда болалар ота-оналарининг кўз ўнгида овқатдан маҳрум қилинган.
Воиз ҳуқуқ ҳимоячиларининг шикоятларидан кейин 2023-йил апрелида ҳибсга олинган. Тергов жараёнида секта аъзоларининг бир қисмини қутқаришга муваффақ бўлинган, бироқ ўрмондан кўплаб оммавий қабрлар топилган.
Суд-тиббий текширувлар болаларнинг аксарияти очликдан вафот этганини кўрсатган. Шу билан бирга, бўғилиш ва бош мия жароҳатлари оқибатидаги ўлим ҳолатлари ҳам аниқланган.
Кения оммавий ахборот воситалари бу воқеани «Шакахола ўрмонидаги қатлиом» деб атаган. Секта қурбонларининг умумий сони 400 кишидан ошиши мумкин. Суднинг ҳозирги қарори эса 190 бола ва бир катта ёшли шахснинг ўлимига оид иш бўйича чиқарилган.

