Кения пойтахтида кўп қаватли бино қулаб тушиши оқибатида етти киши бедарак йўқолди
Қулаб тушган пайтда ҳали қурилиши тугалланмаган бино вайроналари остида қолиб кетган одамларни топиш бўйича қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Кения pайтаxтида кўп қаватли бино қулаб тушганидан кейин етти киши бедарак йўқолди
Кения пойтахти Найробида бино қулаб тушганидан сўнг вайроналар остида қолиб кетгани тахмин қилинаётган етти кишини топиш бўйича қидирув-қутқарув операцияси ўтказилмоқда.
Драматик видеода 16 ёки 18 қаватли бўлгани айтилаётган бинонинг пастки қавати ўпирилиб тушгани, шундан сўнг иншоотнинг қолган қисми қулаб, атрофдаги кўчаларга чанг булутини тарқатгани акс этган.
Бино қулаган вақтда юқори қаватларда ўнлаб қурувчилар бўлган, аммо улар деярли жароҳат олмай чиқиб кетишга муваффақ бўлишган. Йўқолганлар бинонинг пастки қисмида очилган дўконларда бўлгани тахмин қилинмоқда.
Ушбу ҳодиса Кениядаги қурилиш стандартлари ва қоидалари билан боғлиқ хавотирларни яна кучайтирди.
Жума куни тушдан кейин қулаб тушган вақтда бинода ҳали ҳам қурилиш ишлари кетаётган эди, тасвирларда бинонинг ташқи томонида ҳали ҳам қурилиш ҳавозалари турганини кўриш мумкин. Расмийларнинг билдиришича, пастки қаватларда 11 та дўкон аллақачон иш бошлаган эди.
Ички ишлар вазирлиги расмийси Кипчумба Муркоменнинг айтишича, бинода бўлган 67 нафар қурувчидан 66 нафари жароҳатсиз қочиб қутулишга муваффақ бўлган, яна бир ходим эса ҳаёти учун хавфли бўлмаган жароҳатлар олган.
Daily Nation газетасининг хабар қилишича, экскаваторлар билан қазиш ишлари вайроналар остида қолганлар учун ҳаво етказиб беришни камайтириши мумкинлигидан хавотирланиш қутқарув ишларини мураккаблаштирди ва фавқулодда вазиятлар хизмати ходимларини улардан фойдаланишни тўхтатишга мажбур қилди.
Бинонинг нима сабабдан тўсатдан қулаб тушгани ва у шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ келадими-йўқми, деган саволлар пайдо бўлди.
Кения Миллий қурилиш бошқармаси ўз баёнотида объектнинг орқасида турган компанияни, шунингдек, архитектор ва конструкция бўйича муҳандисни аниқлаганини маълум қилди, аммо жума кунигача объект текширилган ёки текширилмаганини айтмади.
Найроби губернатори Сакажа Джонсон маҳаллий оммавий ахборот воситаларига бино эгаларида бинодан фойдаланиш учун зарур ҳужжатлар бўлмаганини айтди.
У миллий ҳукуматни маҳаллий ҳокимият органларига "тасдиқланган қурилиш режалари ва хавфсизлик стандартларига эътибор бермайдиган қурувчиларга" жазо қўллаш учун бериладиган ваколатларни кенгайтиришга чақирди.
Найробида биноларнинг қулаб тушиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса эмас, бунга кўпинча сифатсиз қурилиш ёки нотўғри режалаштириш сабаб сифатида кўрсатилади.

