Карим Бензема фаолиятини Туркия чемпионатида давом эттириши мумкин — манба

Карим Бензема фаолиятини Туркия чемпионатида давом эттириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Гоал нашрининг маълумотларига кўра, Туркиянинг “Трабзонспор” клуби ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида Карим Бензема номзодини кўриб чиқмоқда. Клуб вакиллари “Ал-Ҳилол” форвардининг атрофидагилар билан боғланиб, эҳтимолий трансфернинг молиявий шартлари ҳақида маълумот олган.
Туркиялик журналист Яғиз Сабунжуўғлининг ёзишича, Бензема “Трабзонспор”нинг дастлабки танлови бўлмаган. Клуб аввалига Дарвин Нуньесни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилган, бироқ бу трансфер бўйича келишувга эриша олмаган. Шундан сўнг “Трабзонспор” бор эътиборини 38 ёшли франсиялик ҳужумчига қаратган. Ҳозирча томонлар ўртасида расмий музокаралар бошлангани ёки аниқ трансфер таклифи юборилгани ҳақида маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Бенземанинг “Ал-Ҳилол” билан амалдаги шартномаси 2027-йилгача мўлжалланган. Трансфермаркт портали 2022-йилги “Олтин тўп” соҳибининг бозор қийматини 5 миллион еврога баҳоламоқда.
Маълумот ўрнида, франсиялик ҳужумчи жорий мавсумда барча турнирлар доирасида иккита учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйишга муваффақ бўлган.

