“Трабзонспор” Элдор Шомуродов учун бир футболчисини ва пул таклиф қилди

“Трабзонспор” Элдор Шомуродов учун футболчи ва пул таклиф қилди
Ўзбекистон терма жамоаси ва “Башакшеҳир” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятини Туркияда бошқа жамоада давом эттириши мумкин. Ҳебер61 нашрининг хабар беришича, “Трабзонспор” Шомуродовга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
“Трабзонспор” бош мураббийи Фотиҳ Такка ўзбекистонлик ҳужумчининг ўйин услубини ва турли схемаларга тез мослашишини юқори баҳолаган. Мураббий Шомуродовдан марказда ягона ҳужумчи сифатида ҳам, икки ҳужумчили услубда ҳам самарали фойдаланишни режалаштирган. Элдорнинг олдинги чизиқда жамоани боғлаб бера олиши, тинимсиз ҳаракати ва майдоннинг турли нуқталарида ўйнай олиши мураббийлар эътиборини тортган.
Хабарларга кўра, “Трабзонспор” Шомуродовни қўлга киритиш эвазига “Башакшеҳир”га Батиста Мендини ва қўшимча маблағ таклиф қилмоқда. Бироқ ҳозирча клублар ўртасидаги музокараларда жиддий ўзгаришлар кузатилмади.
“Башакшеҳир” ўтган мавсумда жамоанинг муҳим тўпурарларидан бирига айланган ҳужумчи учун анча катта пул сўрамоқда. Шундай бўлса-да, Истанбул клуби Европа мусобақаларидан чиқиб кетгани ва жамоада ҳужумчилар етарлича эканлиги инобатга олинса, яқин кунларда томонлар келишувга эришиши кутилмоқда.
Маълумот учун, якунланган мавсумда ҳужумчи барча турнирлар доирасида жами 44 та учрашувда майдонга тушиб, 23 та гол ва 6 та голли узатмага муаллифлик қилди. Трансфермаркт портали футболчининг бозор қийматини 7 миллион еврога баҳоламоқда.

