«Капиталбанк» 50 млн долларлик доллар облигацияларини чиқаради
«Капиталбанк» йиллик 7% ставка билан муомала муддати 731 кун бўлган, номинали $100 доллардан иборат 500 минг дона долларлик облигацияларни чиқаради.

«Капиталбанк» АТБ қиймати 50 млн АҚШ долларига тенг бўлган, АҚШ долларида номинацияланган фоизли корпоратив облигацияларни чиқаришни режалаштирмоқда.
Тегишли қарор 2026 йил 29 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинди.
Банк ҳар бирининг номинал қиймати 100 доллар бўлган 500 минг дона эгаси ёзилган облигацияларни жойлаштиради. Купон ставкаси йиллик 7% даражасида белгиланган, купон даромадини тўлаш эса ҳар чоракда амалга оширилади.
Жами саккизта купон даври назарда тутилган. Қимматли қоғозларнинг муомала муддати муомала бошланган санадан эътиборан 731 кунни ташкил этади. Облигациялар бўйича таъминот назарда тутилмаган.
Облигацияларни жойлаштириш чиқарилиш давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан бир йил давомида очиқ обуна бўйича ўтказилади.
Битимлар ташкиллаштирилган қимматли қоғозлар бозорида савдо ташкилотчисининг қоидаларига мувофиқ тузилади. «Kapital Securities» МЧЖ инвестиция воситачиси андеррайтер этиб тайинланди.
Облигациялар бўйича тўлов ва уларни қайтариш АҚШ долларида нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.
Ҳисоб-китоблар «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар билан операциялар учун белгиланган қоидалар бўйича олиб борилади.

