Жиззахда келинга таракан дориси едирилиб, ҳожатхона сувини ичишга мажбурланди
Жиззахда беш ойлик чақалоғи бор келин қайнонаси ва қайнопалари томонидан бир неча ой давомида қийноққа солингани айтилмоқда. Аёл оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, ИИВ эса Жиноят кодексининг 109 ва 110-моддалари билан иш қўзғатган. Аммо жабрланувчининг отаси бундан бехабар.

Жиззахда келин таракан дориси едирилиб, ҳожатхона сувини ичишга мажбурлангани айтилмоқда. Жиззахлик аёл 2025-йил октабрда турмушга чиққан ва унинг беш ойлик қизи бор. 2026-йил май ойида эри қамалиб қолади. Шундан сўнг аёл қайнонаси ва қайнопаси билан бирга эрини кўриш учун боради. Учрашувда келин эрига оила аъзолари томонидан босим ўтказилаётгани, унинг номига тилла буюмлар насияга олиниб, гаровга қўйилганини айтади. 30-июн куни қамоқхонадан қайтишда қайнопалари келиннинг паспорти, телефони ва фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб қўяди. 6-июл куни қайнонаси ва қайнопаси ижарага хонадон олиб, келинни ўша ерда тутқунликда сақлай бошлайди. Бу унга эрига кредит ва тилла билан боғлиқ ҳолатларни айтгани учун «жазо» эди. Аёл овқат ва сувдан чекланади, унга бир кунда бир бурда нон беришади.
Таракан дориси едирилиб, ҳожатхона суви ичирилган
«Улар аёлни мунтазам равишда калтаклашар, бўғишар, бошини деворга уриб, қорни ва бачадонига тепишарди. Қайнопалардан бири келинини доимий равишда қўриқлаб турар, унга хонасидан чиқишга рухсат бермасди. Келинни вақти-вақти билан калтаклашар, баъзан бу ишларни видеога олишарди ва уни ҳамда оиласини ўлдириш билан қўрқитишарди. Руҳий касалликлар шифохонасидан маълумотнома олганликларини ва уларга ҳеч ким ҳеч нарда қилолмаслигини иддао қилишарди.
Зўрлик билан ушлаб турилганида келинга бир бўлак нон беришарди ва кунига бир марта ҳожатхонага чиқишга рухсат бериларди. Улар таракан дори ейишга ва ҳожатхона сувини ичишга мажбур қилишарди. 27-август куни Рухшона исмли қайнопаси уни калтаклаб, барча кийимларини йиртиб, заргарлик буюмларини бузиб ташлаб, уларни ахлатга ташлашга мажбур қилган. Камерага тушиб қолмаслик учун уни лифтдан эмас, зинапоядан тушишга мажбур қилган», дейилади хабарда.
29-август куни қайнопа келиб келинга «устингга қайноқ сув қуйсам, куясанми?» деб савол берган. Аёл «ҳа» деб жавоб берганидан бир неча дақиқа ўтиб, унинг устига қайноқ сув қуйган. Кейин қайноқ сувга туз ва сода қўшиб яна аёлни куйдирган.
6-сентабр куни аёл хонадондан чиқиб кетиш имконини топган. У учинчи қаватдан ёнғин зинапояси орқали тушиб, кўчадаги одамлардан такси чақиришда ёрдам сўраган ва отасига қўнғироқ қилган. Улар биргаликда шифохонага борган. Аёл оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Аммо унга нисбатан суд-тиббий экспертиза шифохонадан чиққанидан кейин ўтказилишини айтишган. ИИВнинг Хотин-қизлар масалалари бўйича бошқармаси ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 109- ва 110-моддалари бўйича иш қўзғатилганини маълум қилган. Аммо келиннинг отаси бундан бехабар, ҳозирга қадар у билан ҳеч ким боғланмаганини айтган. У қизига нисбатан зўравонлик қилганлар қонун доирасида энг оғир жазога тортилишини талаб қилмоқда.

