“Гап қайтарганига чидай олмадим”. Жиззахда хотинини урган эркак 7 суткага қамалди

Жиззах вилоятининг Арнасой туманида хотинини уриб, унга енгил тан жароҳати етказган эркак 7 суткага қамалди. Бу ҳақда “Дарё” нашри суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, 1996-йилда туғилган Ғ.Х. исмли шахс жорий йилнинг 3-август куни ўз уйида турмуш ўртоғи билан тортишиб қолган. Жанжал пайтида у аёлини уриб, унга енгил тан жароҳати етказган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, аёлнинг соғлиғига зарар етказмаган енгил тан жароҳати аниқланган.
Суд мажлисида эркак айбига тўлиқ иқрор бўлиб, хотини гап қайтарганига чидай олмай уни урганини, кейинчалик ундан кечирим сўраганини билдирган. Шунингдек, у турмуш ўртоғини яхши кўришини, ажрашиш нияти йўқлигини ва қилган ишидан пушаймонлигини, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлаган.
Аёл эса эр-хотин ўртасида аввал ҳам кўп марта жанжаллар бўлганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳар сафар жанжалдан кейин эри уни кечирим сўраб олиб келмаган, аксинча, ўзи яна эрининг олдига қайтган.
“Мен ўзим турмуш ўртоғим билан бирга яшашни хоҳлайман, бироқ яна бу жанжаллар давом этишидан қўрқаман. Чунки уни кечириб, яна яшай бошлаганимизда ҳам ўзаро жанжаллар давом этди. Уни энди кечиролмайман, қонуний жазо беришларингни сўрайман”, дея кўрсатма берган аёл.
Жиноят ишлари бўйича Арнасой тумани суди Ғ.X.ni Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) 2-қисми билан айбдор деб топиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.
Аввалроқ Тошкентда собиқ турмуш ўртоғининг қўлини тишлаган аёл 2 миллион 60 минг сўм жаримага тортилгани, эркакка эса 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.

