Спорт

ЖЧ-2026 финалида муштлашган аргентиналикларнинг жазоси енгиллаштирилди

ФИФА ЖЧ-2026 финалидаги муштлашув учун Аргентина миллий жамоасининг тўрт нафар вакилини дисквалификация қилганди. Энди улар дисквалификацияни нафақат расмий, балки ўртоқлик ўйинларида ҳам ўташи мумкин.

**ЖЧ-2026 финалида муштлашган аргентиналик футболчиларнинг жазоси енгиллаштирилди**

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Аргентина футбол ассоциациясининг (АФА) ЖЧ-2026 финалида муштлашув уюштирган аргентиналик футболчиларга нисбатан қўлланган санксияларни ўртоқлик ўйинларида ўташ мумкинлиги ҳақидаги расмий сўровини маъқуллади. Бу ҳақда АФА матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ, 21-август куни ФИФА ЖЧ-2026 финал ўйинидан кейинги муштлашув туфайли Аргентина миллий жамоасининг тўрт нафар вакилига нисбатан бир қатор жазо чораларини қўллаганди. Унга кўра, яримҳимоячи Леандро Паредес ўн ўйинга дисквалификация қилиниб, 90 минг доллар, ҳимоячи Науел Молина етти ўйинга дисквалификация қилиниб, 90 минг доллар, яримҳимоячи Тиаго Алмада бир ўйинга дисквалификация қилиниб, 30 минг доллар, мураббий Роберто Аяла эса уч ўйинга дисквалификация қилиниб, 30 минг доллар миқдорида жаримага тортилган эди.

АФА ЖЧ-2026 финали вақтида ўз футболчилари ва ассоциациянинг ўзига нисбатан қўлланган санксиялар нафақат расмий, балки ўртоқлик ўйинларида ҳам амал қилиши учун ФИФАга расмий сўров юборган.

«АФА томонидан тақдим этилган хатга асосан, ФИФА Интизом қўмитаси амалдаги қоидаларга мувофиқ ушбу сўров қаноатлантирилган деб ҳисоблайди», - дейилади баёнотда.

ЖЧ-2026 финал ўйинида испанияликлар Аргентина жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Қўшимча бўлимларда Ферран Торрес (106-дақиқа) ягона голга муаллифлик қилди.

Финал ҳуштаги янграши билан майдонда жанжал келиб чиққан. Дастлаб Молина ёнидан югуриб ўтаётган испанлар сардори Родрига зарба берган. Шундан сўнг, Паредес испаниялик ҳимоячи Эрик Гарсиянинг бўйнидан бўғиб, кейин Гавини итариб юборган. Ўйинчиларни жамоадошлари ажратиб қўйишган. Аргентина миллий жамоаси мураббийлар штаби аъзоси Аяла эса испаниялик яримҳимоячи Дани Олмога зарба беришга урунган.

Бундан ташқари, ФИФА Интизом кодексининг тўртта моддасини бузгани учун АФА 321 минг доллар жаримага тортилган: спорт тадбиридан сиёсий намойишлар учун фойдаланиш (яримфиналдан кейинги сиёсий баннер), жамоанинг номақбул хатти-ҳаракати, мухлислар томонидан камситиш ва ирқчилик руҳидаги ҳақоратлар, шунингдек, ўйинлар вақтида тартиб ва хавфсизликни бузиш.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.