Спорт

ЖЧ-2026 финалида рақибини урган Паредес 10 та ўйинга четлатилди

ФИФА Аргентина миллий жамоасини сиёсий намойишлар, мухлисларнинг камситувчи ҳайқириқлари ва финалдаги жанжал учун жазолади. Шунингдек, Аргентина миллий жамоасининг 4 вакили ва Испания жамоасининг 1 ўйинчиси жаримага тортилиб, ўйинлардан четлатилди.

ЖЧ-2026 финалида рақибини урган Паредес 10 та ўйинга четлатилди

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) интизом қўмитаси 2026-йилги Жаҳон чемпионати якунлари бўйича Аргентина футбол ассоциациясини (АФА) 321 минг доллар миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда ФИФА матбуот хизмати хабар берди.

Санксиялар ФИФА Интизом кодексининг тўртта моддасини бузганлик учун қўлланилган:

* Спорт тадбиридан спортга алоқадор бўлмаган намойишлар учун фойдаланиш;

* Жамоанинг номақбул хатти-ҳаракати;

* Дискриминация ва ирқчиликка оид ҳақоратлар;

* Ўйинлардаги тартиб ва хавфсизлик.

Бундан ташқари, АФА кейинги иккита уй ўйинини чекланган миқдордаги томошабинлар билан (стадион сиғимининг 50 фоизидан кўп бўлмаган) ўтказиши шарт. Жарима суммасининг 100 минг доллари дискриминацияга қарши кураш дастурига йўналтирилиши лозим. Санксияларнинг бир қисми – битта ўйин ва 100 минг доллар жарима – синов муддати билан кечиктирилди.

ЖЧ-2026 яримфиналида Англия устидан қозонилган ғалабадан сўнг, аргентиналик футболчилар "Лас Малвинас сон Аргентинас" (Малвин ороллари – Аргентинага тегишли) ёзувли баннерни ёйишди – бу сиёсий намойиш сифатида баҳоланди. Фолкленд ороллари (Аргентинада уларни Малвин ороллари деб аташади) атрофидаги можаро ХХ асрдан бери давом этиб келади. 1982-йилда Буюк Британия ва Аргентина ўртасида ушбу архипелаг учун уруш бўлиб ўтди ва бунинг оқибатида 649 нафар аргентиналик ва 255 нафар британиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Ороллар британияликлар назорати остида қолди.

Интизом қўмитаси, шунингдек, финал ўйинидан кейинги жанжал туфайли Леандро Паредес, Науел Молина, Тиаго Алмада ва Роберто Аяла (барчаси – Аргентина) ҳамда Гавига (Испания) нисбатан санксиялар қўллади. Жанжал Молинанинг испанлар сардори Родрига зарба бериши билан бошланди. Шундан сўнг Паредес испанлар ҳимоячиси Эрик Гарсиянинг бўйнидан бўғди, Гавини итариб юборди. Футболчиларни жамоадошлари ажратиб қўйишди. Аргентина миллий жамоаси мураббийлар штаби аъзоси Роберто Аяла эса испаниялик яримҳимоячи Дани Олмога зарба беришга уринди.

Энг оғир жазо Паредесга тайинланди – яримҳимоячи миллий жамоа сафидаги 10 та ўйиндан четлатилди ва 90 минг доллар миқдорида жаримага тортилди. Молина 7 ўйинга дисквалификация қилинди ва у ҳам 90 минг доллар жаримага тортилди. Мураббий Аяла 3 та ўйиндан четлатилди ва 30 минг доллар жаримага тортилди. Алмада ва Гави биттадан ўйинга дисквалификация қилинди ва уларнинг ҳар бири 30 минг доллардан жаримага тортилди.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 финали Испаниянинг Аргентина устидан 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ягона голни қўшимча вақтларда Ферран Торрес урди, натижада Испания тарихда иккинчи марта жаҳон чемпиони бўлди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.