"Жазони оғирлаштириш тўлиқ ечим эмас": Фаоллар Намангандаги боғчада боланинг зўрлангани ҳодисаси ҳақида
Наманганда 5 ёшли қизалоққа нисбатан содир этилган жиноят жамиятда яна бир оғриқли саволни кун тартибига чиқарди: болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш учун қандай жазо керак? Ҳуқуқ фаоллари ва ҳуқуқшунослар муаммонинг илдизи жазодан анча чуқурда эканини айтмоқда.

"Жазони оғирлаштириш тўлиқ ечим эмас": Фаоллар Намангандаги боғчада боланинг зўрлангани ҳодисаси ҳақида
Беш ёшли қизалоққа нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик Ўзбекистонда катта жамоатчилик резонансига сабаб бўлди.
Гумонланувчи қўлга олинди, иш Бош прокуратура назоратига олингани маълум қилинди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бола ва унинг оиласи бошқа вилоятга кўчирилиши ҳамда оила иш билан таъминланишини маълум қилди.
Шу билан бирга, жамиятда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазони янада кучайтириш, жумладан, ўта оғир ҳолатларда умрбод озодликдан маҳрум қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов эса Ўзбекистон бу масалада анча кечикканини таъкидлайди.
«Негадир парламент ва депутатлар бу масалага етарлича эътибор қаратмади»
Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик мавзуси узоқ йиллар давомида жамиятда очиқ муҳокама қилинмаган.
«Ўзбекистонда педофилия жиноятларининг хусусиятларини ўрганадиган бўлсак, бу биз учун аввалдан табу мавзу бўлган. Бу жиноятлар совет даврида ҳам, бошқа даврларда ҳам очиқ муҳокама қилинмаган. Шунга қарамай, бундай жиноятлар доим содир этиб келинган. Шу нуқтаи назардан бу жиноятларнинг тарихий илдизларини ҳам ўрганиш керак. Айниқса, 2023-йилда Хоразмда етимхонадаги қизларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ воқеалар ижтимоий тармоқларда катта резонанс берди. Шундан кейин 2023-йил апрел ойида Жиноят кодексининг 118-моддасига 4-қисм киритилди. Унга кўра, 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий жиноят содир этганлик учун жавобгарлик 15 йилдан 20 йилгача этиб белгиланди.
Ҳозир Саида Мирзиёева томонидан илгари сурилаётган ҳуқуқий ислоҳот - педофилия жиноятлари учун умрбод жазо белгилаш таклифи ҳам ҳуқуқий жиҳатдан муҳокама қилиниши мумкин. Чунки жиноят қонунчилигимизда терроризм, одам ўлдириш каби ўта оғир жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд.
Биз бу масалада бироз кечикдик. Чунки етимхоналар, меҳрибонлик уйларида бундай жиноятлар содир этилгани ҳақида маълумотлар бор. Марғилон, Қўқон, Чиноз ва айрим хусусий меҳрибонлик уйларида ҳам шундай ҳолатлар қайд этилган. Биз инсон ҳуқуқлари ташкилоти сифатида болаларга нисбатан жинсий зўравонликка оид алоҳида ҳуқуқий нормаларни ишлаб чиқиш ва уларни жиноят қонунчилигига киритиш бўйича таклифларни доим бериб келдик. Лекин, нимагадир, парламент ва депутатлар бу масалага етарлича эътибор қаратмади.»

