Дунё

Жанубий Корея собиқ биринчи хонимининг қамоқ муддати беш йилга қисқартирилди

Жанубий Корея собиқ биринчи хонимининг қамоқ муддати беш йилга туширилди

Жанубий Корея апелляция суди мамлакат собиқ президенти Юн Сок Ёлнинг турмуш ўртоғи Ким Гон Хининг қамоқ муддатини камайтирди. 22-сентябр куни эълон қилинган қарорга кўра, унинг жазоси 7 йилдан 5 йилга қисқартирилди. У тадбиркорлар ва бошқа шахслардан ноқонуний совғалар олганликда айбланган эди.

Маълум бўлишича, Сеул юқори суди Ким Гон Хига қўйилган айрим коррупсиявий айбловларни бекор қилган. Жумладан, тадбиркор Со Сонг Биндан қимматбаҳо соат олгани ҳақидаги айблов олиб ташланган. Мазкур тадбиркор ўзининг робот-итлар бизнеси учун давлат кўмагига эришмоқчи бўлган.

Июн ойида Сеул марказий тумани суди Кимни соатни олгани учун айбдор деб топган эди. Бироқ 22-сентябр куни юқори суд айбловчилар бу соат бизнесдаги ёрдам эвазига берилганини етарли даражада исботлай олмаганини билдирди. Шу билан бирга, суд унга қўйилган бошқа айбловларнинг аксариятини кучда қолдирди.

Кимнинг адвокатлари қолган айбловларни ҳам бекор қилдириш учун Олий судга апелляция беришини айтди. Уларнинг таъкидлашича, прокурорлар унинг айбини тўлиқ ва шубҳасиз исботлай олмаган.

Махсус прокурор Мин Жунг Ки бощилигидаги тергов гуруҳи аъзоси Ким Хан Сунинг айтишича, прокуратура ҳам ушбу қарор устидан шикоят қилади.

“Биринчи хонимнинг ҳал қилинмаган ишлари бор тадбиркордан ўн миллионлаб вон турадиган соатни қабул қилиши жиноят эмаслигини қабул қилиш қийин”, деди у журналистларга.

Апрел ойида юқори суд бошқа бир иш бўйича Ким Гон Хини 4 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Ўшанда у Бирлашув черковидан совғалар олганликда ва аксиялар нархини сунъий ошириш схемасидан фойда кўрганликда айбланган. У бу ҳукм устидан ҳам апелляция берган.

22-сентябр куни кучда қолдирилган айбловлар орасида Ван Слееф & Арпелс маржонини ва бошқа заргарлик буюмларини олиш ҳолати бор. Умумий қиймати 100 миллион вондан (73,500 доллар) ортиқ бўлган бу совғалар 2022-йилда Сеоҳее Сонструстион компанияси раиси Ли Бон Квандан олинган. Бунинг эвазига унинг куёвига давлат лавозими олиб берилган.

Шунингдек, Ким бошқа шахслардан ҳам совғалар олганликда айбдор деб топилган:

Чой Же Ёнгдан Диор сумкаси ва бошқа совғалар олган. У фуқаролик дипломатик делегациясига ва давлат дастурларига қўшилишни истаган.

Миллий таълим комиссиясининг собиқ раҳбари Ли Бе Ёнгдан олтин тошбақа олган.

Собиқ катта прокурор Ким Санг Миндан машҳур рассом Ли Уфаннинг 140 миллион вонлик (102,900 доллар) картинасини олган. Ким Санг Мин 2024-йилги парламент сайловларида Юннинг консерватив партиясидан номзод бўлишни хоҳлаган.

Собиқ президент Юн Сок Ёл 2024-йил декабр ойида мухолифат билан келишмовчилик ортидан ҳарбий ҳолат жорий этган эди. Шундан сўнг унга импичмент эълон қилинди ва у 2025-йил апрелида лавозимидан четлатилди. У 2025-йил июл ойида ҳибсга олинди. Ҳозирда собиқ етакчи бир нечта ишлар бўйича судланмоқда ва исён кўтаргани учун берилган умрбод қамоқ жазоси устидан апелляция берган.

2025-йилда Юннинг ўрнига ўтказилган муддатидан илгари президентлик сайловида либераллар номзоди Ли Же Мёнг ғалаба қозонди. У Юннинг ҳарбий ҳолат жорий этиши ҳамда унинг ҳукумати ва рафиқасига алоқадор бошқа айбловлар бўйича махсус прокурорларга бир нечта тергов ўтказишга рухсат берди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.