Жанубий Корея Ҳормузга қўшин жойлаштиришга тайёрланмоқда — Реутерс

Жанубий Корея Ҳормузга қўшин юборишга ҳозирлик кўрмоқда — Реутерс
Жанубий Корея Ҳормуз бўғозида кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳарбий кучларини сафарбар этишга тайёргарлик кўряпти ва уларни 2026-йил охиригача жўнатишни режалаштирмоқда. Реутерс бу ҳақда 3-сентябр кунги ҳукумат ва ҳарбий манбаларга таяниб хабар берди.
Жанубий Кореянинг бир қатор нашрларида тарқалган маълумотларга кўра, ҳукумат ҳарбийларни юбориш учун парламент розилигини олиш жараёнларига тайёргарлик кўрмоқда. Сентябр ойида Вазирлар Маҳкамаси кўриб чиққач, парламентга тегишли таклиф тақдим этилади.
Хабарларда айтилишича, ҳукумат денгиз патрул самолёти, логистика таъминоти кемаси ёки минасизлантириш бўлинмасини юбориш вариантларини кўриб чиқмоқда. Шунингдек, Жанубий Корея бу ёрдамнинг ҳажми ва хусусиятини АҚШ, Буюк Британия ҳамда Франсия каби давлатлар билан муҳокама қилган.
Жанубий Корея президенти администрацияси (Кўк сарой) Сеул бўғозда кема қатнови хавфсизлигига ҳисса қўшишнинг амалий йўлларини муҳокама қилганини маълум қилди. Бироқ ҳукумат ҳарбийларни юбориш бўйича якуний қарорга келгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини ҳам қўшимча қилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп август ойида Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея ўртасидаги қўшма ҳарбий машғулотларни қисқартирган эди. У бунга сабаб сифатида Жанубий Кореянинг Эронга қарши урушда АҚШга ёрдам беришдан бош тортганини кўрсатган.

