Жанубий Африка полицияси бошлиғи ўринбосари жинсий жиноятларда айблангач, истеъфога чиқди
Шадрак Сибия 16 ёшли қизни жинсий муносабатларга тайёрлагани ва 18 ёшли қизни зўрлагани ҳақидаги айбловларни рад этган эди.

Жанубий Африка полицияси бошлиғининг ўринбосари жинсий жиноятларда айбланганидан уч ҳафта ўтиб истеъфога чиқди.
Полиция матбуот котибининг сўзларига кўра, генерал-лейтенант Шадрак Сибиянинг адвокати душанба куни интизомий эшитув пайтида унинг истеъфога чиқиш ҳақидаги аризасини топширган.
Унга қарши айбловлар орасида 16 ёшли қизни жинсий алоқага майл қилдиргани ва 18 ёшли аёлни зўрлагани ҳақидаги даъволар бор. У шунингдек, одам савдоси бўйича ҳам айбланмоқда.
Сибия барча айбловларни рад этди. У 18 ёшли аёл билан жинсий алоқада бўлганини, аммо бу ўзаро розилик билан содир бўлганини таъкидламоқда.
У уч ҳафта олдин ҳибсга олинганидан бери, гаров эвазига озод қилиш ҳақидаги илтимосномаси рад этилгач, ҳибсда қолмоқда.
Полиция матбуот котиби Атленда Мате X (собиқ Twitter) тармоғидаги постда унинг полиция хизматини тарк этиши шармандали бўшатиш сифатида қабул қилинганини айтди.
Бу иш полиция хизмати коррупция ва жиноятчилар билан тил бириктириш айбловлари бўйича йирик жамоатчилик суриштируви доирасида синчковлик билан текширилаётган бир вақтда юз бермоқда.
Мадланга комиссияси деб аталадиган суриштирув 2025 йилнинг сентябрь ойида бошланган ва унда Сибия полиция контракти эвазига жиноятчи тўда бошидан совға сифатида 20 та импала (кийик) олгани ҳақидаги даъволар тингланган.
У бу айбловни рад этди.

