Жанжалсиз қандай ўйин бўлсин
Қирғизистондаги VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари можаро билан якунланди

Жанжалсиз ўйин бўладими
Қирғизистонда 31 августдан 6 сентябргача бўлиб ўтган VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари жанжалли воқеа билан якунланди.
Мусобақалар тугаганидан кейин Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги ўз маълумотларини тақдим этди: мамлакат терма жамоаси 74 та медаль (32 та олтин, 20 та кумуш ва 22 та бронза) олиб, биринчи бўлди. Идорада барча совринлар жамланмаси қайта текширилгани таъкидланди.
Бироқ Ўйинлар ташкилотчилари бошқа жадвални эълон қилишди. Унда биринчи ўринни Қирғизистон (30 та олтин медаль) эгаллади, Қозоғистон эса 29 та олтин медаль билан иккинчи қаторга тушиб қолди.
Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар ва ОАВда муҳокамалар тўлқини кўтарилди: одамлар Қозоғистоннинг учта олтин медали қаерга «йўқ бўлиб қолганини» тушунишмас ва аниқ тушунтиришларни талаб қилишарди. Вазиятни шуниси ҳам қийинлаштирдики, Ўйинларнинг ижтимоий тармоқдаги расмий аккаунтидаги пост гоҳ ўчирилиб, гоҳ яна қайтариларди, кейин эса умумий медаль ҳисоби мусобақаларнинг расмий сайтидан ҳам йўқолди.
Жамоатчилик муносабатига жавобан ташкилотчилар шундай маълум қилишди: якуний медаль ҳисоби фақат Ўйинлар котибияти барча якуний баённомаларни йиғиб, солиштириб чиққанидан кейингина эълон қилинади. Қирғизистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат агентлиги бундан ҳам узоқроққа бориб, расмий баёнот берди. Унда Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари концепциясида мамлакатлар ўртасида расмий медаль ва умумжамоа ҳисобини юритиш умуман кўзда тутилмагани таъкидланади. Мусобақалардан мақсад — рейтинг учун курашиш эмас, балки этноспортни оммалаштириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашдир.
Якунда ташкилотчилар якуний жадвални эълон қилишни котибият маълумотларни солиштириб чиққунга қадар қолдиришди, Қирғизистон томонининг расмий позицияси эса баҳсни жамоавий рейтинг принципиал жиҳатдан Ўйинларнинг мақсади эмаслигига тақатди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда бўлиб ўтган аввалги Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ҳам жанжал билан кузатилган эди. У 2024 йил 12 сентябрда Остонадаги «Қазанат» ипподромида Қозоғистон ва Қирғизистон жамоалари ўртасидаги кўкпар бўйича финал ўйинида авж олганди.
Қозоғистон терма жамоаси ўйинчиси Улан Байтореев қирғизистонлик кўкпарчи Кубаничбек Султан уулуни қамчи билан икки марта урган пайтда Қирғизистон 3:1 ҳисобида олдинда бораётган эди. Тўполон бошланиб, майдонга полиция чиқди ва ўйин тахминан ярим соатга тўхтатилди. Қирғизистон терма жамоаси Байтореев майдондан четлатилмагунча ўйинни давом эттиришдан бош тортди. Якунда у жазоланди — икки дақиқага четлатилди. Шундан сўнг ўйин қайта тикланди. Аммо танаффусдан кейин ўйин бошқа сценарий бўйича кетди: Қозоғистон 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Қозоғистон томони кейинроқ Байтореевни қирғиз ўйинчиси томонидан айтилган ҳақоратли сўзлар ғазаблантирганини тушунтирди.
Қозоғистон Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов томонидан ўтказилган тақдирлаш маросимида қирғизистонлик спортчилар кумуш медалларни қабул қилиб олишди ва дарҳол уларни бўйинларидан ечиб ташлашди. Улар ўз мамлакатлари байроғини кўтарган ҳолда шоҳсупани намойишкорона тарк этишди. Қирғизистон Кўк-бўру (кўкпар) федерацияси ўз жамоасига нисбатан ноҳақлик қилинган деб ҳисоблаб, финал натижаси устидан протест берди.
Кўкпар бўйича бош ҳакам Тастанбек Есентаев қирғизистонликларга шоҳсупадаги демарш учун уч йилгача дисквалификация қилиш билан таҳдид қилди.
16 сентябрь куни Қирғизистон Кўк-бўру федерацияси Қозоғистон терма жамоасига бошқа ҳакамлар билан реванш ўйинини таклиф қилди.
Таъкидлаш жоизки, Остонада ҳам, Бишкекда ҳам ҳиссиётлар кўчманчи халқларнинг маданий бирлиги ғоясидан устун келди. 2024 йилда можаро ҳакамлик ва майдондаги хулқ-атвор атрофида авж олган бўлса, 2026 йилда — медаль ҳисоби ва ташкилотчилик атрофида бўлди. Аммо моҳият битта: мусобақа азарти Ўйинларнинг эълон қилинган руҳидан устун келмоқда. Ва иккала ҳолатда ҳам миллий от спорт турлари бўйича энг кучли жамоалар — Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги қарама-қаршилик кескинлик марказига айланди.

