Жалолободда баландлиги 122 метр бўлган кўприк қурилмоқда
Кеч-Олот дарёси устидан ўтувчи кўприкнинг умумий узунлиги 956,67 метрга тенг бўлади.

Жалолободда баландлиги 122 метр бўлган кўприк бунёд этилмоқда
Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши лойиҳаси доирасида баландлиги 122 метр бўлган кўприк қурилмоқда.
Кеч-Олот дарёси устидан ўтадиган ушбу кўприкнинг умумий узунлиги 956,67 метрни, энг баланд таянчининг баландлиги 96 метрни, кўприкнинг умумий баландлиги эса 122 метрни ташкил этади.
Ҳозирда кўприк пойдеворини қуйиш ишлари тўлиқ якунланган. Таянч ва устунларни қуриш ишлари эса 54 фоизга бажарилган.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидаги Қашғардан бошланади ва Торугарт довони орқали Қирғизистонга киради. Сўнгра ғарбга қараб йўналиб, Ўзбекистон шарқидаги Андижон шаҳрида тугайди. Темирйўлнинг умумий узунлиги 500 километрдан ошади, шундан 304,84 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади.
Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат орқали юкларни транзит қилиш ҳисобига бюджетга камида 400–500 млн доллар соф даромад тушиши мумкинлигини айтганди.

