Жаҳон меҳнат бозорида асосий эътибор дипломга эмас, амалий кўникмаларга қаратилмоқда — ИҲТТ
Дунё меҳнат бозорида олий маълумот тўғрисидаги дипломдан кўра ходимнинг амалий кўникмалари ва реал топшириқларни бажара олиш қобилиятига эътибор ортмоқда. ИҲТТ прогнозига кўра, аҳолиси қариб бораётган ҳудудларда кейинги 15 йилда ищи кучи танқислиги 15 фоизга ошиши мумкин.

Жаҳон меҳнат бозорида диққат маркази дипломдан кўра амалий кўникмаларга кўпроқ қаратилмоқда — ИҲТТ
Дунё меҳнат бозорида олий маълумот ҳақидаги дипломдан кўра ходимнинг амалий кўникмалари ва реал вазифаларни бажариш салоҳиятига эътибор тобора кучаймоқда. Бу ҳақда 29-октабр куни Самарқандда ўтаётган Глобал Талент Форум халқаро анжумани доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) Кўникмалар маркази раҳбари Эл-Иза Муҳаммаду маълум қилди.
ИҲТТнинг 2026-йилги тадқиқоти 38 мамлакатни қамраб олган. Унга кўра, ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, ўқитувчилик, фан ва муҳандислик йўналишларида малакали кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда.
Ташкилот прогнозларига кўра, аҳолиси энг тез қариб бораётган ҳудудларда кейинги 15 йил ичида ищи кучи танқислиги қарийб 15 фоизга ошиши мумкин. Бундай ҳолат аҳолининг қариши билан бирга рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар билан ҳам боғлиқ.
ИҲТТ Кўникмалар маркази раҳбари тақдимотида катта ёшдагиларнинг касбий билимларини янгилаш имкониятига алоҳида урғу берилган.
ИҲТТ маълумотларига кўра, иш билан бандларнинг 49 фоизи норасмий таълимда, яъни диплом олишга йўналтирилмаган курслар, тренинглар ва малака ошириш дастурларида қатнашади. Ишсизлар орасида бу кўрсаткич 34 фоизни, меҳнат бозоридан ташқаридаги аҳоли орасида эса 17 фоизни ташкил этади.
Таълим даражаси бўйича ҳам сезиларли тафовут бор. Олий маълумотли катталарнинг 61 фоизи қўшимча таълимда иштирок эца, тўлиқ ўрта маълумотга эга бўлмаганлар орасида бу кўрсаткич атиги 19 фоизни ташкил қилади.
Кўникмалар маркази раҳбари таъкидлашича, янги билим ва кўникмаларга кўпроқ эҳтиёж сезиши мумкин бўлган аҳоли қатламлари уларга эга бўлиш имкониятларидан нисбатан кам фойдаланмоқда. Бу эса меҳнат бозоридаги тенгсизлик янада чуқурлашиши хавфини туғдиради.
Тақдимотда халқаро таълим ва юқори малакали мутахассислар ҳаракатига оид маълумотлар ҳам келтирилган. ИҲТТ мамлакатларида 2024-йилда бакалавриатга янги қабул қилинган талабаларнинг ўртача 11 фоизини хорижликлар ташкил этган. Магистратурада бу кўрсаткич 24 фоиз, докторантурада эса 34 фоизга етган.
Бу юқори таълим босқичларида хорижий талабалар улуши сезиларли даражада ошишини кўрсатади.
Хорижлик битирувчиларнинг 30 фоизи табиий фанлар, технологиялар, муҳандислик ва математика (СТЕМ) йўналишларида диплом олган. Маҳаллий битирувчилар орасида эса бу кўрсаткич 23 фоизни ташкил этади. Мазкур рақамлар мамлакатлар ўртасида юқори малакали кадрларни жалб қилиш бўйича рақобат кучайиб бораётганини кўрсатади. Бироқ хорижлик талабаларни ўқитишнинг ўзи уларнинг кейинчалик ўша мамлакатда қолиб ишлашини кафолатламайди.
ИҲТТ ёндашувига кўра, таълим миграцияси самарали бўлиши учун ўқиш, ишга жойлашиш, касбий алоқалар ва узоқ муддатли имкониятлар ўзаро боғланган бўлиши керак. Бунда мутахассиснинг ўз ватанига қайтиши ҳам билим ва тажрибанинг мамлакатлар ўртасида алмашинувига хизмат қилиши мумкин.
ИҲТТ меҳнат бозори эҳтиёжларини баҳолашда инсоннинг нафақат расмий маълумотига, балки амалда нималарни бажара олишига ҳам эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайди.
Ташкилотнинг ПИСА-ВЕТ ташаббуси касбий таълим олувчиларнинг билим ва кўникмаларини уч усулда баҳолашни назарда тутади: касбий билимларни текширувчи саволлар, рақамли симуляциялар ҳамда мутахассислар кузатувидаги амалий топшириқлар.
Бунда ўқиш ва ёзиш саводхонлиги, муаммоларни ҳал қилиш ҳамда бошқалар билан ҳамкорликда ишлаш қобилиятлари ҳам муҳим ҳисобланади.
ИҲТТ ёндашувига кўра, самарали меҳнат бозори учун одамларга зарур кўникмаларни ўргатишнинг ўзи етарли эмас. Уларнинг мавжуд қобилиятларини тўғри баҳолаш, иш берувчилар билан боғлаш ва касбий ўсиш имкониятларини яратиш ҳам зарур.

