Жаҳон чемпионатидан сўнг ёшларга кўпроқ имконият бериш йўлини танладик - Каннаваро
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Жанубий Кореяга қарши 0:2 ҳисобидаги мағлубиятга қарамай, жамоа кўрсатган ўйиндан қониққанини айтди. Италиялик мутахассис, шунингдек, Жаҳон чемпионатидан кейин терма жамоани босқичма-босқич ёшартириш жараёни бошланганини таъкидлади.

**Жаҳон чемпионатидан кейин ёшларга кўпроқ имкон бериш йўлини танладик — Каннаваро**
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Жанубий Кореяга қарши (0:2) ўртоқлик учрашувидан сўнг ўз фикрларини билдирди.
- Жуда яхши ўйин бўлди. Натижа борасида, албатта, афсусдамиз, бироқ ўйин сифати нуқтаи назаридан жамоамиз муносиб ҳаракат қилди. Футболчиларга рақибга имкон қадар кўпроқ қийинчилик туғдириш вазифасини қўйгандик. Ўйиннинг ҳар икки бўлимида ҳам кўплаб вазиятлар яратишга муваффақ бўлдик. Кучли рақибга қарши баҳсларда эса кичик тафовутлар ҳам якуний натижани белгилаб беради.
- Энг аввало, футболчилардан ишонч билан майдонга тушишни талаб қилдим. Рақиб майдонида бундай даражадаги ўйин ўтказиш осон эмаслигини яхши англагандик. Ғалаба билан қайтиш учун ўйиннинг барча жиҳатлари юқори савияда бўлиши керак эди. Бу, аввало, юқори интенсивлик, фаол ҳаракат ва тўп назоратини англатади.
- Натижада мазкур жиҳатларнинг маълум қисмини амалда намойиш эта олдик. Ўйин давомида кўплаб голли вазиятларини яратдик. Жанубий Кореянинг аниқ зарбалари сонини ҳисобга оладиган бўлсак, менимча, улар бор-йўғи икки марта жиддий хавф яратишди. Биз яратган вазиятларда эса рақиб дарвозабони бир қатор муҳим сейвларни амалга оширди. Бу эса яратилган имкониятлардан фойдалана олмаганимизнинг асосий сабабларидан бири бўлди. Шундай бўлса-да, бу - футбол. Келгусида ҳам жамоамизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш йўлларини излашда давом этамиз.
- Жамоага тайинланганимдан сўнг, Жаҳон чемпионатига қадар таркибга катта ўзгаришлар киритмасликка қарор қилдим. Ўша даврда туб ўзгаришлар қилишдан кўра, аввалги бош мураббий томонидан олиб борилган ишларни давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладик. Чунки айнан ўша жамоа Жаҳон чемпионатига чиқишдек муҳим натижага эришган эди.
- Жаҳон чемпионатидан сўнг эса жамоада муайян ўзгаришларни амалга оширишга киришдик. Хусусан, ёш футболчиларга кўпроқ имконият бериш йўлини танладик. Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ёшлар футболига катта эътибор қаратиб, ушбу йўналишга сезиларли сармоя киритмоқда. Зарур инфратузилма ва шароитлар ҳам яратилаётганини инобатга олиб, жамоада босқичма-босқич ўзгаришларни амалга оширишни тўғри деб билдик. Ҳозир ушбу жараён изчил давом этмоқда. Бугунги ўйин ҳам ёш футболчиларимиз учун кучли рақибга қарши баҳсда катта тажриба орттириш имконини берди.
- Якунда энг муҳим омил - футболчиларнинг руҳий тайёргарлиги ҳамда юқори савиядаги футбол намойиш этишга асосланган ягона фалсафадир. Ана шу йўналишда изчил ҳаракат қилсак, олдимизга қўйган мақсадларимизга эриша олишимизга ишонаман.

