Жаҳон банки Самарқанд вилоятида тиббиёт ислоҳоти учун 100 миллион доллар тайёрламоқда

Жаҳон банки Самарқанд вилоятида тиббиёт ислоҳоти учун 100 миллион доллар тайёрламоқда
Жаҳон банки Самарқанд вилоятида биринчи тиббий-санитария ёрдамини ислоҳ қилишга қаратилган 100 миллион доллар миқдоридаги дастурни ишлаб чиқмоқда. Унга оилавий поликлиникалардаги шароитларни яхшилаш, тиббиёт ходимларини ўқитиш ва соҳага рақамли технологияларни жорий этиш киради. Режалаштирилган ўзгаришлар ва тиббий ёрдам кўрсатишдаги қийинчиликлар ҳақида Podrobno.uz мухбири Самарқандда ўтказилган Болалар фаровонлиги бўйича Жаҳон саммити доирасидаги болалар саломатлигини муҳофаза қилишга бағишланган сессияда билиб олди.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёда саломатлик, озиқланиш ва аҳоли амалиёти бўйича минтақавий раҳбари Апарна Соманатаннинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларининг ярмидан кўпида соз ҳолатдаги ҳожатхоналар мавжуд эмас, 10% дан камроғида эса тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича тегишли тизим бор.
Апарна Соманатаннинг сўзларига кўра, Жаҳон банки биринчи тиббий-санитария ёрдамини умуммиллий ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаш дастурини тайёрламоқда. Самарқанд вилояти ушбу дастурни амалга ошириш учун, жумладан, мамлакатдаги энг кўп кам таъминланган аҳоли айнан шу ерда яшаши сабабли танланган.
Маъруза қилинган вақтда дастурни кейинги ойда Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши муҳокамасига киритиш режалаштирилаётган эди. Яъни, гап ҳозирча ҳали тасдиқланган молиялаштириш ҳақида эмас, балки тайёрланаётган дастур ҳақида бормоқда.
Апарна Соманатан кутилаётган ислоҳотнинг учта асосий йўналишини тилга олди.
Биринчиси — оилавий поликлиникаларнинг иш шароитларини яхшилаш. Молиялаштириш ҳажми муассасаларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги, иқлимий чидамлилиги ва энергиясамарадорлиги талабларига қанчалик жавоб беришига боғлиқ бўлади. Жаҳон банки вакилининг сўзларига кўра, мамлакатдаги тиббиёт муассасаларининг ярмидан кўпида соз ҳожатхоналар йўқ, ўнтадан бирортасида ҳам тиббий чиқиндилар билан ишлашнинг тегишли тизими мавжуд эмас.
"Маблағлар фақат ушбу камчиликлар бартараф этилган тақдирдагина ажратилади", — деб тушунтирди Апарна Соманатан таклиф этилаётган молиялаштириш механизми ҳақида гапирганда.
Иккинчи йўналиш — тиббиёт ходимларини тайёрлаш. Ҳамширалар, доялар ва менежерлар зарур касбий компетенсияларга асосланган амалий таълимдан ўтишлари керак. Сертификатлашни меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлаш режалаштирилмоқда. Хусусан, Апарна Соманатан сертификатланган ходимлар учун уларнинг базавий маошининг 100% миқдорида мунтазам устама тўлаш режалаштирилаётганини маълум қилди.
У, шунингдек, ушбу тоифадаги ходимларнинг қарийб 80 фоизини аёллар ташкил этишини, шунинг учун иш ҳақи тизимидаги ўзгаришлар уларнинг бандлик шароитларига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Учинчи йўналиш — рақамлаштириш. Дастур доирасида ДМЕД соғлиқни сақлаш ахборот тизимини модернизация қилиш ҳамда уни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ва Бюджет ғазначилиги билан интеграция қилиш режалаштирилмоқда. Бу тиббиёт муассасаларига аҳолининг амалдаги қамровидан келиб чиққан ҳолда жан бошига тўловларни ҳисоблаш имконини бериши керак.
Апарна Соманатаннинг сўзларига кўра, саккиз ой давомида тиббиёт муассасаларининг тайёргарлиги тўғрисида маълумотлар олиш ва улардан ислоҳот устида кейинги ишлар учун фойдаланиш кўзда тутилган.
Апарна Соманатан Сурхондарё вилоятида биринчи тиббий-санитария ёрдамининг яқинда ўтказилган баҳолаши бир қанча муаммоларни аниқлаганини айтди: клиник компетенсияларнинг етарсиз даражаси, беморларни бошқа мутахассисларга асоссиз йўллаш ҳамда иш натижалари тўғрисидаги маълумотлар билан тасдиқланмаган тўлов тизими.
Унинг сўзларига кўра, биринчи тиббиётни ривожлантириш нафақат клиникаларни қуриш ва жиҳозлашни, балки кундалик ишни барқарор молиялаштиришни ҳам талаб қилади. Ҳатто муассаса жиҳозланган бўлса ҳам, эмлаш, режали кўрик ёки касал болани қабул қилиш жорий харажатлар учун маблағ мавжудлигига боғлиқ. Бундан ташқари, оила тиббиёт муассасасига етиб бориш имкониятига эга бўлиши керак.
Жаҳон банки вакили ресурсларни фақат шифохоналар ёки ўринлар сони бўйича тақсимлаш ҳар доим ҳам аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини ҳисобга олишга имкон бермаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, биринчи тиббий ёрдамни молиялаштириш хизмат кўрсатиладиган аҳоли сони ва амалда кўрсатилган хизматларни ҳисобга олиши керак.
У, шунингдек, иқлим хавфларини ҳисобга олиш зарурлигига эътибор қаратди. Иссиқ ҳаво, сув тасқинлари ва қурғоқчилик болаларга алоҳида таъсир кўрсатади, шунинг учун тиббиёт муассасалари фавқулодда вазиятларда ишлаш имкониятини сақлаб қолиши керак. Шу билан бирга, инфратузилмани сақлаш ва эксплуатация қилиш харажатлари олдиндан бюджетга киритилиши лозим.
Худди шу сессияда Беларус, Россия, Тожикистон ва Хитой вакиллари болалар саломатлигини муҳофаза қилишга бўлган ўз ёндашувлари ҳақида гапириб беришди. Уларнинг чиқишлари мамлакатлар тизимнинг турли элементларига — профилактика ва эрта ташхислашдан тортиб юқори технологияли даволаш ва реабилитациягача эътибор қаратаётганини кўрсатди.
Беларус соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Елена Богдан педиатрия хизматини сақлаб қолиш ва эрта аралашув тизимини ривожлантириш ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя иштирокида ривожланаётган 50 та эрта ёрдам маркази фаолият кўрсатмоқда.
Елена Богдан, шунингдек, болалар онкологик касалликларини даволаш натижалари ва САР-Т-ҳужайрали терапияни жорий этиш ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу беморлар гуруҳида болаларнинг омон қолиш кўрсаткичи янги даволаш усуллари жорий этилгандан кейин ошган. Ушбу кўрсаткичлар терапиянинг аниқ йўналишларига тегишли ва агар улардан халқаро таққослаш учун фойдаланилса, алоҳида аниқлик киритишни талаб қилади.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Евгения Котова сўнгги ўн йил ичида мамлакатда гўдаклар ва болалар ўлими икки баравар камайганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳар йили туғилгандан 17 ёшгача бўлган 26 миллиондан ортиқ бола профилактик кўрикдан ўтади, бу ушбу ёш гуруҳидаги болаларнинг 97 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
Евгения Котова, шунингдек, неонатал скринингнинг кенгайтирилиши ҳақида гапириб берди. Тегишли дастур йўлга қўйилгандан бери 4,5 миллиондан ортиқ бола текширувдан ўтди, 2,5 мингдан ортиқ болада эса кам учрайдиган наслий касалликлар тасдиқланди. Бошқа йўналишлар қаторида у телемедицина консултациялари, болалар реабилитациясини ривожлантириш ва янги даволаш усулларини жорий этишни тилга олди.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Жамолиддин Абдуллозода болалар ногиронлиги муаммоси ва Марказий Осиё мамлакатларида биргаликда тадқиқотлар ўтказиш зарурлигига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Тожикистонда ногиронлиги бўлган шахсларга тўловлар харажатлари ойига 95 миллион сомонийдан ошади, олувчиларнинг 52 фоиздан ортиғини эса, у таъкидлаганидек, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади.
Пекин вакили Вей Ган туғма нуқсонларнинг олдини олиш ва касалликларни барвақт аниқлаш тизими ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, Пекинда пренаталл скрининг билан қамраб олиш 98,24% га етган, етти ёшгача бўлган болаларнинг 99,39% и эса тиббий хизматлар билан қамраб олинган.
Иштирокчилар томонидан келтирилган кўрсаткичлар турли соғлиқни сақлаш тизимларига, ёш гуруҳларига ва тиббий ёрдам турларига тегишлидир. Шунинг учун уларни методологияни ҳисобга олмасдан тўғридан-тўғри таққослаб бўлмайди.
Иштирокчиларнинг чиқишлари болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этишнинг турли усулларини кўрсатди: профилактик кўриклардан ва эрта ташхислашдан тортиб ихтисослаштирилган даволаш ва реабилитациягача. Бироқ ҳар бир мамлакатнинг тажрибаси унинг соғлиқни сақлаш тизими тузилмасига, мавжуд ресурсларга ва хизматларни ташкил этишга боғлиқ.
Жаҳон банкининг тайёрланаётган дастури ҳолатида молиялаштиришни тиббиёт муассасаларининг аниқ иш шароитлари, ходимларни тайёрлаш ва аҳолининг амалдаги қамрови тўғрисидаги маълумотлар билан боғлаш асосий элементга айланади. Бу ислоҳотни нафақат ажратилган маблағлар ҳажми бўйича, балки тиббий ёрдамни ташкил этиш ва ундан фойдаланиш имкониятида қандай ўзгаришлар юз бераётганига қараб ҳам баҳолаш имконини беради.
Шу билан бирга, дастурнинг якуний параметрлари, уни тасдиқлаш ва амалга оширишни бошлаш муддатлари ҳали аниқлаштирилиши керак.

