Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Сирдарёдаги тиббиёт муассасаларида фуқаролардан 1 млрд сўмдан ортиқ асоссиз маблағ ундирилгани аниқланди
Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Сирдарёда тиббиёт муассасаларида пулли хизматлар нархини шакллантиришда қонунбузилишлар аниқланди. Истеъмолчилардан 1 млрд сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олинган. Айрим муассасаларга иш қўзғатилиб, пулларни қайтариш ва қонунбузилишларни бартараф этиш кўрсатмалари берилди.

Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Сирдарёдаги тиббиёт муассасаларида фуқаролардан 1 млрд сўмдан ортиқ асоссиз маблағ ундирилгани маълум бўлди
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизматлар нархларини белгилаш ва қўллаш жараёнида қонунбузилишлар аниқланган. Ўрганишлар давомида истеъмолчилардан жами 1 млрд сўмдан ортиқ асоссиз ёки ортиқча маблағ олингани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Қорақалпоғистон Республикасида еттита тиббиёт муассасасида 2023−2026-йиллардаги пулли хизматлар нархлари таҳлил қилинган. Айрим муассасаларда солиқ имтиёзлари мавжуд бўлса-да, фойда солиғи хизматлар таннархига киритилгани ва баъзи хизматлар нархлари белгиланган тарифлардан юқори қўйилгани аниқланган.
Натижада истеъмолчилардан жами 331,7 млн сўм асоссиз даромад олинган. Олти тиббиёт муассасасига нисбатан иш қўзғатилиб, маблағни истеъмолчиларга қайтариш юзасидан кўрсатмалар берилган. Яна бир муассасага нархлар калкуляцияларини қайта кўриб чиқиш бўйича хат киритилган.
Кўрилган чоралар натижасида айрим пулли тиббий хизматлар тарифларини ўртача 16,22 фоизга пасайтиришга эришилган.
Самарқанд вилоятида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалида хизматлар нархлари ўрганилган. Текширувда “Исте'молчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 21-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 239-сон ва 722-сон қарорлари билан тасдиқланган низомлар талаблари бузилгани аниқланган.
Қўмита маълумотига кўра, бунинг оқибатида истеъмолчиларга 302,2 млн сўм ортиқча ҳисобланган. Филиалга қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган.
Сирдарё вилоятида ҳам иккита тиббиёт муассасасида қонунбузилишлар аниқланган.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиали 2025-йилда қарийб 4790 нафар истеъмолчидан 76 млн сўмдан ортиқ асоссиз даромад олгани маълум бўлган.
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий филиалида эса пулли хизматлар нархини шакллантиришда билвосита харажатларни қайта тақсимлаш коеффициенти белгиланган 38,2 фоиз ўрнига 47,4 фоиз миқдорида қўлланилган. Яъни коеффициент 9,2 фоизга юқори белгиланган.
Оқибатда 2024−2025-йилларда истеъмолчилардан 300 млн сўмга яқин маблағ ортиқча ундирилган.
Қонунчилик талаблари бузилгани юзасидан ҳар икки филиалга нисбатан иш қўзғатилиб, ортиқча ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Қўмита истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда пулли тиббий хизматлар нархларининг асоссиз оширилишининг олдини олишга қаратилган ишлар давом эттирилишини билдирди.
Аввалроқ Наманган, Самарқанд ва Навоийдаги тиббиёт муассасаларида пулли хизматлар нархини ошириб белгилаш орқали фуқаролардан 125 млн сўмга яқин ортиқча маблағ ундирилгани аниқланган эди.
Уч муассасага маблағни қайтариш бўйича кўрсатма берилган.

