Иқтисодиёт

Жаҳон банки Ўзбекистонда электр тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш учун $100 млн ажратди

ЖБ Ўзбекистонда электр тақсимлаш тизимларини модернизациялаш учун $100 млн қарз ажратди. Олдинроқ ОТБ ушбу дастурга $200 млн йўналтирганди. Мамлакатдаги 60 та асосий нимстансияни модернизациялаш ва рақамлаштириш, қайта тикланувчи қувватларни интеграция қилиш учун шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Жаҳон банки Ўзбекистонда электр тақсимлаш тизимларини янгилаш учун 100 млн доллар ажратди

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши 27-октабр куни Ўзбекистонда электр энергиясини тақсимлаш тизимининг самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш мақсадида 100 миллион доллар миқдорида қарз ажратишни маъқуллади.

“Электр энергиясини тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш” дастури “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” компанияси томонидан амалга оширилади. Дастур доирасида электр энергияси йўқотишларини камайтириш ва электр таъминоти ишончлилигини ошириш учун бутун мамлакат бўйлаб 60 та асосий нимстансияни модернизация қилиш ва рақамлаштиришга сармоя киритилиши режалаштирилган.

Шунингдек, дастур “Ўзбекистон МЕТ”нинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ва компания фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бунга молиявий бошқарув тизимларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни кучайтириш, экологик ва ижтимоий стандартларга риоя қилиш сифатини яхшилаш ҳамда компаниядаги бандлик соҳасида гендер тенглигини таъминлаш киради.

2031-йилга келиб, дастур ҳисобига модернизация қилинган нимстансияларда йиллик электр энергияси йўқотишлари 20 минг мегаватт-соатга (МВт/соат) камайиши керак. Бундан ташқари, электр тармоғига камида 3,3 ГВт қайта тикланувчи энергия қувватларини улаш учун шароит яратилади. Дастур, шунингдек, ҳар йили қарийб 23 минг тонна углерод оксидига тенг иссиқхона газлари чиқиндиларининг олдини олиш имконини беради.

Модернизация қилинган энергетика инфратузилмаси обьектлари ишга туширилгач, беш йил давомида дастур 11,7 мингга яқин қўшимча сифатли иш ўринлари яратилишига ҳам кўмаклашиши кутилмоқда.

Жаҳон банки дастурни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан биргаликда тўлиқ ўзаро ишончнинг глобал механизми (Фулл Мутуал Релиансе Фрамеворк, ФМРФ) доирасида молиялаштирмоқда. Ушбу механизм икки молиявий институтнинг дастурни тайёрлаш ва уни амалга оширишни назорат қилиш бўйича ягона ёндашувини назарда тутади, бу эса транзаксия харажатларини камайтириш ва Ўзбекистон ҳукумати учун тартиб-таомилларнинг такрорланишига йўл қўймаслик имконини беради.

30-сентабр куни ОТБ Ўзбекистонга 200 млн доллар миқдорида қарз ажратишни маъқуллаганди.

ЖБнинг янги қарзи ва ҳукуматнинг давлат буджетидан 71 млн доллар миқдоридаги ҳиссасини ҳисобга олганда, дастурни молиялаштиришнинг умумий ҳажми 371 млн долларни ташкил этади.

“Ўзбекистон 2030-йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг ўрнатилган қувватини 25 гигаваттга етказишни мақсад қилган. Бунинг учун қуввати юқорироқ ва технологик жиҳатдан такомиллашган электр тармоғи инфратузилмаси талаб этилади. Тақсимлаш тармоқларининг катта қисми бир неча ўн йиллар олдин қурилган бўлиб, кўплаб подстансиялар ортиқча юклама билан ишлайди. Бу уй хўжаликлари, корхоналар ва ижтимоий инфратузилма обектлари, жумладан, мактаблар ва тиббиёт муассасаларига таъсир қилувчи электр энергияси йўқотилиши ва электр таъминотидаги узилишларга олиб келади. Иқтисодий ўсишнинг жадал суръатлари ва электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб бориши шароитида тармоқларни модернизация қилиш устувор вазифага айланмоқда”, — дейилади ЖБ хабарида.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.