Италия мактабларида бурка ва ниқоб кийиш тақиқланди

Италия мактабларида бурқа ва ниқоб кийиш тақиқланди
Жоржи Мелони раҳбарлигидаги Италия ҳукумати мамлакат мактабларида бурқа ва ниқоб кийишни тақиқловчи фармонни тасдиқлади.
Шу билан бирга, ҳижобларга ҳамон рухсат берилган, деб хабар беради "Ассосиатед Пресс" агентлиги.
Бундан ташқари, ҳужжат мамлакатга яқинда келган ва италян тилини етарли даражада яхши билмайдиган чет эллик ўқувчилар улушига чеклов белгилайди — бир синфда 30 фоиздан кўп бўлмаслиги керак. Агар ушбу чегарадан ошиб кетса, ўқувчилар бошқа синфлар ва таълим муассасаларига тақсимланади. Шунингдек, янги фармон чет эллик ўқувчиларнинг ота-оналарига бепул италян тили курсларида ўқиш мажбуриятини юклайди. Ўқишдан бош тортганлик учун 200 дан 1000 еврогача жарима назарда тутилган. Мелонининг сўзларига кўра, ушбу чора-тадбирлар тенг имкониятларни таъминлаш ва "гетто-синфлар" пайдо бўлишининг олдини олишга қаратилган.
Ушбу ташаббус ўқитувчилар ва касаба уюшмалари томонидан танқидга учради, улар мигрантлар улуши юқори бўлган ҳудудларда ўқувчиларни тақсимлашдаги қийинчиликларга эътибор қаратмоқда ва ҳукумат томонидан тилни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 14 миллион евро етарли эмас деб ҳисобламоқда. Қабул қилинган фармон мамлакатнинг миграция сиёсатини кучайтириш курсига мос келади. Хусусан, 2025 йил ноябр ойида Мелони, судларнинг қарорларига ва бир йил ичида Италияга 30 мингдан ортиқ чет эллик келганига қарамай, ноқонуний мигрантларни Албаниядаги сақлаш марказларига юбориш амалиёти давом эттирилишини маълум қилди.

