Истанбулда етти қаватли турар жой биноси қулаб тушди, вайроналар остида етти киши қолмоқда. Видео

Истанбулда етти қаватли турар жой биноси қисман қулаб тушди, вайроналар остида етти киши қолмоқда. Видео
Истанбул шарқида етти қаватли турар жой биносининг қисман қулаши юз берди. Вайроналар остида камида етти киши қолмоқда.
ТАСС хабарига кўра, бино 1987 йилда қурилган. Подвал қаватида дўкон жойлашган, яна олтита қават эса турар жой ҳисобланади. Уйда жами 12 та хонадон бор. Рўйхатга олиш тизими маълумотларига кўра, унда 33 киши истиқомат қилади, деб маълум қилди Истанбул вилояти губернатори Давут Гюл.
"Қулаш натижасида подвал, биринчи ва иккинчи қаватлардаги тўртта хонадон шикастланган. Бизнинг маълумотларимизга кўра, ушбу тўртта хонадонда жами 14 киши рўйхатда туради", – деди губернатор.
Шу билан бирга, қулаш вақтида одамларнинг ҳақиқий сони рўйхатга олиш маълумотларига мос келмаслиги мумкин. 14 кишидан икки нафари бошқа шаҳарларда эканлиги аниқланган.
Беш киши қутқариб олинди, тўрт киши билан алоқа ўрнатилди. Яна уч кишини қидириш ишлари давом этмоқда. Қулаш сабаблари суд ва маъмурий тартибда тергов қилинмоқда.

