Дунё

Исроил президенти ярадор фаластинликни ўлдирган ҳарбий хизматчидан судланганликни олиб ташлади

Исроил президенти ярадор фаластинликни ўлдирган ҳарбий хизматчидан судланганликни олиб ташлади

Исроил армияси 2016-йилда Хевронда ярадор фаластинликни отиб ўлдирган ҳарбий хизматчи Элор Азариянинг судланганлик мақомини муддатидан олдин олиб ташлашга қарши чиқди. Шунга қарамай, Исроил президенти Исхак Герсог 19-сентябр куни ҳарбийдан судланганликни олиб ташлади.

Президент қарори зудлик билан кучга кирди. Аслида судланганлик ҳақидаги ёзув 2032-йилгача сақланиши керак эди. Азариянинг мурожаатини Бош штаб бошлиғи Эял Замир, армиянинг Кадрлар бошқармаси раҳбари ва ҳарбий прокуратура қўллаб-қувватламади.

Ҳарбий раҳбарият судланганликни муддатидан олдин бекор қилиш фавқулодда чорага тенг эканини билдирди. Азария ҳукмдан кейинги 10 йил давомида “ўз қилмишидан пушаймонлик билдириш ва масъулиятни ўз зиммасига олиш”дан тийилган.

Герсог эса жиноят содир этилганидан бери ўтган вақтни, Азариянинг жазони ўтаб бўлгани, оилавий ҳолатидаги ўзгаришларни ва иш топишдаги қийинчиликларини инобатга олган. Президент девонига кўра, Азария ўз мурожаатида юз берган воқеа оқибатларидан афсусда эканини айтган.

Шу билан бирга, президент унинг қарори ҳарбий суд хулосаларини бекор қилмаслигини ва ишни қайта кўриб чиқиш эмаслигини алоҳида қайд этган. Мудофаа вазири Исроил Кац эса армия позициясига қарши чиқиб, президентга Азариянинг илтимосини қондиришни тавсия қилган.

Мазкур қарордан кейин Кац давлат “ўз аскарларини ташлаб қўймаслигини” айтган. Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам қарорни олқишлаб, агар Азария хоҳласа, унга ҳарбий хизматга қайтиш имконини беришга чақирган.

Азария “Кфир” бригадасида санитар бўлиб хизмат қилган. 2016-йил 24-март куни икки фаластинлик Хеврондаги Исроил ҳарбийсига пичоқ билан ҳужум қилган. Улардан бири — Абдул Фаттоҳ аш-Шариф оғир яраланиб, зарарсизлантирилган. Тахминан 11 дақиқадан сўнг Азария ерда ҳаракациз ётган аш-Шарифнинг бошига ўқ узган. Ҳарбий суд Азариянинг “фаластинликнинг эгнида портловчи қурилма бўлиши мумкинлигидан қўрқдим” деган даъвосини рад этиб, 2017-йилда уни ўлимда айбдор деб топган ва 18 ойга озодликдан маҳрум қилган. Кейинчалик Бош штаб бошлиғи Гади Айзенкот жазони 14 ойга қисқартирган, аслида Азария 9 ойни қамоқда ўтказган.

Исроил президентининг афви АҚШ собиқ президенти Жо Байден маъмурияти томонидан Азарияга нисбатан 2024-йилда жорий этилган санксияларни, жумладан, у ва унинг яқин оила аъзолари учун АҚШга киришни тақиқлашни бекор қилмайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.