«Иш суҳбатидаги фирибгарлик туфайли бор жамғармамни йўқотдим»
Иш изловчилар, айниқса, Z авлоди вакиллари сохта, тузоқли ишга қабул қилиш иловалари нишонига айланмоқда.

Иш изловчилар фирибгарларнинг нишонига айланмаслик учун ҳушёр бўлишга чақирилмоқда, чунки фирибгарлар иш эълонлари сайтларидаги одамларни алдаб, сохта суҳбат дастурларини юклаб олишга мажбур қилмоқда.
Жабрланувчилардан бири билан LinkedIn тармоғида сохта рекрутер боғланиб, уни ишга қабул қилиш суҳбатига таклиф қилган, сўнгра у оддий ҳужжат бўлиб кўринган, аслида эса зарарли дастурий таъминот бўлган файлни юклаб олган.
Бир неча соат ичида хакерлар унинг криптовалюта ҳисобларини бўшатиб, 18 000 фунт стерлинг миқдоридаги жамғармаларини ўғирлаб, ғойиб бўлишган.
«Катта миқдордаги маблағдан айрилиш даҳшатли туйғу — буни ҳатто энг ашаддий душманимга ҳам раво кўрмайман», деди исми сир қолишини сўраган жабрланувчи.
Профессионал иш қидириш платформалари бўлган LinkedIn ва Indeed сўнгги ойларда иш билан боғлиқ фирибгарликлар кўпайгани ҳақида огоҳлантирди.
- «Ёш мутахассислар фирибгарликка энг кўп дучор бўлмоқда (32%), шунга қарамай, деярли учдан бир қисми (32%) рақобатбардош меҳнат бозори туфайли шубҳали белгиларга эътибор бермаслигини тан олади».
Би-би-си ушбу компания билан боғланганда, у гавжум ва рақобатбардош меҳнат бозорида «кўпчилик ёшлар шубҳа билан қарашга имкониятимиз йўқ деб ҳисоблашади... чунки улар имкониятлар жуда кам деб ўйлашади» деб маълум қилди.
Хакерлик ҳужумидан сўнг жамғармаларидан айрилган жабрланувчи ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган ва LinkedIn тармоғида янги иш қидираётганини очиқ кўрсатган эди.
Сохта рекрутер унга эҳтимолий иш таклифини юборган ва лавозим бўйича видеоқўнғироқ ташкил қилган, сўнгра ундан Google Sheet ҳужжатидаги кўрсатмалардан фойдаланган ҳолда стандарт техник топшириқни бажаришни сўраган.
Бироқ ҳужжат зарарли дастурий таъминот билан зарарланган эди.
Вазифани бажариб бўлгач, номзод ухлашга ётган ва уйғонганида онлайн ҳамёнларидаги жамғармалари бўшатиб қўйилганини кўрган.
«Мен компьютеримни тозаладим ва барча паролларимни ўзгартирдим, руҳан ва жисмонан чарчаган эдим», деди у.
«Менда ишончсизлик ва ғазаб аралашиб кетди — хакерларга ҳам, ўзимга ҳам. Шунингдек, улар мени қандай қилиб тузоққа туширишганини тушуниб етгунимча ҳайрон бўлиб қолдим».
«Have I Been Squatted» лойиҳасининг киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчиси Чарли Келли ҳужум қандай амалга оширилганини таҳлил қилди ва ишга қабул қилиш билан боғлиқ сўнгги фирибгарлик тўлқинини аниқлаш қийин бўлганини айтди.
«Бу шубҳали иловаси бўлган, саводсиз ёзилган электрон хат эмас эди — бу одам ҳақиқий Google саҳифаларида, ҳақиқий Google тизимига кириш ортида, ҳақиқий иш суҳбатига ўхшаш жараёндан ўтган ва ундан ўрнатиш сўралган дастурий таъминот худди ҳар қандай қонуний илова каби рақамли имзоланган эди».
Жиноятчилар одамларни сохта Indeed Interview ёки MyInterview деб номланган иловалар каби тузоқли мобил иловаларни юклаб олишга ундаш учун иш суҳбатларидаги ҳаяжон ва босимдан фойдаланмоқдалар.
Malwarebytes киберхавфсизлик компаниясининг маълумотларига кўра, сохта рекрутерлар қуйидагича кўрсатмалардан фойдаланадилар: «Indeed иловасини ўрнатиш орқали суҳбатни якунланг» ёки «илова ўрнатилгандан сўнг иш ҳақи тўғрисидаги келишув мавжуд бўлади».
Юклаб олингандан сўнг, зарарли иловалар хакерларга товламачилик ёки молиявий ҳужумларда фойдаланиш учун шахсий маълумотларга кириш имконини беради.
«Indeed платформаси орқали суҳбатдан ўтиш тўлиқ браузерда амалга оширилади ва ҳеч қачон махсус иловани юклаб олишни талаб қилмайди», деб ёзди яқинда компания интернетда.
«Иш изловчидан суҳбатда қатнашиш учун иловани юклаб олишни сўраган ҳар қандай хабар сохта ҳисобланади».

