Ирландия Республикаси бўйлаб юз минглаб ходимлар иш ташлашда
Бу давлат сектори ходимлари ва Ирландия ҳукумати ўртасида иш ҳақи бўйича давом этаётган низо фонида юз бермоқда.

Ирландия Республикаси бўйлаб юз минглаб ходимлар иш ташлашмоқда
Иш ташлаш акцияси 24 соат давом этади
Ирландия Республикаси бўйлаб 300 000 дан ортиқ ходимлар, жумладан, ҳамширалар, шифокорлар, ўқитувчилар ва давлат хизматчилари иш ташлаш акциясини ўтказишмоқда.
Ушбу қадам давлат сектори ходимлари ва Ирландия ҳукумати ўртасида иш ҳақи бўйича давом этаётган низо фонида қўйилди, навбатдаги иш ташлаш эса 21 октябрга белгиланган.
24 соатлик иш ташлаш давомида мактаблар ёпилиши, шифохоналардаги қабуллар бекор қилиниши ва бутун мамлакат бўйлаб пикет чизиқлари пайдо бўлиши кутилмоқда.
Сентябрь охирида 100 000 дан ортиқ ходимлар, жумладан, ҳамширалар, мактаб ходимлари ва давлат хизматчилари қоидаларга қатъий амал қилиш (work-to-rule) режимига ўтган эди.
Октябрь бошида Республикадаги бошланғич ва ўрта мактаб ўқитувчилари қоидаларга қатъий амал қилиш акциясини бошлашди.
Аввалроқ, касаба уюшмаси сўровномасида иштирок этган Fórsa аъзоларининг деярли 97 фоизи акцияни қўллаб-қувватлаб овоз берган эди. Бу Республикадаги энг йирик давлат хизмати касаба уюшмасидир.
Давлат сектори соғлиқни сақлаш ва маъмурият ходимлари манфаатларини ҳимоя қилувчи SIPTU бўлинма ташкилотчиси Брендан О'Браен аввалроқ ходимларнинг "хайрихоҳлиги" давлат хизматлари фаолиятини ушлаб турган асосий омиллардан бири бўлганини айтган эди.
Бироқ, унинг таъкидлашича, Ирландия ҳукуматининг расмий музокаралар учун асос ярата олмагани "аъзоларимизга жамоавий ҳаракат қилишдан бошқа муқобил қолдирмади".
Сешанба куни Республиканинг харажатлар вазири Жек Чамберс иш ташлаш акциясини "жуда ҳафсалани пир қилувчи" деб атади ва бу иқтисодиётга катта путур етказишини, минглаб шифохона қабуллари бекор қилиниши ва мактаблар ёпилишини айтди.

