Дунё

Уч кун 12 соатдан иш, қолган кунлар дам: Мерс мослашувчан иш тартибини қўллади

Германия канслери Фридрих Мерс ҳафтасига уч кун 12 соатдан ишлаб, қолган кунлари дам олиш моделининг афзалликларини таъкидлади. У иш вақтининг максимал чегарасини кунлик эмас, ҳафталик ҳисобда белгилашга қаратилган қонун лойиҳасини тайёрлашни тезлаштириш тарафдори.

Уч кун 12 соатдан иш, қолган кунлар дам: Мерс мослашувчан иш тартибини қўллади

ДВ хабарига кўра, Мерс 13-октабр куни Берлинда Германия иш берувчилар уюшмалари федерал бирлашмаси - БДА ташкил этган «Иш берувчилар куни» тадбирида нутқ сўзлаган.

Канслернинг таъкидлашича, иш вақтини мослашувчан тарзда ташкил этиш ҳам корхоналар, ҳам ходимлар учун янги имкониятлар очади.

«Халқаро корхоналар бор, уларда кетма-кет 12 соат ишлашади. Ҳафтасига уч марта, кейин эса - етарли», - деган Мерс.

Унинг фикрича, бундай тартиб ходимларга оиласи билан кўпроқ вақт ўтказиш имконини беради. Канслер саккиз соатдан ортиқ ишлашни ҳар доим ҳам эксплуатация деб баҳолаб бўлмаслигини, бу корхона ва ходимларга иш вақтини қулайроқ тақсимлаш имконини бериши мумкинлигини айтган.

Мерс ҳукумат иш вақтига мослашувчан ёндашувни назарда тутувчи қонун лойиҳасини аллақачон тайёрлаб қўйиши кераклигини таъкидлаган. Режага кўра, ҳужжатда иш соатларининг кунлик эмас, ҳафталик максимал чегараси белгиланади. Бу эса турли иш жадвалларини шакллантиришга йўл очиши кутилмоқда.

Канслер, шунингдек, корхоналарга ходимлар билан муддатли меҳнат шартномалари тузиш учун кенгроқ имконият бериш ва юқори лавозимдаги менежерларни ишдан бўшатиш тартибини соддалаштириш тарафдори эканини билдирган.

Қонун лойиҳасининг якуний таҳрири билан Германиянинг янги меҳнат ва ижтимоий масалалар вазири Александер Швайсер шуғулланиши кутилмоқда. Президент Франк-Валтер Штайнмаер уни 13-октабр куни ушбу лавозимга тайинлаган.

Илгари Рейнланд-Пфалс ери ҳукуматига раҳбарлик қилган Швайсер олдида пенсия ислоҳотини амалга ошириш вазифаси ҳам турибди.

Аввалги вазир Бербел Бас оғир шахсий ҳолатлар сабабли ҳукумат ва партиядаги вазифаларини тўлиқ бажара олмаётганини билдириб, 12-октабрдан меҳнат вазири ҳамда Социал-демократик партия ҳамраиси лавозимларини тарк этишини эълон қилган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.