Лайфстайл

Инярриту, Том Круз ва Бред Питтнинг ити: октабрда кинотеатрларда нималар намойиш этилмоқда?

Октабр ойида кинотеатрларда Том Круз иштирокидаги ъДиггеръ филми намойиш этила бошланди. Картина танқидчиларга ёқмаган бўлса-да, режиссёр Сарвар Каримов уни кўришга арзийди деб ҳисобламоқда. ъКинотавсияънинг янги сонида шу бошқа премералар ҳақида ҳикоя қилинади.

Инярриту, Том Круз ва Бред Питтнинг ити: октабрда кинотеатрларда нималар намойиш этилмоқда?

Октабр ойида кинотеатрларда ҳар бир томошабин ўзига мос ва қизиқарли филм топиши мумкин. Дастурда Голливуднинг йирик юлдузлари қатнашган картиналар ҳам, ўйин ва комикслар асосидаги блокбастерлар ҳам, тарихий эпопея, оилавий мултфилмлар, инсон ва ит муносабатига бағишланган ҳикоялар ҳам бор. Хоррор мухлислари ҳам бу ой зерикмайди: уларни заҳарли ўргимчаклар ва Индонезиянинг лаънатланган кўприги кутмоқда.

Уч нафар ўз ишининг устаси, чинакам метр ижодкорлар бир жойга жамланса нима юз беради?

“Диггер” филми дунёга келади. Картинанинг режиссёри — Алехандро Гонсалес Инярриту, оператори — Эммануел Любецки, бош ролни эса Том Круз ижро этган. Филм 1-октабрдан Ўзбекистон кинотеатрларида намойиш этилмоқда.

Бу филмнинг сюжети сир сақланган. Трейлерлари ҳам жуда ноодатий ва қизиқарли чиққан. Маълум бўлган ягона нарса шуки, Том Круз дунёнинг энг қудратли одамларидан бирининг образини яратади ва ўзи сабабчи бўлган, сайёрани йўқ қилиб юборишга қодир табиий офат оқибатларини бартараф этишга уринади.

“Ҳа, кинотанқидчилар филмни ёмон кутиб олишди, кўп танқидлар ёғилди. Мен филмни кеча кўрдим ва у менга ёқди. Режиссёр бу филмда „мизанабим“ усулидан фойдаланган. Яъни, асарнинг ичида яна битта асарни ишлатган. Кинода бу қандай ишлайди? Сюжет ичида яна битта сюжет бўлади. Спойлер қилмайман, ўзингиз кўринг, чунки бу трейлерларда йўқ эди. Ўзим ҳам аввалига тушунмадим ва бироз довдираб қолдим”, — дейди Сарвар Каримов.

Филм сиёсий сатира бўлиб, Стенли Кубрикнинг “Доктор Стренджлав” картинасини эслатади. Унда бир қанча Голливуд юлдузлари қатнашган. Масалан, Жон Гудман АҚШ президенти ролини ўйнаган. Бундан ташқари, Жесси Племонс, Риз Ахмед, Сандра Хюллер, Эмма ДъАрси ва яна кўплаб актёр-актрисалар филмда ишлаган.

Ҳозир 65 ёшда бўлган Том Круз 65 ёшли Диггер персонажини яратиш учун соатлаб грим қилинган. У мушугидан бошқа бирорта тирик жонзотни яхши кўрмайдиган, пулга ўч, ўзидан бошқа ҳеч кимни эшитмайдиган миллиардер Диггер Рокуелл образини гавдалантирган.

“Кўпчилик Том Круз мазкур роли учун „Оскар“ олиши мумкинлиги ҳақида гапиряпти. Бўлиши мумкин, чунки Круз жуда яхши актёр, фаолияти давомида 4 маротаба бу мукофотга номзоди қўйилган, лекин афсуски ютмаган. Ҳа, унинг битта Оскари бор, аммо бу кинодаги умумий фаолияти учун берилган фахрий Оскар. Чунки Том Круз нафақат актёр, балки продюсер ҳам”, — дейди Сарвар Каримов.

Филм режиссёри Алехандро Гонсалес Инярритуда 5 та “Оскар”, оператор Эммануел Любецкида эса 3 та “Оскар” бор. Энг қизиғи, уларни кетма-кет қўлга киритган: 2014, 2015 ва 2016-йилларда, “Гравитация”, “Бёрдмен” ва “Омон қолган” филмлари учун.

“Умуман олганда мен Алехандро Гонсалес Инярритуни жуда яхши кўраман. Институт пайтидаёқ унинг „Ўлим трилогияси“ ни катта қизиқиш билан кўрганмиз. Ҳаттоки „Сеҳрли қалпоқча“ нинг биринчи қисмида Ҳошимжон меҳмонхонада телевизор кўриб ўтирадиган саҳнада унинг „Аморес перрос“ филмидан битта кадр ишлатганман. Кўпчилик Инярритуни „Бёрдмен“ ва „Омон қолган“ филмидан кейин таниган бўлса, биз ҳақиқий фанатлари 20 йилдан бери унинг ижодига мухлислик қилиб келамиз”.

Жеймс Ганн ДС оламини кенгайтирмоқда. “Яшил фонар”лар сериалини кўрдингизми?

“Бу гал тўлиқ метражли филм суратга олинди ва унда янги қаҳрамон — Клейфейс пайдо бўлди. Ўзи Жеймс Ганда шунақа эсдан чиқиб кетган қаҳрамонларни топиб, машҳур қиладиган одати бор. Масалан, “Галактика қўриқчилари”ни ҳам филмдан олдин ҳеч ким танимас эди. Кўрамиз, бу гал ўхшармикан”, — дейди Сарвар Каримов.

Боди ҳоррор элементларига эга бўлган ушбу филм режиссёри — Джеймс Уоткинс.

“Мен унинг дебют филми — “Жаннат кўли”ни кўрганман. Яхши филм эди, эски ва қадрдон британ слешери. Умид қиламиз, Клейфейс ДС ни инқироздан олиб чиқиш режасидаги омадли қадамлардан бирига айланади. Эҳтимол, Жеймс Ганнинг миясида ДС ва умуман суперқаҳрамонларни қайта ислоҳ қиладиган бирор режа бордир, балки биз ҳали тушунмаётгандирмиз уни. Кўрамиз!”, — дейди Сарвар Каримов.

Бред Питт ўйнаган танкистлар ҳақидаги “Ғазаб” филмини кўрганмисиз? Шу филмни Девид Эйр исмли режиссёр суратга олган. У бу сафар Бред Питт билан яна ҳамкорлик қилиб “Йиртқич юрак” деган филм ишлаган. Бутун филм Бред Питт ва итдан иборат.

“Тўғрисини айцам бу картина менга ўзимизнинг эски қадрдон 90-йиллар филмларини эслатди. У ростдан тоғ-у тошларга бориб суратга олинган, яшил хонада эмас. Оддий, лекин яхши филм чиққан. Кўринг, охирида бир йиғлаб беришингиз ҳам мумкин. Бари-бир Бред Питт — бу Бред Питт”, — дейди Сарвар Каримов.

Бир вақтлар Жан-Клод Ван Дам ўйнаган “Кўча жангчиси” деган филм суратга олинган. Бу картина “Мортал Комбат” каби ўйин асосида ишланган. Яқинда “Мортал Комбат” ремейк қилингани каби, энди бу ой “Кўча жангчиси”нинг ҳам янгиси чиқяпти.

“Манимча бу кинони дарров кўриш керак. Ҳеч бўлмаса, 50 Сент ҳурмати. Ўйиндаги қора танли, Балрог исмли боксчи персонажни айнан у ўйнаган”, — дейди Сарвар Каримов.

Франсия-Белгия ва АҚШ ҳамкорлигида машҳур франсуз арбоби — генерал Шарл Де Голл ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи икки қисмли тарихий филм суратга олинди. Ҳозир шу эпопеянинг биринчи қисми кинотеатрларимизда намойиш этилмоқда.

“Мабодо иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги филмларни ёқтирсангиз ёки умуман тарихга қизиқсангиз, бу картинани ўтказиб юборманг. Эслатиб ўтамиз, иккинчи жаҳон урушида Франсия нацист Германияси томонидан қисқа муддатда босиб олинган. Шарл де Голл эса бундан норози бўлиб, „Озод Франсия“ ватанпарварлик ҳаракатига асос солган ва кейинчалик фашистлардан юртини озод қилиб, бир оз муддат ўтгач мамлакат президентига ҳам айланган. Жуда ҳам ажойиб шахс, бу инсоннинг ҳаёти филм бўлишга лойиқ эди ва мана энди кинотеатрга бориб уни кўрсак бўлади”, — дейди Сарвар Каримов.

Бу ой оилавий томоша учун голландиялик ижодкорлардан “Қишлоқдаги бобомникига. Супермиссия” номли филмни тавсия қилиш мумкин. Шунингдек, Франсия ва Белгия қўшма маҳсулоти — “Мўжизавий қалам” ҳам томошабинларга тақдим этилмоқда. Унда кичик қизалоқ қўлига сеҳрли қалам тушиб қолади ва у билан нима ёзилса, амалга ошади.

Шунингдек, совет мултфилмининг замонавий 3Д талқини — “Мамонтчанинг саргузаштлари. Онани қидириб” анимацион филми ҳам кинотеатрларимизда намойиш этилмоқда. 6–7 ёшдаги болалар билан Германия ва Чехия маҳсулоти бўлган яна бир анимацион филм — “Сув ости биродарлари. Риф соқчилари”ни томоша қилиш мумкин.

“Хатико” мухлисимисиз? Унда таиландлик киноижодкорлардан “Гохан лақабли ит” филми сиз учун. Картинада Гохан лақабли оппоқ итнинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинади, “Хатико”дан фарқли ўлароқ Гоханнинг нақд уч эгаси бўлади.

“Таиландликлар мана шундай одамнинг қалбини ларзага соладиган, йиғлатадиган роликларни жуда яхши ишлашади, кинони ҳам шундай маҳорат билан тасвирга олишган деган умиддамиз”, — дейди Сарвар Каримов.

А24 студияси тақдим этаётган “Ҳужум” филми сюжети жуда оддий. Она ва унинг қизи ёвуз роботларга қарши курашади. Хуллас, кимдир қочади, кимдир қувлайди. Агар ҳоррор, фантастика, боевик ва триллер жанрдаги аттраксион филмларни ёқтирсангиз — ўтказиб юборманг.

“Голливуд осмонида янги юлдуз порламоқда ва унинг исми — Остин Абрамс. Эслаб қолинглар, ўртоқлар. Мен бу ёш актёрни илк марта „Ёлғи бўрилар“ филмида кўрган эдим. Ўшанда у икки гигант — Жорж Клуни ва Бред Питт олдида йўқ бўлиб қолмагани мени қойил қолдирган эди. Бу актёрда ҳақиқатан ҳам истеъдод бор экан, кейинчалик у иштирокида қатор филмлар суратга олинди”, — дейди Сарвар Каримов.

“Ростлик ёхуд Веритининг маҳфий кундалиги” — Энн Хетеуейнинг бу йилги бешинчи премераси. Триллер жанридаги ушбу филмда Дакота Жонсон ҳамда миллениалларга таниш Жош Хартнетт асосий ролларни ижро этишган. Бу ой, шунингдек, аёллар аудиториясига мўлжалланган “Спа Веекенд” комедияси ҳам катта экранларга чиқди.

“Оскар” соҳибаси Жессика Честейн бош ролни ижро этган “Ўгай она” филми шу ой намойиш этилади. Хоррор ишқибозлари учун яна бир филм — “Арахнид” ҳам катта экранларга чиқади.

“Ўргимчаклардан қўрқасизми? Кўпқаватли уйда яшовчи қўшнилар карантинга ёпилиб, минглаб заҳарли ўргимчаклар билан яккама-якка қолишган мажбур бўлади. Бунга бир одам чет эл сафаридан қайтиб, сумкасида ўзи билмаган ҳолда заҳарли ўргимчак олиб келгани сабаб бўлади. Ўргимчаклар кўпайиб, мажмуани эгаллай бошлайди. Ҳукумат эса ўргимчаклар бутун мамлакат бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида бинони карантинга тиқиб қўяди. Ҳеч нимани эслатмаяптими?”, — дейди Сарвар Каримов.

Индонезия ҳоррори мухлислари учун бу ой “Тумбал Проек” (ўзбекчада “Лойиҳа қурбони”, русчада “Пункт назначения: Мост №13”) номли филм намойиш этилмоқда. Табиийки, бу филмнинг “Якуний манзил” — “Пункт назначения” франшизасига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

“Шунчаки кўпроқ одам кинотеатрга келсин, деб картина номи шундай таржима қилинган. Сюжетга кўра, улкан кўприк қурилиши жараёнида жуда кўпчилик бахциз тасодиф туфайли ҳалок бўлади. Лекин бу чиндан ҳам бахциз тасодифми ёки ёзув инсу-жинсларнинг найрангими?”, — дейди Сарвар Каримов.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.