“Инсон ҳаёти арзимас нарса, токи бу шахсан сенинг бошингга тушмагунча” — Анна Политковская
ББС 20 йил олдин 7-октабр куни суиқасд қурбони бўлган таниқли рус журналисти, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Россия ҳукуматини очиқ танқид қилгани билан танилган Анна Политковскаянинг сўнгги интервюларидан бирини эълон қилди. Газета ушбу материал таржимасини тақдим этади.

“Инсон ҳаёти арзимас нарса, токи бу шахсан сенинг бошингга тушмагунча” — Анна Политковская
7-октабр куни ББС таниқли рус журналисти ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Анна Политковскаянинг сўнгги интервюларидан бирини эълон қилди. Чеченистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини суриштиргани ва Россия ҳукуматини очиқ танқид қилгани билан танилган Политковская 20 йил олдин айнан шу санада суиқасд қурбони бўлган. Интервю Политковская вафотидан кейин 2006-йил ноябрида ББС телеканалларида инглиз тилида берилган эди. Унинг рус тилидаги асл нусхаси эса яқинда эълон қилинди. Газета ББС интервюси матнини тақдим этади.
Анна Политковская журналистлик фаолиятини аввал “Известия” ва “Обая газета” нашрларида бошлаган. 1999-йилдан умрининг охиригача эса “Новая газета”да махсус мухбир ва шарҳловчи бўлиб ишлаган. Унинг асосий суриштирув мавзуси Иккинчи Чеченистон уруши эди. Журналист уруш ҳудудига бир неча бор бориб, тинч аҳолига нисбатан зўравонлик, қийноқлар, филтрация лагерлари ва бедарак йўқолган одамлар ҳақида ёзган. Қисқаси, у расмий манбалар яширган ҳақиқатни оммага очишга уринарди. Шу тариқа Политковская Россияда мустақил матбуот рамзига айланди.
Бу фаолият, албатта, жавобсиз қолмади: журналистни ҳибсга олишди, қатл этиш билан қўрқитишди, заҳарлашди. 2006-йил 7-октабрда Политковская Москвадаги уйининг лифтида отиб ўлдирилди. Қотилликни амалга оширганлар судланиб, жавобгарликка тортилди. Шунга қарамай, буюртмачи шахс расман ҳануз аниқланмаган.
2006-йилда, яъни Политковская ўлимидан сал олдин, бу интервю ёзиб олинган пайтда Владимир Путин ҳокимиятга келганига олти йил бўлган эди. Чеченистондаги урушнинг энг қизғин палласи ортда қолган бўлса-да, уруш ҳали давом этарди. 1999-йилдаги турар жойлар портлатилиши, Норд-Ост ва Бесландаги гаровга олишлар, йўловчи самолётлар ҳамда метродаги портлашлардан кейин Россияни терактлар ларзага солишда давом этаётган давр эди. Ўшанда Путиннинг иккинчи муддати тугашига ҳали икки йил бор эди ва Конституцияга кўра бу унинг охирги муддати бўлади, деган тасаввур мавжуд эди.
Ўша даврдаги Путин сиёсатини баҳолар экан, Политковская бу сиёсат мамлакатда эндигина шаклланаётган демократияни “ўлдираётгани”, унинг яратган муаммоларини эса кейинги авлодлар жуда катта куч сарфлабгина бартараф эта олишини айтган.
“Демократия туғилаётганди. Лекин у демократияни ўлдиряпти. Унинг Кремлдаги йиллари шунга олиб келадики, давлатимиз фуқароларининг кейинги авлоди бу муаммолардан халос бўлиш учун жуда катта ишларни амалга оширишига тўғри келади. Мана, у оиланинг отаси. У ўз фарзандларига нима қолдиряпти? Агар мана шу аҳволни қолдираётган бўлса, у ёмон ота. Агар у ўзидан кейин мустаҳкам ахлоқий асосларга эга, оиланинг моддий таъминоти учун яхши базани қолдирса, у яхши одам. Ҳозир ижобий деб ҳисоблаш мумкин бўлган ҳеч нарса йўқ”, — дейди Политковская.
У мамлакатда Путинга хайрихоҳ одамлар кўп бўлса-да, 2004-йилдаги сайловлар сохталаштирилмаганига шубҳа билан қарашини билдиради.
“Сталинча фикрлашнинг қолдиқлари кўп одамларда ҳали ҳам жуда кучли. Буюк державадек фикрлаш, империядек фикрлаш. Бу одамлар, албатта, Путинга овоз беришган. Лекин, ўйлашимча, сайловлар барибир сохталаштирилган”, — дея таъкидлайди журналист.
Иккинчи Чечен уруши 1999-йил августида бошланади. Унинг илк кунлариданоқ Политковская Шимолий Кавказга йўл олган. Кейинги йилларда ҳам у Чеченистондаги уруш ҳудудига бориб, азият чекаётган тинч аҳоли, ярадорлар, қочқинлар ва урушнинг республикадан ташқаридаги акс-садоси ҳақида ўнлаб мақолалар ёзди. Чеченлар уни очиқ ва холис мақолалари учун жуда ҳурмат қилишарди. Журналистнинг интервюда айтишича, Путин давлат бошига келганида Чеченистонда тинчлик бўлишини истамаган.
2004-йил 3-сентабр. Беслан шаҳридаги 1-сонли мактабга штурм.
“Елсин, ўзининг даҳшатли, баъзан жуда оғир хатоларига қарамай, қайсидир босқичда матбуотга қулоқ соларди ва уруш тинчлик битими билан ниҳоясига етди. Тўғри, кейин бу битимнинг ижроси бўйича муаммолар чиқди. Бунга қўшиламан. Лекин буларнинг ҳеч бирини Путиннинг қилмишларига қиёслаб бўлмайди. У иккинчи Чечен урушини бошлади ва бошиданоқ тинчлик бўлмаслигини эълон қилди. Ким қандай ҳаракат қилмасин, қандай даъволар келтирмасин, у фақат кучга таянди. Бошқа ҳеч нарсага эмас”, — дейди у.
Политковскаянинг фикрича, Чеченистондаги уруш бўйича Путиннинг қарорлари мантиғи ҳеч кимнинг олдида бўйин эгмаслик ва бу йўлда ҳеч қандай қурбонликни ҳисобга олмасликка асосланган. “Оддий аҳоли орасидаги қурбонлар умуман ҳисобга олинмади. Мана шу тамойиллар билан уни мутлақ қонуний уруш деб кўришади”.
1995-йил, Грозний.
ББСга кўра, Путин бошқарувининг илк ёрқин ҳодисаларидан бири НТВга уюштирилган рейд бўлган. Телеканалда Путиннинг Чечен урушидаги мавқейи ва Курск сувости кемаси чўкишига муносабати тез-тез танқид қилинар эди. Каналнинг дам олиш кунлари намойиш этиладиган қўғирчоқ театри дастурларида етакчи сиёсатчилар пародия қилинарди.
“НТВ хусусий телеканал эди. Унга олигарх Владимир Гусинский эгалик қилган. Путиннинг биринчи инаугурациясидан атиги тўрт кун ўтиб НТВ офисига ФСБ, прокуратура ва солиқчилар ёпирилди. Журналистларни сўроққа чақиришди. Журналистлар ва жамоатчилик протестларига қарамай, 2001-йилда НТВ давлатнинг „Газпром“ ширкати қўлига ўтди. Путин биринчи муддатининг охирига бориб, Россияда йирик хусусий телеканаллар қолмади”, — дея ҳикоя қилади ББС.
Политковскаянинг айтишича, Путин сиёсий дастурсиз ҳокимиятга келгач, уни фош қилиши мумкин бўлган очиқ ва мустақил матбуотни йўқ қилган.
“У ҳеч қандай дастурсиз президент бўлди. Ҳеч қандай ваъдаларсиз. Агар мустақил телевидение бўлганида Путинни янчиб ташлаган бўларди. Бу кундек равшан, — дейди Политковская. — У ҳеч қандай дебатларда қатнашмади, чунки бу унинг қўлидан келмайди. Дебат қиладиган дастури йўқ. Ундаги шовинистик ва империалистик мойилликларни демократик ва мустақил матбуот фош қилиб ташлади. Бу балки унинг ўзининг ғояларидир ёки энг яқин сиёсий маслаҳатчилариники. У ҳар қандай тўсқинликни йўқ қилишга киришди ва бунинг уддасидан чиқди. Танқидчилар йўқолди ва маддоҳлар кўпайди. У нима қилса, олқишланди. Телевидение эса Совет Иттифоқи давридагидек бўлиб қолди”.
Иккинчи Чечен уруши ўрталарига келиб, Политковская нафақат журналист, балки жамоатчилик арбоби ҳам бўлиб улгурган эди, дейди ББС. 2002-йил октабрида Дубровкадаги театр гаровга олинганида Политковская қўрқмасдан бинога кириб боради. Чеченлар айнан унинг музокарада қатнашишини талаб қилишади. У гаровдагиларга сув олиб киради ва театрни гаровга олганларнинг талабларини етказади. Улар Путиндан Чеченистондаги урушни тўхтатишга ваъда беришини сўрашганди.
“Ҳаммамиз бу бир бурилиш нуқтаси бўлади деб ўйлагандик. Бу тарзда давом этиши мумкин эмас. Бу каби воқеа қайтарилмаслиги учун давлат даражасида қарорлар қабул қилинади деб ўйлаганман. Лекин қаттиқ адашган эканман. Чунки одамлар бу ҳолатга тушишининг олдини олиш учун биронта давлат қарори чиқмади. Аксинча, уларнинг таъбири билар айтганда, террорчиликка қарши кураш бошланди ва у, айниқса, Ингушетия ва Чеченистон учун буткул Сталинча қоидаларни ишга солди — Сталинча қатағонларни”, — дея эслайди у.
Политковскаянинг фикрича, бундай сиёсат террорчиликни туғдиради. Яқинлари ўғирлаб кетилган ёки ўлдирилган чорасиз оилаларнинг ўз яқинларини топиш ёки уларнинг жаллодларига қарши адолат излаб мурожаат қиладиган жойи йўқ эди. Шундан кейин Чеченистонда аллақачон кичик терактлар ва худкуш ҳужумлар содир бўлиб келаётганди.
Норд-Ост воқеалари эса, унинг қайд этишича, ана шу ҳодисаларнинг мантиқий давоми бўлди. Норд-Ост воқеалари “ҳамманинг қарашларини ўзгартириши, мудраб ётганларнинг ҳам кўзини очиши” мумкин, ҳатто керак эди. Аммо бундай бўлмади. Политковскаянинг айтишича, Путинни халқ манфаатлари йўлида, жамоатчилик хавфсизлиги учун қарорлар қабул қилишга мажбурлаши мумкин бўлган халқ ғазаби юзага чиқмаган.
“Жамоатчилик хавфсизлиги нима? Бу терактларни бартараф қилишга қаратилган сиёсат. Бундай сиёсат бўлмади. Аксинча, қатъийлаштириш бошланди. Ингушетияда бу сиёсатдан қасд олишни истаганлар янада кўпайди”, — дея таъкидлайди журналист.
Политковскаянинг фикрича, Беслан воқеалари бевосита Норд-Остнинг давоми бўлган. Буни журналист давлатнинг энг юқори раҳбарияти терактнинг сабаблари, бу одамларнинг кимлиги ва нима сабабдан бундай терактни амалга оширганини тушунишга уринмагани, шунингдек, терроризмни бартараф қилишга қаратилган қонунлар қабул қилмагани билан изоҳлайди. Бесланда болаларнинг гаровга олиниши ҳам, унинг фикрича, шу билан боғлиқ.
“Биз террорчилар билан музокара қилмаймиз, ақл билан мулоқот қилмаймиз. Майли, одамлар ўла қолсин, дейишди. Путин ожиз эканини англамасликлари учун ҳеч ким билан музокара қилмади”, — дейди у.
У Норд-Ост ва Бесландаги воқеаларда вазиятдан чиқишга нима тўсқинлик қилгани ҳақида гапирар экан, Путиннинг собиқ КГБ офицери эканини эслатади.
“У ҳар бир инсон яшаш ҳуқуқига эга эканини, инсон қандайдир механизмдаги қум заррачаси эмаслигини тушунмайди. Бесланда, Норд-Остда ҳалок бўлган ҳар бир инсон ўз-ўзича қадрли, — дея тушунтиради Политковская. — Путин буни шунчаки тушунмайди. Унинг ўз мантиғи бор. Бу Совет даври КГБ офицерининг мантиғи… У халқни тушунмайди. У ҳақиқий Совет КГБ офицери. Бироз антисемит, бироз фашист ва унчалик ақлли эмас… У инсоннинг ҳуқуқлари борлигини тушунмайди”.
“Бундай қарашларга мамлакатимизда жуда кўп одамлар амал қилади, жуда кўпчилик. — дейди Политковская афсус билан. — Яъни инсон ҳаёти арзимас нарса, токи бу шахсан сенинг бошингга тушмагунча. Мен кундалик ишимда бунга доимо дуч келаман. Бу гапларни ҳалок бўлган аскарларнинг оналаридан, милицияда қийноққа солинган одамларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингилларидан доимо эшитаман. Улар деярли ҳар доим ҳа, биз ҳамма нарса тўғри бўляпти деб ўйлардик, то бу кулфат ўз бошимизга тушгунига қадар, дейишарди. Мана шу Сталинча психология ҳали ҳам яшаяпти”.
“Халқ унга яна тўрт йиллик муддат берганини қандай изоҳлайсиз?” деган саволга жавобан Политковская уни халқ эмас, амалдорлар сайлаганини айтади. Аслида эса, унинг фикрича, Путинга нисбатан халқ орасида кучли норозилик мавжуд.
“Мен уни халқ сайлаган деб ҳисобламайман. Уни амалдорлар сайлаган. У амалдорларни жуда усталик билан боқади ва коррупсия гуллаб-яшнаши учун шароит яратиб беради. Амалдорлар эса улкан бир табақа. Улар оилалари билан бирга миллионлаб кишини ташкил қилади. Менимча, Путиндан норозилик жуда кучли. Ҳар ҳолда мен ҳар куни ундан норози бўлган одамлар билан мулоқот қиламан”, — дея тушунтиради у.
Бундан ташқари, Политковская Путин давридаги барқарорлик унинг сиёсати билан бевосита боғлиқ эмаслигини таъкидлайди. У мамлакатдаги барқарорликни нефтнинг юқори нархи билан боғлайди ва нефт нархи пасайиши ҳақида ўйласа, хавотирга тушишини айтади.
“Барқарорлик нефт нархининг юқорилиги туфайли юзага келган. Бизда нефт бор. Нефт нархи юқори ва шунинг ҳисобига ҳамма нарса гуллаб-яшнаяпти… Нефт нархи тушиб кетадиган пайтни ўйлашнинг ўзи мен учун қўрқинчли. Чунки ўша заҳоти ҳамма нарса қулай бошлайди. Биз хомашёга қарам мамлакатмиз… Мен бизнес оламидаги одамлар билан мулоқот қиламан. Улар ҳамма нарсани мамлакатдан олиб чиқиб бўлишган. Ҳеч нарса қолмаган. Ҳамма ўз сармоясини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш орқали сақлаяпти. Илгари қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай давом этяпти”, — дейди журналист.
Политковскаянинг таъкидлашича, ҳар қандай давлат раҳбари ўз халқи ҳақида қайғуриши керак.
“Мени энг аввало ўз президентимиздан ҳафсалам пир бўлган. Ғарб ўз одамлари ҳақида қайғуради ва тўғри қилади. Ҳар қандай ҳукмдор шундай қилиши керак. Лекин мен бир нарсани тушунмайман. Нега бизнинг президентимиз ўз фуқароларига мутлақо бефарқ? У ўз фуқароларининг қадр-қимматини англамайди. Мана шу унинг энг катта хатоси. У ўзи хизмат қилган тизимнинг офицери, тушуняпсизми, у ерда шахс деган тушунча йўқ. У мутлақо бошқа қарашнинг ташувчиси. Шахс йўқми, демак унинг манфаатлари ҳам мавжуд эмас. Менимча, у КГБда ишлаган даврида орттирган ана шу тажрибасидан ҳали ҳам халос бўла олмаган”.
Йигирма йил аввал ёзиб олинган бу интервю якунида журналист Политковскаядан Путин тарихда қандай из қолдириши сўралган эди. Политковская Путин ҳокимиятининг оқибатлари ҳақидаги ўйлар унда чорасизлик ҳиссини уйғотишини айтган.
“Ҳозир мамлакатни ўзгартириш учун жуда оз вақт қолди. Шунинг учун у ўзидан ОАВ тор-мор қилинган, кучли фашистик кайфият мавжуд бўлган, сармоялар мамлакат ташқарисига олиб чиқиб кетилган, хомашёга асосланган иқтисодиёти сунъий равишда шиширилган ва саноат ишлаб чиқариши ҳали ҳам вайрон аҳволда бўлган неосовет мамлакатни қолдиради. Яна камида йигирма йил давомида теракт содир этишни истайдиган одамлар мавжуд бўлади. Шунинг учун, масалан, мен Путиннинг Россиядаги ҳукмронлиги оқибатлари ҳақида ўйлаганимда мени қамраб оладиган чорасизлик ҳисси, асосий ҳал қилувчи ҳис — мана шу, — дейди Политковская. — Гап унинг яхши ёки ёмон одам эканида эмас. Мамлакатни мана шундай аҳволга келтириш учун жуда кўп қадамлар ташлаган инсон тарихда ижобий натижа билан қолиши мумкин эмас. Шунчаки мумкин эмас”.

