Иқтисодиёт

Инфографика: Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон билан ҳамкорлиги

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлиги сезиларли даражада кенгайди ва мустаҳкамланди, бу нафақат Ўзбекистон, балки минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам барқарор иқтисодий ўсишга хизмат қилди.

Инфографика: Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон билан ҳамкорлиги

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7-9 октябрь кунлари ушбу мамлакатга амалий ташриф буюради.

«Аваза» миллий туристик зонасида Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида, шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг навбатдаги саммитида иштирок этади.

Сўнгги 9 йил ичида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг асосий кўрсаткичлари сезиларли даражада ошди: Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2017-2025 йилларда 3,1 бараварга ўсиб, 8,3 миллиард долларга етди, экспорт 2,1 бараварга кўпайиб, 3,1 миллиард долларни ташкил этди, импорт эса 4,2 бараварга ошиб, 5,1 миллиард долларгача етди.

Марказий Осиё мамлакатлари инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони 7 баравардан зиёд кўпайиб, 2,3 минг бирликдан ошди; Марказий Осиё мамлакатларидан Ўзбекистонга жалб қилинаётган йиллик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 600 баравардан зиёд ошиб, 2025 йилда 1,3 миллиард долларни ташкил этди, ваҳоланки 2017 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 2,1 миллион доллар эди.

Ўзаро савдо таркибида 2025 йилда Қозоғистон энг йирик шерик бўлиб қолмоқда — товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларни ёки Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан савдосининг 60,2 фоизини ташкил этди. Туркманистон билан товар айирбошлаш 1,2 миллиард долларга (14,5%), Қирғизистон билан ҳам 1,2 миллиард долларга (14,5%) етди. Тожикистон билан савдо ҳажми 912,3 миллион долларни ёки 11 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти 2025 йилда 3,2 миллиард долларга етди. Минтақа мамлакатларининг Ўзбекистон умумий экспортидаги улуши 9,8 фоизни ташкил этди. Марказий Осиё давлатларидан импорт 5,1 миллиард доллар даражасида шаклланди, уларнинг мамлакат умумий импортидаги улуши эса 11,1 фоизга етди.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳали 1996-1997 йилларда имзоланган эркин савдо тўғрисидаги икки томонлама битимлар асосида «эркин савдо» режимида олиб борилмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) ҳисоб-китобларига кўра, учинчи мамлакатлардан импорт қилинадиган маҳсулотларни бир-бирига экспорт етказиб бериш билан алмаштириш ҳисобига минтақадаги ички савдо ҳажмини 11,4 миллиард долларга ошириш мумкин.

Кўриниб турибдики, ички савдонинг ўсиш салоҳияти жуда юқори ва уни амалга ошириш учун ўзаро савдодаги тариф (истиснолар) ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш зарур. Бундан ташқари, минтақа мамлакатларининг экспортчилари ва импортчилари Марказий Осиё мамлакатлари умумий бозори доирасида товарларга бўлган талаб ва таклиф тўғрисида доимий равишда маълумот олиб туришлари учун шароит яратиш лозим.

Параллел равишда инвестициявий ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Марказий Осиё мамлакатларидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг умумий ҳажми 2017–2025 йилларда 2,5 миллиард долларни ташкил этди. Фақатгина 2025 йилнинг ўзида минтақадан жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар ҳажми 1,3 миллиард долларга етди.

2026 йил июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари капитали иштирокидаги 2 384 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Энг кўп корхона Қозоғистон капитали иштирокида ташкил этилган — 1 283 та. Тожикистон капитали иштирокидаги корхоналар сони 442 тани, Қирғизистон билан — 362 тани, Туркманистон билан — 297 тани ташкил этди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги бир неча йил ичида сезиларли даражада фаоллашди ва давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражаси — стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига чиқди.

Икки мамлакат президентлари раислигида «Олий давлатлараро кенгаш» ташкил этилди, у Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг самарали механизмига айланди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро савдо эркин савдо режимида амалга оширилмоқда.

2017-2025 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан товар айирбошлаш ҳажми 9,5 бараварга — 32,5 миллион доллардан 307,3 миллион долларгача ўсди, экспорт 8,2 бараварга — 27,6 миллион доллардан 227,3 миллион долларгача, импорт эса 16,3 бараварга — 4,9 миллион доллардан 80 миллион долларгача ошди.

2025 йилда Ўзбекистоннинг Озарбайжонга/Озарбайжондан экспорт ва импорт таркиби қуйидагича кўринишга эга бўлди:

– экспорт, жами 227,3 миллион доллар, шу жумладан: саноат товарлари — 63,4 миллион доллар (экспортнинг 28 фоизи), машиналар ва транспорт ускуналари — 49,3 миллион доллар (22%), озиқ-овқат маҳсулотлари — 36,3 миллион доллар (16%), ичимликлар ва тамаки — 34,3 миллион доллар (15%), тайёр буюмлар — 11 миллион доллар (5%), кимёвий маҳсулотлар — 5,1 миллион доллар (2,2%), шунингдек, хизматлар — 22,5 миллион доллар (10%);

– импорт, жами 80 миллион доллар, шу жумладан: озиқ-овқат маҳсулотлари — 43,2 миллион доллар (импортнинг 54 фоизи), саноат товарлари — 17,4 миллион доллар (22%), машиналар ва транспорт ускуналари — 5,8 миллион доллар (7,3%), кимёвий маҳсулотлар — 5,4 миллион доллар (6,8%), ноозиқ-овқат хомашёси — 1,3 миллион доллар (1,6%), минерал ёқилғи ва мойлаш мойлари — 1,2 миллион доллар (1,5%), шунингдек, хизматлар — 4,3 миллион доллар (5,4%).

Инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2023 йилда устав капитали 500 миллион доллар бўлган Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция компанияси ташкил этилди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 460 та корхона фаолият кўрсатмоқда; 2017 йилга (71 бирлик) нисбатан уларнинг сони 6,5 бараварга ошди.

2025 йилда Озарбайжоннинг Ўзбекистонга киритган инвестициялари ҳажми 173,7 миллион долларни ташкил этди (2017 йилда — 0,1 миллион доллар).

Озарбайжондан Ўзбекистонга жалб қилинган жамғарилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 318,6 миллион долларни ташкил этди.

Озарбайжон капитали иштирокидаги корхоналар фаолиятининг асосий соҳалари: қурилиш, қайта ишлаш саноати ва қишлоқ хўжалиги.

Ўзбекистон капитали ҳам Озарбайжон бозорида ўз иштирокини кенгайтирмоқда, хусусан, автомобиллар ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилган.

Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (Ўрта коридор) бўйлаб Европага товарларни етказиб беришда Озарбайжоннинг транспорт логистикасидан самарали фойдаланиш учун қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.