Имтиёзли тоифадаги фуқароларга бепул даволаниш учун йўлланма қандай берилади?
Стационар даволаниш зарур бўлса, бемор ДМЕД тизими орқали электрон йўлланма асосида туман ёки шаҳар кўп

**Имтиёзли тоифадаги фуқароларга бепул даволаниш учун йўлланма қандай берилади?**
Имтиёзли тоифага мансуб фуқаролар давлат буджети ҳисобидан тиббий ёрдам олиш учун бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилиши керак. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Амалдаги тартибга биноан, оилавий шифокор беморни кўрикдан ўтказиб, унинг амбулатор ёки стационар даволанишга эҳтиёжи бор-йўқлигини аниқлайди. Агар стационар даволаниш зарур деб топилса, бемор ДМЕД тизими орқали электрон йўлланма асосида туман ёки шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги тор соҳа мутахассисига юборилади.
Мутахассис заруратга қараб қўшимча лаборатория ва инструментал текширувларни белгилайди. Беморни шифохонада даволаш кераклиги аниқланса, текширув натижалари ва тегишли хулоса ДМЕД тизимига киритилади. Беморнинг имтиёзли тоифага мансублиги эса ахборот тизимларининг интеграцияси орқали аниқланади.
Кейин беморнинг ҳужжатлари ҳудудий тиббий танлов комиссиясига йўналтирилади. Комиссия зарур даволаш турини ҳамда беморни туман-шаҳар, вилоят ёки республика даражасидаги қайси тиббий муассасада даволаш мақсадга мувофиқлигини белгилайди.
Агар республика даражасида даволаниш керак деб топилса, беморнинг ўзи эмас, балки унинг ҳужжатлари ДМЕД тизими орқали республика комиссиясига юборилади. Комиссия даволанишни тасдиқлаши ёки беморни ҳудуд даражасида даволаш мумкинлиги ҳақида хулоса бериши мумкин.
Республика даражасида даволаниш тасдиқлангач, бемор тиббий муассасани танлаш ҳуқуқига эга бўлади. Танлов беморнинг ўзи ёки унинг хоҳишига кўра оилавий шифокор томонидан ДМЕД тизими орқали амалга оширилади.
Тизимда беморнинг ташхиси ва зарур тиббий амалиёт бўйича хизмат кўрсатишга рухсат этилган давлат ҳамда нодавлат тиббий муассасалар рўйхати шакллантирилади. Бемор шу рўйхатдан ўзига маъқул муассасани 30 кун ичида танлаб, йўлланмани тасдиқлаши лозим.
Шундан сўнг бемор тегишли йўналиш бўйича электрон навбатга қўйилади. Навбат келганда йўлланма автоматик тарзда тасдиқланади ва тиббий муассаса беморни хабардор қилади.
Йўлланма тасдиқланган кундан бошлаб бемор 10 кун ичида тиббий муассасага мурожаат қилиши керак. Акс ҳолда йўлланма ўз кучини йўқотади ва бемор қайтадан навбатга туришга мажбур бўлади.
Даволаш ва ташхислаш белгиланган стандартлар, клиник протоколлар ҳамда тиббий кўрсатмалар асосида олиб борилади. Муолажа учун зарур дори воситалари, қимматбаҳо тиббий буюмлар ва бошқа тегишли харажатлар давлат буджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Шу сабабли мазкур даволаниш доирасида бемордан қўшимча тўлов олинмайди.

